Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг 2024 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг (бундан буён матнда — Болалар омбудсмани) 2024 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузасини кўриб чиқиб, бир қатор ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятини мониторинг қилиш асосида аниқланган бола ҳуқуқларининг бузилиши ҳолати юзасидан 3 та тақдимнома, 8 та огоҳлантириш, 12 та хулоса ҳамда 6 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилган.
Фуқароларнинг мурожаатлари ва болага қарши жиноятларга оид суд хабарномалари асосида Болалар омбудсмани ва унинг котибияти ходимлари судларнинг 46 та фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишида кузатувчи сифатида иштирок этган.
Болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 14 та жиноят иши ҳамда 18 та маъмурий иш қўзғатилган.
Шунингдек, 4 нафар болага ва 4 нафар онага ҳимоя ордери расмийлаштирилишида ҳамда 72 млн сўм миқдоридаги алимент қарздорлиги ундирилишида кўмаклашилган.
Бола ҳуқуқлари соҳасига доир қонунчиликни таҳлил қилиш асосида аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган 3 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шунингдек, 46 та қонунчилик ҳужжати лойиҳаларига бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар берилган.
Болалар омбудсманига 2024 йилда ички ишлар органлари томонидан болаларга нисбатан жиноятлар тўғрисида қабул қилинган қарорлар юзасидан 541 та хабарнома ва судлар томонидан болага қарши жиноятлар тўғрисида 78 та ҳамда улар иштирокида содир этилган жиноятлар ҳақида 49 та хабарнома келиб тушган.
Мазкур хабарномаларнинг барчаси назоратга олиниб, ўз вақтида кўриб чиқилган ва бола ҳуқуқлари бузилиши аниқланган ҳолатлар юзасидан таъсирчан чоралар кўрилган.
2024 йилда васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 73 326 нафар бола ҳисобга олинган. Уларнинг 562 нафари 128 та оилавий болалар уйига, 236 нафари Болалар уйига, 217 нафари Меҳрибонлик уйига, 141 нафари СОС болалар маҳаллаларига жойлаштирилган, 951 нафари оилага тарбияга (патронат) олинган, 71 219 нафарига васий ёки ҳомий тайинланган.
Хориждан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 119 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилган.
Болани чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирган 839 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 476-моддасига асосан жавобгарлик белгиланган.
2024 йилда Болалар омбудсманига 1 064 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 2023 йилга нисбатан 2,4 бараварга ортган.
Болалар омбудсманининг 35 та шахсий қабули ташкил этилиб, унда 160 та мурожаат кўриб чиқилган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 898 таси (84,3 фоизи) тўлиқ назоратга олинган, 93 таси (8,7 фоизи) тегишлилиги бўйича юборилган.
Мурожаатларнинг энг кўпи улуши Тошкент шаҳри (366 та), Тошкент вилояти (139 та) ҳамда Қашқадарё вилоятига (105 та) тўғри келган.
Назоратга олинган мурожаатларнинг 283 таси ижобий ҳал этилган, 545 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Мурожаатларни ўрганиш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларга 981 та сўров ҳамда 40 та таклиф киритилган.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши борасида муайян ишлар олиб борилганлиги билан бир қаторда, эътибор қаратилиши лозим бўлган камчилик ва муаммолар ҳам борлиги аниқланди.
Хусусан, ҳудудий давлат органлари томонидан Болалар омбудсмани билан қулай ва тезкор ахборот алмашиш тизими етарлича йўлга қўйилмаганлиги оқибатида кўриб чиқилган мурожаатларнинг натижалари ўз вақтида юборилмаяпти.
2024 йилда Болалар омбудсманига келиб тушган мурожаатларнинг 263 тасида болага нисбатан зўравонлик ишлатилганлиги баён қилинган, бу жами мурожаатларнинг 21 фоизини (2023 йилда 6 фоиз) ташкил этган. Шундан 18,6 фоизи болага нисбатан жинсий зўравонлик қилиш масаласи ҳисобланади.
Бундан ташқари, Болалар омбудсманига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан келиб тушган болага қарши жиноятлар тўғрисидаги 541 та хабарноманинг 12,3 фоизи жинсий эркинликка қарши жиноятларга тегишли бўлган.
Таҳлиллар натижасига кўра жинсий зўравонлик қурбони бўлган болалар билан ишлашда тизимли камчиликлар мавжудлиги аниқланган.
Хусусан, тергов ва суд жараёнларида такрорий сўроқлар, зўравон билан юзлаштириш каби амалиётлар туфайли болалар қўшимча руҳий жароҳат олиш хавфи остида қолмоқда. Жабрланган болаларга тезкор, ихтисослашган психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг ягона механизми ҳалигача жорий этилмаган.
Болалар омбудсманига келиб тушган мурожаатларнинг 25 фоизи педагог ходимларнинг болага нисбатан зўравонлиги юзасидан йўлланган.
Ўрганишлар натижасида таълим муассасаларининг 7 нафар ходими маъмурий жавобгарликка тортилган, 22 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилган.
