1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.03.00.00 Республика давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органлари / 02.03.04.00 Агентликлар, инспекциялар ва бошқа идоралар;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.04.00.00 Бюджет тизимининг умумий қоидалари]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат ҳокимияти органлари. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;
2.Молия / Бюджет. Бюджетдан ташқари жамғармалар]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси ҳисоб палатаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 сентябрдаги ПФ-5831-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан 2020 йил 1 январдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш, Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан оқилона фойдаланишни молиявий назорат қилишнинг ғоят муҳим воситаси сифатида унинг фаолияти таъсирчанлиги ва самарадорлигини ошириш, мазкур соҳада қабул қилинган қарорларнинг ижро этилишида давлат ва хўжалик тузилмаларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида:
1. Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслар томонидан қилинган қоидабузарликларини ҳуқуқий баҳолаш ва давлатнинг иқтисодий манфаатларига етказилган зарари суммасини қоплаш бўйича текширув материалларини прокуратура органларига топшириш тартиби ишлаб чиқилганлиги ва тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидаги тартиб белгилансин ва унга мувофиқ:
мамлакат солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги йил учун Давлат бюджети лойиҳаси Ҳисоб палатасининг тегишли хулосаси билан Вазирлар Маҳкамасига ва Олий Мажлисга киритилади;
Давлат бюджетининг ижроси бўйича ҳар йилги ҳисобот Ҳисоб палатаси томонидан ташқи аудит ва баҳолаш ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий-иқтисодий сиёсат масалалари ҳамда ташкилий-назорат масалалари бўйича Давлат маслаҳатчилари билан келишилган ҳолда ярим йиллик ва йиллик назорат ишлари Дастурини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
Ҳисоб палатаси ҳузуридаги Ҳайъат назорат тадбирлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, шунингдек Ҳисоб палатаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси Ҳисоб палатасига Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг даромад ва харажат моддалари мақсадли ижро этилишини бирламчи маълумотларга кўра назорат қилиш имконини берувчи ахборот тизимлари ва ресурсларига киришга шароит яратсин.
5. Ўзбекистон Республикаси алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Ҳисоб палатаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Ҳисоб палатасида иқтисодиёт идораларининг ахборот тизимларига кириш имконини берадиган маълумотларни узатиш электрон тармоғини ишлаб чиқиш ва жорий этишни таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда мансабдор шахсларнинг Ҳисоб палатаси кўрсатмаларини бажармаганлиги учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида таклифлар тайёрласин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда Ҳисоб палатаси аниқлаган давлатнинг иқтисодий манфаатларига етказилган зарар суммасини Давлат бюджети даромади ҳисобига йўллаш механизмини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2006 йил 11 декабрдаги 101, 2006-52, 11-133-сонли «Ўзбекистон Республикаси ҳисоб палатаси томонидан аниқланган давлатнинг иқтисодий манфаатларига етказилган зарар суммаларини давлат бюджети даромадига йўналтириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 1651, 29.12.2006 й.).
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ўн кун муддатда ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни инобатга олган ҳолда Ҳисоб палатасини кадрлар билан мустаҳкамлаш бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
идоравий норматив ҳужжатларнинг мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари В.А. Голишев ва Р.С. Шамшиев зиммаларига юклансин.