1.21.00.00.00 Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича комплекс тусдаги ҳужжатлар / 21.04.00.00 Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Қонунчилик ташаббуси. Норма ижодкорлиги фаолияти]
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВА МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРИЛИШ ВА УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИНИНГ
ҚАРОРИ
«Коммунал хизматларга тарифларни шакллантириш ва рентабелликнинг чекланган даражасини жорий этиш бўйича низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 8 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2198-2]
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва «Ўзкоммунхизмат» агентлигининг 2011 йил 19 январдаги 1, 2, 01-88-сон «Коммунал хизматларга тарифларни шакллантириш ва рентабелликнинг чекланган даражасини жорий этиш бўйича низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 2198, 2011 йил 19 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 7-8-сон, 76-модда) иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Иқтисодиёт ва молия вазири Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 11 март
343-сон
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ХИДОЯТОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 1 март
3-сон
Келишилди:
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳ. ТУРАХУЖАЕВ
2026 йил 23 февраль
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 11 мартдаги 343-сон ва 1 мартдаги 3-сон қарорига ИЛОВА
«Коммунал хизматларга тарифларни шакллантириш ва рентабелликнинг чекланган даражасини жорий этиш бўйича низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорга киритилаётган ўзгартиришлар
«1. Коммунал хизматларнинг тарифларини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги 722-сон «Нархлари давлат томонидан тартибга солиниши лозим бўлган товарлар нархларининг (тарифларининг) шаклланиши ҳамда қўлланилишини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.
2. Ташкилотлар кўрсатилаётган коммунал хизматлар тарифларини тасдиқлатиш учун нархларни тартибга солувчи органга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги 722-сон қарори билан тасдиқланган Товарларга (ишлар, хизматларга) тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланишини давлат томонидан назорат қилиш, шунингдек, товар ва молия бозорида сотиладиган товарларнинг (ишлар, хизматларнинг) монопол юқори ва монопол паст нархларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 32-бандида кўрсатилган ҳужжатларни илова қилиб ариза билан мурожаат қилади, бундан асосий фаолият тури коммунал хизматлар кўрсатиш бўлмаган ташкилотлар мустасно.
Асосий фаолият тури коммунал хизматлар кўрсатиш бўлмаган ташкилотлар мазкур хизматларга нархларни (тарифларни) рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Низом талабларига мувофиқ мустақил белгилайди.»;
«4. Ташкилотлар кўрсатаётган коммунал хизматлар тарифи ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган, давр харажатлари, молиявий фаолият бўйича харажатлар, солиқ ва йиғимлар бўйича харажатлардан, шунингдек соф фойда суммасидан шаклланади.
Бунда, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 317-моддасида назарда тутилган харажатлар коммунал хизматига тасдиқланадиган тарифни шакллантиришда харажатлар ҳисобига олинмайди.
Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматлари учун тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 июндаги 494-сон қарори билан тасдиқланган Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизими объектларида технологик аудит ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган муддатларда технологик аудитдан ўтказилмаган иншоотларнинг фойдаланиш ва сақлаш харажатлари ҳисобга олинмайди.
5. Аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар уй-жой мулкдорларининг ширкатлари, кўп квартирали уйни бошқарувчи ташкилотлар ва бошқарувчилар томонидан аҳоли учун белгиланган тарифларда харид қилинади.»;
6) 6, 9, 17 ва 24-бандлар ўз кучини йўқотган деб топилсин;
«1-§. Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматлари»;
9) 10-банднинг биринчи хатбошисидаги «калькуляциялашда» ва «цикли» деган сўзлар тегишли равишда «ҳисоб-китоб қилишда» ва «жараёни» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
«11. Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматлари бўйича тарифларнинг ҳисоб-китоблари мазкур хизматлар бўйича алоҳида амалга оширилади.»;
«12. Харажатларни режавий ҳисоб-китоб қилишда йўқотишлар қонунчилик билан белгиланган меъёрлар чегарасида назарда тутилади.»;
учинчи хатбошидаги «водопроводи» деган сўз «суви» деган сўз билан алмаштирилсин;
12) 13-банддаги «Канализация ташкилотларида» деган сўзлар «Оқова сувларни чиқариб юборишда» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
13) 14 ва 15-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматлари ҳисоб-китоби алоҳида тузилади, бунда билвосита моддий харажатлар, ишлаб чиқариш хусусиятига эга устама харажатлар, билвосита меҳнат харажатлари, давр харажатлари ва молиявий фаолият бўйича харажатлар ушбу хизматлар турлари бўйича ишлаб чиқариш ходимларининг асосий иш ҳақига мутаносиб тақсимланади.
