234-модда. Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг оилавий муносабатлардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар унинг ҳудудида оилавий муносабатларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва тенг мажбуриятларга эга бўладилар.
ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ
Ўзбекистон Республикаси суверен давлат сифатида халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти деб эътироф этилиши, барча жабҳалардаги халқаро муносабатларнинг эркинлаштирилиши натижасида бутун жаҳонда кузатилаётган турли мақсадларни кўзлаган (тадбиркорлик фаолияти, меҳнат фаолияти, таълим олиш ва бошқа шу кабилар) аҳоли миграциясининг кучайишига олиб келди. Ўзга мамлакатга келган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар шу мамлакатда турли ҳуқуқий муносабатларга киришишлари табиийдир. Натижада халқаро характерга эга бўлган хусусий муносабатлар, хусусан, чет эл элементи билан мураккаблашган оилавий-ҳуқуқий муносабатлар вужудга келади. Мазкур муносабатларда чет эл элементи иштирок этганлиги боис, уларни ҳуқуқий тартибга солиш халқаро хусусий ҳуқуқ нормалари воситасида амалга оширилади. Оила-ҳуқуқий муносабатлари, хусусан, никоҳ тузиш, уни тугатиш шартлари ва тартиби ҳар бир халқнинг урфодатлари, диний қарашлари каби омиллар таъсири остида шаклланиши туфайли дунё давлатларининг моддий қонунчиликлари ҳам бир-биридан жиддий фарқланади. Айнан шу ҳолат мазкур муносабатларни тартибга солишда коллизион-ҳуқуқий тартибга солиш усулидан фойдаланишни тақозо этади. Мазкур бўлим хорижий характерга эга бўлган оила-никоҳ муносабатларини ҳуқуқий тартибга солувчи коллизион нормалардан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси оила ҳуқуқи фуқароларнинг жинси, тили, миллати, диний эътиқоди ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ҳуқуқлилик тамойилига асосланади. Ушбу асосий тамойиллар Оила кодекси нормалари ва никоҳ-оила муносабатларини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларида ўз аксини топган. Жумладан, бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида ҳам белгиланган. Унга кўра, «Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар».
Демак, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар. Чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий қонунида белгиланган ирқий, диний чекловлар ёки эркак ва аёлнинг тенгсизлиги ёхуд бошқа чекловлар Ўзбекистон Республикасида ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.
Чет эл элементи билан мураккаблашган никоҳларни қайд этиш масалалари Оила кодексининг VIII бўлимида белгиланган қоидалар асосида тартибга солинади, аммо ушбу Кодекснинг 9-моддасига биноан, агарда Ўзбекистон Республикаси кўп томонлама халқаро шартномада иштирок этса ёки икки томонлама шартнома тузган бўлса, шартнома қоидалари устувор аҳамият касб этади. Демак, агарда чет эл фуқароси иштирокидаги никоҳни қайд этишда ушбу фуқаро мансуб бўлган мамлакат билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида шартнома тузилган бўлса ёки кўп томонлама шартномага аъзо мамлакат фуқароси билан никоҳ қайд этилганда шартномада назарда тутилган қоидалар қўлланилади.
Мазкур модда қатъий моддий-ҳуқуқий характерга эга бўлиб, чет эл фуқаролари иштирокида вужудга келадиган никоҳ муносабатларидан келиб чиқадиган коллизион саволга жавоб бермайди, балки чет эл фуқароларига миллий режим бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланишини билдиради. Миллий режим чет эл фуқароларининг никоҳ муносабатларига киришишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканлигини, уларга ҳеч қандай имтиёз берилмаслиги, чекловлар ҳам йўқлигини билдиради. Демак, амалдаги Оила кодексида чет эл элементи билан мураккаблашган никоҳларни тузишга доир муносабатларни тартибга солувчи алоҳида коллизион норма мавжуд эмас.
Шарҳланаётган Кодексда чет эл элементи билан мураккаблашган никоҳ тузиш шартлари, тартиби ва шаклини белгилашга доир алоҳида норма бўлмаганлиги сабабли, мазкур модданинг мазмунидан бир томонлама коллизион норма, яъни ҳудудий характерга эга бўлган коллизион нормани келтириб чиқариш мумкин.
