National database of legislation of the Republic of Uzbekistan
ONLINE TRANSLATE
Қариндошлик

57-модда. Қариндошлик

Бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади.

Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан – иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан – учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.

Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг акаука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо.

Тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир.

Икки шахс ўртасида қариндошликнинг узоқ-яқинлигини аниқлашда, даражаларнинг сони ёки шу шахслардан бирининг ўзини ҳисобга қўшмай туриб, ундан келиб чиққан авлодлар сони ҳисобга олинади.

Ҳисоб аждодлар томон тўғри шажара бўйича улар учун умумий бўлган шахсга (аждодга) қараб ва ундан эса, авлодлар томон – улардан бошқасига қараб олиб борилади.

Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг – учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса – тўртинчи даражасида турадилар.

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ

  1. Ушбу шарҳланаётган нормада оилавий-ҳуқуқий муносабатларда кишилар ўртасида қариндошликни белгилаш мезонлари ўз ифодасини топган.
  2. Қариндошлик ришталари ва муносабатлари кишилик жамиятида қадимдан муҳим аҳамиятга эга бўлган. Қариндошлик ҳам ахлоқиймаънавий, ҳам юридик категория сифатида амал қилади, ўтмишда инсон табиат стихиялари олдида ожиз бўлгн шароитларда кишилар қон-қариндошлик асосида биргалашиб ҳаёт кечирганлар, бир-бирлари тўғрисида ғамхўрлик қилганлар. Ўзбек адабий тилида қон-қариндош уруғчилик иборалари ҳам кенг қўлланилади ва улар қариндошлик сўзи билан бир маънодаги тушунчалар сифатида қаралиши мумкин. Қариндошлик қадимда одат ҳуқуқи ва дин ҳуқуқи нормаларига асосан бир неча ҳолатлар бўйича юридик факт ҳисобланган.

а) мерос ва ворислик масалалари бўйича;

б) никоҳ тузишда  ҳисобга олиниши лозим бўлган чекловлар тизими

сифатида;

в) кишиларни бир-бирига нисбатан ғамхўрлиги ва ўзаро ҳуқуқ ва

мажбуриятларини белгиловчи мажбурият сифатида;

  1. Қариндошлик юридик категория сифатида Фуқаролик кодексининг 68-бобида, Солиқ кодексининг 22-моддасида, Уй-жой кодексининг 32, 57-моддаларида, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси, «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида белгилаб қўйилган. Ушбу қонун ҳужжатларида қариндошликни уларни тартибга солиш предмети нуқтаи назаридан юридик мазмуни белгиланган. Бироқ қариндошликнинг юридик категория сифатидаги негизи Оила кодексининг ушбу шарҳланаётган моддасида белгилаб қўйилган.
  2. Ушбу шарҳланаётган моддада қариндошлик биологик асос бўйича белгиланади. Бунда авлодлар ва аждодлар ўртасидаги боғланиш, шажара (гениология) бўйича ўрнатилади. Айрим тарихий-адабий, тиббий мавзулардаги  асарларда кишилар ўртасидаги қариндошликни яққолроқ тасаввур қилиш учун шажара дарахти тузилганлиги ифодаланади. Бу дарахтнинг ягона ўқ илдизи тўғри чизиқ бўйича белгиланиб, унинг шохлари ёндош қариндошлик схемалари асосида белгиланади. Бир умумий учинчи шахсдан (отадан ёки онадан ёхуд ота-онадан) келиб чиққан шахслар бир-бирига нисбатан қариндош ҳисобланади. Одатда, улар аждод ёки аждодлар деб аталади.

Икки шахс ўртасидаги тўғри чизиқли шажара  бўйича қариндошликнинг яқинлиги, қариндошлик даражаси, яъни улар ўртасида қанча авлодлар ёки аждодлар бўғини борлиги билан белгиланади. Бўғинлар сони қанчалик кам бўлса, шунчалик қариндошлик даражаси яқин ҳисобланади.

  1. Бола билан ота-она ўртасида оралиқ бўғин мавжуд эмас, шу сабабли ҳам қонунчиликда болаларни ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи даражали қариндош деб белгиланади. Невара билан бобо ва буви ўртасида эса оралиқ бўғин, яъни неваранинг ота-онаси мавжуд.  Бинобарин невара бобо-бувисига нисбатан иккинчи даражали, эвара билан катта бобоси ва бувиси ўртасида  икки аждодлар бўғини, яъни эваранинг ота-онаси ҳамда эваранинг бобо-бувиси мавжуд. Демак, эвара катта бобоси ва бувисига нисбатан учинчи даражали қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.
  2. Тўғри чизиқли шажарадан фарқли равишда ён шажара ҳам мавжуд. Қонунга кўра ака-ука, опа-сингил ва уларнинг болалари, отаонанинг ака-ука, опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларининг ака-ука, опа-сингиллари ва уларнинг болалари  ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланадилар.

Умумий қоида бўйича тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир. Масалан, ота-она ва фарзанд ака-ука, тоға-холага нисбатан яқин қариндош ҳисобланади ва бу ҳолат қариндошлар ўртасидаги мерос муносабатларида ва алимент муносабатлари бўйича қонунларда ҳисобга олинган. Баъзи ҳолатларда тўғри шажара бўйича қариндошлар ва ён шажара бўйича қариндошлар тўғри бўғинлар ва ён бўғинлар даражаси бир хил бўлганда мерос муносабатларда тенг ҳуқуқларга эга бўладилар (Фуқаролик кодексининг 1136-моддаси).