Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ВАЗИРЛАР МАХКАМАСИНИНГ «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ ТУЗИЛИШИ ТЎҒРИСИДА» 1992 ЙИЛ 11 ФЕВРАЛДАГИ 59-СОН ҚАРОРИГА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 мартдаги ПҚ-2847-сонли «Молия органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Кўрсатилган қарорнинг муқаддимаси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин: «Келишилган молия, солиқ, валюта ва нарх сиёсатини ўтказишни таъминлаш, молия тизимини мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан, валюта ресурсларидан мақсадли фойдаланиш ва нархлар устидан назоратнинг таъсирини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида молия бошқаруви органларининг ташкилий тузилишини ва нарх белгилаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ», ундан кейин матн бўйича давом этади.
2. 1-банднинг тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда берилсин:
«молия-валюта сиёсатининг асосий қоидаларини шакллантириш, республиканинг валюта режасини (тўлов балансини) тузиш ва ижро қилиш, валюта ресурсларини кўпайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, уларни оқилона тақсимлаш ва улардан самарали фойдаланиш устидан назорат ўрнатиш».
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига валюта режасини тузиш ва бажариш, валюта ресурсларининг сарфланишини назорат қилиш вазифалари юклатилганлиги ва ушбу мақсадлар учун махсус таркибий бўлинмалар тузиш зарурлиги муносабати билан республика молия органлари ходимларининг чекланган сони 50 кишига, шу жумладан, Молия вазирлиги марказий аппарати ходимларининг сони 20 кишига кўпайтирилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги молия органларининг тузилган таркибий бўлинмаларини юқори малакали мутахассислар билан тўлдирсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 31 июль,
356-сон