Демак, Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокидаги никоҳлар ҳудудий характерга эга бўлган коллизион норманинг таъсири натижасида Ўзбекистон Республикаси оила қонунчилигининг моддий-ҳуқуқий нормалари асосида тартибга солинади. Бу тарздаги тартибга солишда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсий қонунида белгиланган қоидалар инобатга олинмайди. Никоҳ тузишнинг моддий ҳуқуқий шартлари ҳам, формал шартлари ҳам Ўзбекистон Республикасида белгиланган қоидалар асосида амалга оширилади. Қонунчиликда бунда тўғридан-тўғри бўлмасада, балки билвосита шахсий қонунни эмас, балки никоҳ тузиш жойи қонуни қўлланилиши лозимлигини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси оила қонунчилигида никоҳ тузиш шартлари борасида минимал талаблар ўрнатилган бўлиб, умумэътироф этилган стандартларга жавоб беради. Масалан, никоҳ-оила муносабатларини тартибга солишда барча мамлакатлар амал қилиши керак бўлган тамойиллар Оила кодексида ўз аксини топган. Ушбу тамойиллар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактда акс эттирилган.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 16-моддасига кўра:
- Балоғат ёшига етган эркаклар ва аёллар ирқи, миллати ёки диний белгилари бўйича ҳеч қандай чеклашларсиз никоҳдан ўтишга ва оила қуришга ҳақли. Улар никоҳдан ўтишда, никоҳда турган вақтларида ва уни бекор қилиш вақтида бир хил ҳуқуқлардан фойдаланадилар.
- Никоҳ ҳар икки томоннинг эркин ва тўлиқ розилиги асосидагина тузилиши мумкин.
- Оила жамиятнинг табиий ва асосий ҳужайраси саналади ва жамият ҳамда давлат томонидан ҳимоя қилинишга ҳақли.
Ушбу умумэътироф этилган тамойиллардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси оила қонунчилигида никоҳ тузишнинг моддий ҳуқуқий шартлари сифатида қуйидагилар белгиланган:
- тарафларнинг ўзаро розилиги;
- қонунда белгиланган никоҳ ёшига етган бўлиши;
- никоҳ тузишга монелик қилувчи ҳолатларнинг бўлмаслиги.
Ўзбекистон Республикаси оила қонунчилигида қуйидаги ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қилувчи ҳолатлар ҳисобланади:
- томонлардан бирининг бошқа қонуний никоҳда бўлиши;
- яқин қон-қариндошлик алоқалари;
- томонлардан бирининг руҳияти бузилиши сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эл фуқаролари билан никоҳ тузилганлигини қайд этишда аризага чет эл фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг нусхаси ва унинг таржимаси ҳамда чет эл фуқаросининг оилавий аҳволини тасдиқловчи ҳужжатлар белгиланган тартибда легализация қилинган ёки апостиль қўйилган ҳолда илова қилинади.
МДҲ давлатлари ўртасида тузилган фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги кўп томонлама шартнома – бу 1993 йилда Минскда имзоланган Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида конвенция бўлиб, ушбу Конвенциянинг II бўлими III қисми оила масалаларига бағишланган. Хусусан, ушбу Конвенциянинг 26-моддасида иштирокчи давлатлар фуқаролари ва ушбу давлатлар ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокидаги никоҳларни қайд этиш тартиби белгиланган бўлиб, унга асосан «Никоҳ тузиш шартлари никоҳланувчиларнинг ҳар бири учун, ушбу фуқаро мансуб бўлган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунчилиги билан белгиланади, фуқаролиги бўлмаган шахслар учун эса – ушбу шахслар доимий яшаш жойи бўлган Аҳдлашувчи Томон қонунчилиги билан белгиланади. Бундан ташқари, никоҳ тузишга монелик қилувчи ҳолатлар нуқтаи назаридан, ҳудудида никоҳ қайд этилаётган Аҳдлашувчи Томон қонунчилиги талабларига риоя этилиши талаб қилинади».