National database of legislation of the Republic of Uzbekistan
ONLINE TRANSLATE
Тутинган ота-она

198-модда. Тутинган ота-она

Вояга етган ҳар икки жинсдаги шахслар тутинган ота-она бўлишлари мумкин, қуйидагилар бундан мустасно:

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланган шахслар;

қонун билан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятни лозим даражада бажармаганлиги учун васийлик ёки ҳомийлик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;

илгари фарзандликка бола олган, лекин ушбу Кодекс 169-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича суд томонидан фарзандликка олиш бекор қилинган шахслар;

қасддан қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар;

соғлиғининг ҳолатига кўра болани тарбиялаш мажбуриятини бажара олмайдиган шахслар.

Тутинган ота-оналарни танлаш васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади.

Тутинган ота-она тарбияга олинган болага нисбатан васийлик ҳуқуқ ва мажбуриятларига эгадир.

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ

  1. Шарҳланаётган модда тутинган ота-она бўлишлари мумкин бўлган шахслар доирасини белгилайди. Умумий қоидага кўра, вояга етган ҳар қандай икки жинсдаги шахслар тутинган ота-она бўлишлари мумкин. Тутинган ота-она бўлиш истагидаги шахслар бунинг учун белгиланган тартибда мурожаат қилиши улар ҳақда тегишли хулоса олинган бўлиши керак.
  2. Шу билан бирга, шарҳланаётган моддада тутинган ота-она бўлишлари мумкин бўлмаган шахслар белгилаб берилган. Улар жумласига суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар киритилган. Фуқаролик кодексининг 30-моддасига кўра руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонунчиликда белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни уни васийси амалга оширади. Бу ҳолатда ушбу шахснинг ўзи ҳақида ғамхўрлик қилиш, унинг ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишга зарурат вужудга келади. Фуқаролик кодексининг 31-моддасига кўра, спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин.

Фуқарони муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш суд тартибида амалга оширилади. Фуқаролик процессуал кодексининг 33-боби «Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш»га бағишланган ва унда ариза бериш, унинг мазмуни, ишни судда кўришга тайёрлаш, суднинг ҳал қилув қарорига доир нормалар белгиланган. Қоида тариқасида спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги иш унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари берган аризалар бўйича қўзғатилиши мумкин.

  1. Тутинган ота-она бўлишлари мумкин бўлмаган шахсларнинг яна бир тоифаси суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланган шахслардир. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва чеклаш бир-биридан фарқ қилади. Оила кодексининг 79-моддасида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳоллари назарда тутилади. Яъни ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин:
  • ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;
  • узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;
  • ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;
  • муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса;
  • ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса.

Оила кодексининг 83-моддасига кўра суд боланинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ота-онани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмай туриб, болани ота-онадан (уларнинг биридан) олиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши, яъни ота-оналик ҳуқуқини чеклаши мумкин. Шунга эътибор қаратиш лозимки, болани ота-она (улардан бири) билан қолдириш ота-онага (улардан бирига) боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра (руҳиятнинг бузилиши ёки бошқа сурункали касаллик, оғир ҳолатларни бошдан кечириш ва бошқалар) бола учун хавфли бўлса, ота-оналик ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилади. Агар болани ота-она (улардан бири) билан қолдириш оқибатида ота-онанинг хулқ-атвори бола учун хавф туғдирса, ота-онани (улардан бирини) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун эса етарли асослар аниқланмаган тақдирда ҳам, ота-оналик ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилади. Агар ота-она (улардан бири) ўз хулқатворини ўзгартирмаса, васийлик ва ҳомийлик органи суд томонидан отаоналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиқарилгандан кейин олти ой ўтгач, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида даъво тақдим этиши шарт. Васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларини эътиборга олиб ота-онани (улардан бирини) бу муддат ўтмасдан туриб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида даъво тақдим этишга ҳақли. Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги даъво боланинг яқин қариндошлари, вояга етмаган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти қонун билан зиммасига юклатилган органлар ва муассасалар, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим муассасалари ва бошқа муассасалар, шунингдек прокурор томонидан тақдим этилиши мумкин.

  1. Қонун билан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятни лозим даражада бажармаганлиги учун васийлик ёки ҳомийлик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахслар ҳам тутинган ота-она бўла олмайди. Бунда ушбу шахсларнинг зиммасига илгари ҳам васийлик ёки ҳомийлик вазифаларини бажариш юклатилган, бироқ ушбу вазифаларни бажара олмаганлиги сабабли ушбу вазифаларни бажаришдан четлаштирилган бўлади. Ушбу ҳолатни аниқлаш учун тегишли ҳужжатлар (масалан, ҳоким қарори), суд қарори асос бўлиши мумкин.

«Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддасига кўра, васий ёки ҳомий ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилган ҳолларда, уларни ўз мажбуриятларини бажаришдан четлаштириш тўғрисидаги қарор туман, шаҳар ҳокими томонидан васийлик ва ҳомийлик органининг илтимосномаси асосида қабул қилинади.