15. Ўртача иқтисодий асосланган тарифнинг миқдорини ҳисоблаш учун хизматларнинг барча истеъмолчиларини ҳисобга олган ҳолда берилган сув (ажратилган оқим суюқлик) ҳажмлари бўйича ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш ташкилотининг даромадларини аниқлаш зарур. Мазкур хизматларни яқин давр (йил)да ривожлантириш истиқболини ҳисобга олган ҳолда аниқ ҳисобот даври (йил) учун хизматларнинг ишлаб чиқариш таннархи ва ташқи омиллар (энергия ресурслари, материаллар нархлари, ташиш тарифлари, тариф ставкалари ва лавозим маошларининг ўзгариши)нинг тахминий таъсири ҳамда зарурий фойда суммасидан ўртача иқтисодий асосланган тариф ҳосил бўлади. Ўртача иқтисодий асосланган тариф миқдори қуйидаги формула бўйича аниқланади:
Тўр. тариф = S + Фз(сўм)
Бу ерда:
Тўр. тариф — 1 куб. м сув (1 куб. м оқинди)га ўртача иқтисодий асосланган тариф;
S — 1 куб. м сув (1 куб. м оқинди)нинг ишлаб чиқариш таннархи;
Фз — ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш ташкилотларининг рентабелли ишини таъминловчи 1 куб. м сув (1 куб. м оқова сув) ҳисоб-китобига зарурий фойда (давр харажатлари, молиявий фаолият бўйича харажатлар, фойдадан солиқ ва йиғимлар бўйича харажатлар ҳамда соф фойда суммаси).»;
«18. Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматларига ҳақ тўлаш суммаси уй-жой фондининг ободонлаштирилганлиги даражасига қараб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сон қарори билан тасдиқланган Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларининг 87-бандида белгиланган сув (оқова) истеъмоли меъёрлари ҳамда аҳоли учун тарифлардан келиб чиққан ҳолда бир ойда 1 кишига ҳисоблаб чиқарилади, ҳисоблагич асбоб-ускуналари бўлганда эса, тўлов уларнинг кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.»;
«19. Иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш харажатлари таркибига иссиқлик энергиясини ишлаб чиқиш ҳамда иссиқлик тармоқларига хизмат кўрсатиш бўйича харажатлар, истеъмолчиларнинг уланиш жойлари, ҳарорат, босимни ва сув сарфини мувофиқлаштирувчи автомат қурилмалар ишлашини назорат қилиш харажатлари киради.»;
17) 21-банднинг иккинчи хатбошисидаги «129-моддасига» деган сўзлар «297-моддасига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
«иссиқлик таъминоти ташкилотлари хизматларининг таннархи иссиқлик тармоқларини кузатиш, назорат қилиш, хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлаш бўйича режалаштирилаётган ташкилий ва техник тадбирларига мувофиқ, қозонхона ускуналари ва иссиқлик тармоқларини техник кўрик хизмати ва таъмирлашни ҳисобга олган ҳолда аниқланади;
Иссиқ сувнинг таркибидаги иссиқлик қуйидаги формула бўйича аниқланади:
i = 0,001 (67,8° — 10,8°) = 0,057 (Гкал/куб. м).
1 куб.м иссиқ сув учун тариф:
Тгв = 156 643 х 0,057 = 8 928,6 сўм/куб. м.
*Марказий иситиш ва иссиқ сув таъминотидаги иссиқликнинг таққослама истеъмоли ҳар бир ҳудуд (алоҳида аҳоли пункти) учун Иссиқлик энергиясини ишлаб чиқиш, узатиш учун ёқилғи, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва сув сарфларининг меъёрларини ҳамда иссиқлик юкламаларини, шунингдек технологик йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 1687, 2007 йил 7 июнь) асосида ишлаб чиқилади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.04.2026 й., 10/26/2198-2/0330-сон)