Умумтаълим мактабларида ўқувчилар билимини форматив ва сумматив баҳолаш тизими юзасидан ота-оналар томонидан бир қанча жамоавий мурожаатлар йўлланиб, мазкур янги баҳолаш тизими қатор ташкилий муаммоларни келтириб чиқараётгани маълум қилинган.
Республика мактабларининг 88 фоизида мактабга қабул қилиш тартиби ҳалигача тўлиқ рақамлаштирилмаган, натижада ота-оналар мактабга бориб ҳужжат топширишга мажбур бўлишган.
Мактабгача таълим ташкилотларидаги 160 570 нафар педагогнинг 34,1 фоизи (55 483 нафар) олий маълумотли ҳисобланади. Олий маълумотли педагоглар улушининг камлиги мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотларни самарали ташкил этиш, болаларни мактабга тайёрлаш ва таълим сифатини оширишга муайян даражада салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида болаларни тижорат мақсадларида медиаконтент ишлаб чиқаришга жалб қилиш ҳолатлари кузатилган.
2024 йилда ота-онанинг ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш бўйича мажбуриятларини бажармаганлиги (МЖтК 477-моддаси) бўйича 261 та ҳолат қайд этилган.
Бундан ташқари, ота-она ўз фарзандини болага ғамхўрлик қилишга муносиб бўлмаган шахслар қарамоғига қолдириши кўплаб нохуш оқибатларга сабаб бўлмоқда.
Таҳлиллар аҳоли ўртасида оилавий низоларни ҳал этишда боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш етарли даражада инобатга олинмаслигини кўрсатган.
Ўзбекистон Республикаси «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 15-моддасида ҳамда Оила кодексининг 68-моддасида бола ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама жараёнида сўзлашга ҳақли эканлиги, боланинг фикрини унинг ёшидан қатъи назар кўриб чиқиш ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиш лозимлиги белгиланган.
Бироқ бу борада суд ишларида чиқарилган қарорлар (2023 йил) таҳлил этилганда боланинг таълим-тарбияси ва ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича низоларга оид суд ишларининг 7,7 фоизидагина боланинг фикри инобатга олингани маълум бўлган.
Ўтган йилда эрта никоҳ ҳолатлари 256 тани ташкил қилиб, бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан қарийб 7 бараварга кўпайган.
Алимент бўйича қарздорларнинг 174 413 нафари (53 фоизи) иш жойи ёки доимий даромад манбаига эга эмаслиги, иқтисодий қийинчиликлар сабабли бошқа ҳудудларга чиқиб кетиши ундирув самарадорлигига салбий таъсир кўрсатган.
Хусусан, алимент пулларини ўз вақтида тўламаган 2 407 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Фуқароларнинг жамоавий мурожаати орқали 4 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар «Қизамиқ» касаллигининг асорати туфайли «Панэнцефалит» касаллигига чалинганлик ҳолати ўрганилганда ушбу оғир касалликка чалинган болалар сони республика бўйича 160 нафардан ошганлиги, дори воситалари, малакали шифокорлар етишмаслиги, даволаш учун клиник баённома ишлаб чиқилмаганлиги аниқланган.
2024 йилда вояга етмаган шахсларга нисбатан 1 073 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Болалар омбудсманига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан келиб тушган хабарномаларнинг 109 таси (38 фоизи) мазкур масалага оид бўлган.
Республикадаги мактабларнинг 25 фоизи автойўлларга яқин ҳудудларда жойлашгани ва етарлича йўл белгиларининг ўрнатилмагани сабабли улар атрофида болалар билан йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиш эҳтимолини келтириб чиқармоқда.
Ҳудудларда турли тадбирлар муносабати билан болаларни совуқ об-ҳавода енгил байрамона кийимларда жалб қилиш ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, Болалар омбудсманининг болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш юзасидан кўрилаётган чоралар юзасидан йўллаган мурожаатига Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларидан ташқари бошқа ҳудудлар мутасаддилари томонидан маълумот тақдим этилмаган.
Болалар омбудсмани фаолиятида ижроси ортда қолаётган вазифалар борлиги қайд этилди.
Хусусан, Болалар омбудсманининг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ҳалигача тайинланмаган.
Бунинг оқибатида минтақавий вакиллар томонидан ҳудудларда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига маърузалар киритилмаган.