Васий ёки ҳомий ўз зиммасига юклатилган мажбуриятлардан ғаразли ёки бошқа паст ниятларда фойдаланганда, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсни назоратсиз ва зарур ёрдамсиз қолдирганда, васийлик ва ҳомийлик органлари уни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун зарур чораларни кўриши шарт.

  1. Тутинган ота-она бўлиши мумкин бўлмаган шахслардан яна бири бу – илгари  фарзандликка бола олган, лекин Оила кодекси 169-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича суд томонидан фарзандликка олиш бекор қилинган шахслардир. Оила кодекси 169-моддасининг биринчи қисмида муайян ҳолатларда фарзандликка олишни бекор қилиш асослари белгилаб берилган. Мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаш ёки уларни лозим даражада бажармаслик, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш, фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлиш, муттасил ичкиликбозликка ёки гиёҳвандликка мубтало бўлиш каби ҳолатлар бундай асослар жумласига киради.
  2. Қасддан қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар ҳам тутинган ота-она бўлиши мумкин эмас. Жиноят кодексининг 21-моддасига кўра жиноят тамом бўлган пайт ижтимоий хавфли қилмиш бажарилган вақт деб ҳисобланган бўлиб, уни содир этган шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини англаган ва шундай қилмишни содир этишни истаган бўлса, бундай жиноят қасддан содир этилган деб топилади. Мазкур Кодекснинг 77-моддасига кўра, судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир. Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Шунингдек, судланганлик Жиноят кодексида назарда тутилган ҳолларда ва шахс янги жиноят содир этгандагина ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлиши кўрсатилган. Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.
  3. Соғлиғининг ҳолатига кўра болани тарбиялаш мажбуриятини бажара олмайдиган шахслар тутинган ота-она бўла олмайди. Болани тарбиялаш мажбуриятини бажара олмайдиган даражада касалланиш муайян мезон асосида аниқланади. Масалан, бундай касалликлар бола соғлиғи учун хавф туғдириши, касаллик юқиши эҳтимолининг юқори бўлиши ва бошқа мезонлар асосида аниқланиши мумкин.

Айрим МДҲ мамлакатларида бу каби касалликлар рўйхати ҳам мавжуд. Масалан, Россия Федерациясида бола учун хавфли бўлган ёки болага ғамхўрлик қила олмайдиган ва тарбиялай олмайдиган даражада касалланганлар рўйхати белгиланган. Ушбу рўйхатга сил касаллиги (фаол ва сурункали), ички органлар, нерв тизими, декомпенсация ҳолатидаги ҳаракат-таянч аппаратлар касалликлари, барча ҳолатлардаги оғир онкологик касалликлар, наркомания, токсикомания, ичкиликбозлик, шунингдек 1- ва 2-гуруҳ ногиронлигига, яъни меҳнатга қобилиятсизликка олиб келган барча турдаги жароҳат ва шикастланишлар киритилган.

  1. Оила кодексида тутинган ота-оналарни танлашни васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилишини назарда тутилади. Бунда ҳар бир васийлик ва ҳомийлик органи ўз ваколати доирасида ушбу ҳаракатларни амалга ошириши зарур. Чунончи, халқ таълими туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари ўз ваколатлари доирасида васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган ҳамда васийларга ва ҳомийларга қўйиладиган талабларга мос бўлган шахсларни танлашни ҳамда ҳисобга олишни амалга оширади.
  2. Тутинган ота-она тарбияга олинган болага нисбатан васийлик ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлади. Чунончи, васийлар ўз васийлигидаги шахсларнинг қонуний вакили бўлиб, уларнинг номидан ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб барча зарур битимларни тузади. Ҳомийлар ўз ҳомийлигидаги шахсларнинг қонуний вакили бўлиб, ҳомийлигидаги шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишида ва мажбуриятларини бажаришида кўмаклашади, шунингдек уларни учинчи шахслар томонидан бўладиган суиистеъмолликлардан муҳофаза қилади.

Ўз ҳомийлигидаги шахс билан бирга яшаётган ҳомийнинг яшаш жойини ўзгартириши васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма рухсати ва ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаганнинг розилиги билан амалга оширилади. Ҳомийнинг ўз ҳомийлигидаги ўн олти ёшга тўлган шахсдан алоҳида яшашига, башарти бу ҳомийликдаги шахснинг тарбиясига, таъминотига ва таълим олишига, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига салбий таъсир кўрсатмаса, васийлик ва ҳомийлик органларининг ёзма рухсати билан йўл қўйилади. Ҳомий ўз ҳомийлигидаги шахсдан алоҳида яшаган тақдирда, унинг яшаш, таълим олиш шароитларини назорат қилиши, уни атрофдагиларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиши шарт. Васийликдаги ёки ҳомийликдаги вояга етмаган шахснинг турар жойи мавжуд бўлмаган тақдирда, васий ёки ҳомий уй-жой тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ уни олиш бўйича чоралар кўриши шарт.

Муомала лаёқати чекланган фуқароларнинг ҳомийлари уларни спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол этишдан, чекишдан ҳимоя қилишга доир зарур чора-тадбирларни кўриши шарт. Асосийси, васийлик ва ҳомийлик бўйича мажбуриятлар бепул бажарилади.