Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент шаҳрида Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий марказини ташкил этиш тўғрисида
Мактабгача таълим соҳасида Ўзбекистоннинг эришган ютуқларини халқаро ҳамжамиятга етказиш, ушбу соҳада минтақавий ва халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек, илғор тажрибалар ҳамда илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш орқали мактабгача таълимнинг самарали тизимини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Куйидагилар:
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 2025 йил 30 октябрь — 13 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган 43-сессиясида Тошкент шаҳридаги Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтига (кейинги ўринларда — Институт) ЮНЕСКО шафелигидаги II тоифали институт мақомини бериш бўйича қарор қабул қилингани;
2026 йил 25 март куни Париж шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва ЮНЕСКО ўртасида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигидаги II тоифали мактабгача таълим марказини очиш тўғрисидаги битим имзолангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Институт ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этилсин.
3. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
мактабгача таълим соҳасидаги минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
ЮНЕСКОга аъзо мамлакатларнинг мактабгача таълим дастурлари ва усуллари билан боғлиқ қўшма тадқиқотлар ўтказиш;
болаларни эрта ривожлантиришга қаратилган таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда иштирок этиш;
2030 йилгача мактабгача таълим соҳасидаги Тошкент декларацияси ижроси юзасидан мониторингни амалга ошириш ва даврий ҳисоботлар тайёрлаш;
мактабгача таълим соҳасида педагог кадрларни қайта тайёрлашда янги ёндашувларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, халқаро тренинг, семинар ва конференцияларни ташкил этиш.
4. Белгилансинки:
Марказга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизими ходимларининг белгиланган умумий штат бирликлари доирасида 16 та бошқарув штат бирликлари ажратилади;
Марказ фаолиятини мувофиқлаштириш учун Бошқарув кенгаши ташкил этилади;
Марказга Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;
Марказ директорига Институт проректори, Марказ ходимларига тегишлича Институт ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.
5. Мазкур қарор ижроси билан боғлиқ харажатларни бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2027 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
6. Марказ Тошкент шаҳри Яккасарой тумани, Юсуф Хос Ҳожиб кўчаси 64-уй манзилида жойлашган Институт биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
7. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
бир ой муддатда Марказнинг тузилмаси ва низомини тасдиқласин;
икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 18 август,
446-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2026 й., 09/26/446/0854-сон)