Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«Ўзбекистон Республикасида «Электрон таълим» миллий тармоғини яратиш» инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Республиканинг барча олий таълим муассасаларини бирлаштирувчи ва уларнинг халқаро таълим ресурслари билан интеграциялашувини таъминловчи ягона ахборот-компьютер тармоғини яратиш, ўқув жараёнига замонавий ахборот ва педагогик технологияларни, шу жумладан масофавий таълимни кенг жорий этиш мақсадида:
1. «Ўзбектелеком» АК ва «Нuawei Technologies Co., Ltd» компанияси ўртасида «Ўзбекистон Республикасида «Электрон таълим» миллий тармоғини ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун: (ХХР) компанияси билан 2011 йил 26 майда умумий қиймати 12 480,0 минг АҚШ долларига тенг бўлган телекоммуникация ускуналарини етказиб бериш бўйича 000860 110511АА-сон контракт тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Ўзбекистон Республикасида «Электрон таълим» миллий тармоғини яратиш» инвестиция лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий параметрлари билан биргаликдаги техник-иқтисодий ҳисоб-китоби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, кўрсатиб ўтилган контрактни амалга оширишни маблағ билан таъминлаш «Ўзбектелеком» АКнинг ўз маблағлари ҳисобига қуйидаги тартибда амалга оширилади:
контракт қийматининг 15 фоизи — аванс тўлови тарзида;
контракт қийматининг 85 фоизи — йиллик 2,2 фоизли ставка билан тенг миқдорда ўттиз ойлик тўловлар бўйича бўлиб-бўлиб тўланади.
4. «Ўзбектелеком» АК томонидан «Ўзбекистон Республикасида «Электрон таълим» миллий тармоғини яратиш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича республикада ишлаб чиқарилмайдиган телекоммуникация асбоб-ускуналари, материаллар ва эҳтиёт қисмлар 2013 йилнинг 1 январигача божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 16 апрель,
ПҚ-1740-сон