National database of legislation of the Republic of Uzbekistan
ONLINE TRANSLATE
Сиёсий партиялар тўғрисида 5 муҳим маълумот

Сиёсий партияларга аъзолик қандай амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир пайтнинг ўзида фақат битта сиёсий партияга аъзо бўлиши мумкин.

Партияга мансублигига кўра фуқаронинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш, худди шунингдек унга имтиёзлар ёки устунликлар бериш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти республика барча фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинишининг кафили сифатида президентлик ваколатларини бажариш муддати давомида сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни тўхтатиб туриши ёхуд бутунлай тўхтатиши шарт.

Кимлар сиёсий партияга аъзо бўлолмайди?

Қуйидагилар сиёсий партияларга аъзо бўла олмайдилар:

судьялар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари;

прокурорлар ва прокуратура терговчилари;

ички ишлар, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари, давлат хавфсизлик хизмати ходимлари;

ҳарбий хизматчилар;

хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Сиёсий партияларга аъзолик якка тартибда қайд этилади.

Сиёсий партияни тузишнинг муҳим жиҳатлари нимадан иборат?

Сиёсий партияни тузиш учун камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида йигирма минг фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Сиёсий партия тузиш ташаббускорлари камида эллик кишидан иборат бўлиши, улар партия таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, аъзолар таркибини шакллантириш ҳамда таъсис съезди ёки конференциясини чақириш бўйича ташкилий қўмитани тузишлари лозим.

Ташкилий қўмита ўзи тузилган кундан бошлаб етти кунлик муддатдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ўз ташаббуси, қўмитанинг таркиби, раҳбари (етакчиси), жойлашган манзили ҳамда таъсис съезди ёки конференцияси чақириладиган санани ёзма равишда хабар қилиши лозим.

Ташкилий қўмита тузилган кундан бошлаб узоғи билан уч ой фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эгадир.

Сиёсий партия таъсис съездида ёки конференциясида тузилади.

Таъсис съезди ёки конференцияси партия устави ва дастурини қабул қилади, унинг сайлаб қўйиладиган органларини тузади.

Сиёсий партияларни рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади.

Сиёсий партияни рўйхатдан ўтказиш учун устав қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида қуйидагилар тақдим этилади:

партия раҳбар органининг камида уч аъзоси имзолаган ариза;

устав;

дастур;

таъсис съезди ёки конференциясининг баёни;

ушбу Қонун талаблари бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шу жумладан мазкур партияга бирлашиш истагини билдирган йигирма минг нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўзлари имзо қўйган рўйхати, сайлаб қўйиладиган органларнинг аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, турар жойи ва иш жойи, телефон рақами), раҳбар орган аъзоларига ваколатлар, шу жумладан рўйхатдан ўтказиш жараёнида ёхуд мунозаралар келиб чиққан тақдирда судда партия номидан иштирок этиш ҳуқуқи берилганлиги тўғрисидаги партия олий органининг қарори.

Сиёсий партиянинг фаолиятини тугатиш тартиби

Сиёсий партиянинг фаолияти қуйидаги тарзда тугатилади:

партиянинг ўз уставига мувофиқ тарқалиб кетиши орқали, бу ҳақда партия олий органи уч кунлик муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига хабар қилади;

партия Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонун 3-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган хатти-ҳаракатларни содир этган ҳолларда ёки ўз фаолияти тўхтатиб қўйилганидан сўнг бир йил муддат ичида ўша хатти-ҳаракатларни такрор содир этган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарори билан.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия фаолияти тугатилганлиги тўғрисидаги расмий хабари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган кундан бошлаб сиёсий партиянинг фаолияти тугайди.