Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва машина-трактор паркларини давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2003—2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзагромашсервис» уюшмасининг республика таъминот корхоналари:
қишлоқ хўжалиги машиналари шиналарини импорт қилишда божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари);
импорт қилинаётган шиналарни қишлоқ хўжалиги корхоналари ва машина-трактор паркларига сотишда қўшилган қиймат солиғи ҳисоблашдан ва уни тўлашдан озод қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб келинадиган истеъмол товарлари рўйхатига тегишли ўзгартиришлар киритсинлар, рўйхатдан қишлоқ хўжалигида ва ўрмон хўжалигида фойдаланиладиган транспорт воситалари учун шиналарни чиқариб ташлашни назарда тутсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С.Юсупов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 14 февраль,
79-сон