Шунингдек, бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг айрим жиҳатларига эътиборни кучайтириш зарур бўлганда Олий Мажлис палаталарига ҳамда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати тўғрисида Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга махсус маърузалар киритиш белгиланган бўлса-да, Болалар омбудсмани бу имкониятдан фойдаланмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг 2024 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани):
икки ой муддатда Болалар омбудсманининг ҳудудлардаги минтақавий вакилларини тайинласин ва ҳудудларда самарали фаолият олиб бориши учун уларни методик қўлланмалар билан таъминласин;
минтақавий вакиллар томонидан ҳудудларда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига маърузалар киритилишини таъминласин;
икки ой муддатда Олий Мажлис Сенатининг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази билан биргаликда минтақавий вакиллар учун маърузалар тайёрлашга доир тавсиялар ишлаб чиқсин ва минтақавий вакилларга етказсин;
икки ой муддатда масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин;
Олий Мажлис палаталари ҳамда Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга махсус маърузалар киритиб бориш чораларини кўрсин;
мурожаатлар энг кўп келиб тушган ҳудудлар ҳамда давлат органлари кесимида муаммоли ҳолатни бевосита жойига чиққан ҳолда танқидий муҳокама қилиб борсин;
бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши устидан парламент назорати олиб борилишини ҳамда таъсирчан чоралар кўрилишини янада кучайтирсин;
Болалар омбудсмани билан қулай ва тезкор ахборот алмашиш тизимини етарлича йўлга қўймаган ҳудудий давлат органлари масъулиятини ошириш юзасидан Олий Мажлис палаталарига таклифлар киритсин;
Болалар омбудсмани томонидан амалга оширилган ишларни кенг ёритиш учун оммавий ахборот воситалари орқали доимий равишда маълумот берсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий суди доимий равишда боланинг таълим-тарбияси ва ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича низоларга оид суд ишларида қонунчиликка мувофиқ боланинг фикри инобатга олинишини ҳамда унинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилинишига алоҳида эътибор қаратсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Адлия вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда иш жойи ёки доимий даромад манбаига эга бўлмаган, иқтисодий қийинчиликлар сабабли бошқа ҳудудларга чиқиб кетган фуқаролардан алимент ундириш тартибини қайта кўриб чиқиш ва алимент қарздорлигини бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги:
уч ой муддатда ота-она хорижга кетаётганида болага васий ёки ҳомий тайинлаш чораларини кўриши тартибини қайта кўриб чиқсин ва уни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрласин;
васийлик ва ҳомийликка олинган ёки васий ёхуд ҳомий бўлиш истагини билдирган шахслар, муқобил тарбияга олинган болалар ва тутинган шахслар (ота-оналар) тўғрисидаги ягона маълумотлар базасини яратиш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
уч ой муддатда Олий суд ва Адлия вазирлиги билан биргаликда дастлабки терговда ва судда жабрланувчи болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жинсий эркинликка қарши жиноятлар ва вояга етмаганлар ишлари бўйича терговчилар ҳамда судьялар ихтисослашувини жорий этиш юзасидан хорижий тажрибани ўрганган ҳолда таклифлар ишлаб чиқсин;
икки ой муддатда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда автойўлларга яқин ҳудудларда жойлашган мактабларни хатловдан ўтказсин ва ушбу мактаблар яқинида йўл белгиларини ўрнатсин ҳамда ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан қўшимча чоралар кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
икки ой муддатда педагог кадрларни танлаш ва ишга қабул қилиш тартибини қайта кўриб чиқсин ва бунда болаларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такроран содир этган шахсларнинг мактабгача ва мактаб таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланишини тақиқлаш бўйича таклифлар тайёрласин;
икки ой муддатда умумтаълим мактабларида ўқувчилар билимини форматив ва сумматив баҳолаш тизимини ота-оналар мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқсин ва такомиллаштирсин;
ўқувчиларни қабул қилиш жараёни рақамлаштирилмаган умумтаълим мактабларини хатловдан ўтказсин ва уларни тўлиқ рақамлаштириш чораларини кўрсин;
икки ой муддатда мактабгача таълим ташкилотларида олий маълумотли педагоглар улушини ошириш масаласини ўргансин ва тегишли таклифлар ишлаб чиқсин;
мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида тижорат мақсадларида ишлаб чиқиладиган медиаконтентга болаларни жалб қилишнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда:
вояга етмаганлар ўртасида эрта никоҳ ҳолатлари кўп қайд этилган маҳаллалар билан алоҳида манзилли режа асосида ишлашни ташкил этсин;
«маҳалла еттилиги»ни жалб қилган ҳолда эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олишга қаратилган таъсирчан тарғибот тадбирларини мунтазам равишда олиб борсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари Болалар омбудсмани томонидан мониторинг натижалари юзасидан киритилган ахборот ва таклифларни масъул вазирлик ҳамда идоралар иштирокида муҳокама қилсин, зарур ҳолларда, қўмита эшитувларини ўтказсин.
10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
Болалар омбудсманининг ҳудудий давлат органларига болалар масалаларига доир юборган сўровларига ўз вақтида жавоб берилишини таъминласин;
маҳаллий ҳокимликлар томонидан ташкил этиладиган турли тадбирларга болаларни улар манфаатларига зид равишда жалб қилишга йўл қўйилмаслик чораларини кўрсин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига:
Болалар омбудсмани минтақавий вакилининг ҳудудларда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисидаги маърузаларини ўз сессияларида эшитиш ва муҳокама қилиш;
минтақавий вакилларга мурожаатларнинг жойларга чиққан ҳолда кўриб чиқилишида ва бу борада самарадорликни оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш тавсия этилсин.
12. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
13. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент шаҳри,
2025 йил 18 март,
СҚ-101-V-сон