Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р. Давлетовнинг «Ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг «Ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, сўнгги йилларда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, адлия органлари томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмуни ва аҳамиятини аҳоли, тадбиркорлик субъектларига етказиш бўйича 520 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди, 685 минг нусхадаги тарқатма материаллар аҳолига тарқатилди.
Кенг жамоатчиликни бепул ҳуқуқий маслаҳат билан таъминлашни назарда тутувчи 5 та ҳуқуқий портал (advice.uz — e-maslahat.uz, Миллий ҳуқуқий интернет портали, bolahuquqlari.uz, test.adliya.uz, hudud24.uz) яратилди. Тадбиркорлар учун бепул ҳуқуқий маълумот ва маслаҳат берадиган «Advice for business» юридик портал ишга туширилди.
Норма ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, норматив-ҳуқуқий базанинг тизимлилигини ва комплекслилигини таъминлаш, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этишга устувор аҳамият қаратилди.
Жумладан, вазирлик томонидан манфаатдор идоралар билан биргаликда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилиб, 500 га яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган, бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида коллизияларни келтириб чиқарувчи ҳужжатлар бекор қилинди.
Шунингдек 2019 йил ва 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида 3 419 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, шундан 241 таси белгиланган талабларга мувофиқ тақдим этилмаганлиги сабабли ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаган. Ушбу даврда вазирлик томонидан 300 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаганлиги туфайли уларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган.
Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясининг ижросини таъминлаш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қисқартириш мақсадида вазирлик томонидан 2019 йил 1 январдан бугунги кунга қадар жами 760 та идоравий ҳужжат ўз кучини йўқотган деб топилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқий маълумот билан танишиш имкониятини кенгайтириш мақсадида Интернет тармоғида Ўзбекистон қонун ҳужжатлари миллий базаси — «LexUZ» фаолияти янада такомиллаштирилди.
Давлат органлари ва ташкилотларига қонун ҳужжатларини ўз вақтида етказиш мақсадида «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби ва тарқатилиши» ахборот тизими яратилди. Мазкур тизим орқали қонун ҳужжати қабул қилингандан у вазирлик томонидан тегишли ташкилотнинг энг қуйи бўғинига қадар электрон шаклда тезкорлик билан етказилмоқда.
Фуқароларга сайёр ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилиб, бевосита ҳудудларга чиққан ҳолда 40 дан ортиқ қабуллар ўтказилди. Аҳоли учун долзарб ва кундалик ҳаётда кўп дуч келинадиган ҳолатлар бўйича вазирлик веб-сайтида 21 та йўналишни қамраб олувчи алоҳида «Сўраган эдингиз» бўлими очилиб, у мунтазам фаолият кўрсатиши йўлга қўйилди.
Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида «Мадад» нодавлат ташкилоти ва унинг ҳудудий бюролари ташкил қилинди.
Тадбиркорларга тезкор равишда бепул ҳуқуқий маслаҳат ва маълумотлар олиш имкониятини яратиш мақсадида бизнес вакиллари учун маслаҳат оладиган «Advice for business» юридик портали ишга туширилди.
Имконияти чекланган, кўзи ожиз фуқаролар учун Брайл алифбосида «Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами» тайёрланди.
Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш борасида ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар, ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд.
Хусусан, бугунги кунда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда инновацион усулларини янада кенг жорий қилиш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишда вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик етарли даражада эмас.
Вазирлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларнинг айни йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар натижадорлигини ошириш мақсадга мувофиқ.
Жойларда ноқонуний қарорлар қабул қилиш амалиёти ҳанузгача учраётганлиги, бу айниқса маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида кўп кузатилаётганини инобатга олган ҳолда, вазирликнинг ҳуқуқий тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш тақозо этилмоқда.
Шу билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий сайтларида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз вақтида, тўлиқ эълон қилинишини, аксарият вазирлик ва идораларнинг ўзларига тегишли қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш ишларини олиб боришини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган амалий тадбирларни тизимли равишда ташкил қилиш орқали айрим давлат органлари томонидан қонун талабларини менсимаслик, уларни қўпол равишда бузиш ҳолатларига барҳам беришга эришиш талаб қилинади.
Ҳуқуқий мавзудаги мақолаларни ёритишга ихтисослашган журналистларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ва қўшимча ҳуқуқий ахборотга кириш тизимини ўз ичига олган Миллий ҳуқуқий интернет порталини такомиллаштириш, «LexUZ» тизимидан фойдаланувчилар аудиториясини кенгайтириш ва аҳолига ҳуқуқий ахборотни тақдим этиш самарадорлигини ошириш борасида бошланган ишларни тезроқ якунига етказиш муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р. Давлетовнинг «Ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р. Давлетов):
аҳолини қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилиш сифатини тубдан ошириш, ушбу фаолиятни ташкил қилишда принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш;
аҳолининг турли қатламлари кундалик ҳаётида кенг тарқалган муаммолар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар, жумладан ишсиз аёллар ва ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш кўламини янада кенгайтириш;
қонун ҳужжатларини тарқатиш борасидаги амалий ҳаракатлар юзасидан доимий, ҳар томонлама мониторинг ва таҳлил ўтказилишини, уларнинг моҳияти ва аҳамияти аҳолига тушунтирилишини таъминлаш ҳамда зарур бўлган тақдирда, уларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш;
давлат органлари ва ташкилотларнинг юридик хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш, хусусан юридик хизмат ходимлари малакасини ошириб бориш, улар томонидан тайёрланадиган қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг сифатини ошириш ҳамда лойиҳаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишдаги масъулиятини янада кучайтириш бўйича чоралар кўриш;
давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасига оид алоҳида минимал талабларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил қилишни тезлаштириш;
жойларда «Қонунчиликдаги янгиликлар» машғулотларини тизимли ташкил қилиш, унда адлия органлари томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатларининг моҳиятини ҳокимлик ва мутасадди ташкилот раҳбарларига кўргазмали тарзда тушунтириш, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларнинг ижросини ташкил қилиш ҳолати бўйича тушунтиришга алоҳида эътибор қаратиш;
давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ҳуқуқий тарғибот ҳамда маърифат бўйича олиб борилган ишларни ўрганиш, шунингдек, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни электрон тизим орқали ўз вақтида олиши ҳамда уларни ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига етказиши юзасидан доимий мониторинг ўтказиш;
оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида мультимедиа материаллари ҳамда дастурларини тайёрлаш ишларини янада кучайтириш;
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар кўриш;
норма ижодкорлиги фаолиятида фойдаланиш мақсадида миллий қонунчиликка имплементация қилиниши зарур бўлган халқаро шартномалар талаблари ҳамда халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари бўйича очиқ маълумотлар базасининг шакллантирилишини таъминлаш вазифалари юклатилсин.
3. Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўз ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ва қабул қилинаётган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардорлик масъулиятини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгиласин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорларини Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси — «LexUZ» сайтига жойлаштириш мақсадида ҳудудий адлия органларига тақдим этиб борсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар устидан мунтазам равишда парламент назоратини ўрнатсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Кадиров зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 14 октябрь,
503-IV-сон