Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ҚОН ВА УНИНГ ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИ ДОНОРЛИГИ ТЎҒРИСИДА
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
донор — ўз қони ва унинг таркибий қисмларидан бир қисмини тиббиёт эҳтиёжлари учун ихтиёрий равишда берувчи жисмоний шахс;
донор қони банки — қон билан ишлаш хизмати томонидан вужудга келтириладиган ва янгилаб бориладиган, узоқ муддат сақлашга мўлжалланган донор қони таркибий қисмларининг захиралари;
донор қони препаратлари — донор қони таркибий қисмларини қайта ишлашда олинган даволаш воситалари;
донор қони таркибий қисмлари — қоннинг қон плазмаси ва ҳужайралари шаклидаги таркибий қисмлари.
3-модда. Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-модда. Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигининг асосий принциплари
Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қон ва унинг таркибий қисмларини топширишнинг ихтиёрийлиги;
қон ва унинг таркибий қисмларини топширишнинг инсон учун безарарлиги;
донор қони ва унинг таркибий қисмларини ишлатиш хавфсизлиги.
5-модда. Қон ва унинг таркибий қисмларини топширишнинг ихтиёрийлиги
Қон ва унинг таркибий қисмларини тиббиёт эҳтиёжлари учун топшириш донор томонидан ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.
Шахсни қон ва унинг таркибий қисмларини топширишга бирон-бир тарзда мажбурлашга йўл қўйилмайди.
6-модда. Қон ва унинг таркибий қисмларини топширишнинг инсон учун безарарлилигини таъминлаш
Қон ва унинг таркибий қисмларини топширишнинг инсон учун безарарлилиги қон билан ишлаш хизмати томонидан донор бўлишга розилик билдирган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш, қон ва унинг таркибий қисмларини олишда тиббиёт ходимларининг санитария-гигиена нормалари ва қоидаларига риоя этиши, шунингдек қон ва унинг таркибий қисмларини топширишнинг даврийлиги ва ҳажмига риоя этилиши орқали таъминланади.
7-модда. Донор қони ва унинг таркибий қисмларини ишлатиш хавфсизлигини таъминлаш
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини ишлатиш хавфсизлигини таъминлаш соғлиқни сақлаш тизими даволаш-профилактика муассасаларининг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади. Тиббиёт ходимлари донор қони ва унинг таркибий қисмлари сифати ҳамда хавфсизлигини кафолатловчи белгиланган стандартларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишлари шарт.
8-модда. Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш шартлари
Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш бепул ва пулли асосда амалга оширилиши мумкин.
Донор қонининг таркибий қисмларини кейинчалик, зарурат бўлганда, донорнинг ўзига ишлатилишини кўзлаб топшириш (аутодонорлик) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда. Тиббий кўрикдан ўтказиш
Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш ёши ўн саккизга тўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.
Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш олдидан шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда уларнинг саломатлиги тўғрисида ҳужжат бериш бепул амалга оширилади.
10-модда. Донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва ишлатиш
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлашни қон билан ишлаш хизмати амалга оширади.
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ишлатиш соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларида амалга оширилади.
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда ишлатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлашни хусусий тартибда амалга ошириш тақиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11-модда. Донор қони ва унинг таркибий қисмларига бўлган эҳтиёжлар
Донор қони ва унинг таркибий қисмларига, шунингдек донор қони препаратларига бўлган эҳтиёжлар, донор қони банкини вужудга келтириш ва янгилаб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
12-модда. Қон билан ишлаш хизмати
Қон билан ишлаш хизмати давлат соғлиқни сақлаш тизимининг донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш бўйича ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари мажмуидан иборат.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириб бориш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
13-модда. Қон билан ишлаш хизмати ваколатлари
Қон билан ишлаш хизмати қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этишни қуйидаги йўллар билан амалга оширади:
донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш;
аҳолини қон ва унинг таркибий қисмларини ихтиёрий равишда топширишга жалб этиш;
донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ишлатиш хавфсизлиги шароитларини таъминлаш;
донор қони ва унинг таркибий қисмлари, шунингдек донор қони препаратларининг ташилишини ташкил этиш;
донор қони банкини вужудга келтириш ва янгилаб бориш.
Қон билан ишлаш хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги ваколатлари
Кейинги таҳрирга қаранг.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилишини таъминлайдилар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўз ҳудудларида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этадилар;
қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантиришга маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратадилар.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15-модда. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги мажбуриятлари
Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар маъмурияти, ҳарбий қисм командирлари (бошлиқлари):
шахсларни донорлар сафига жалб қилишда қон билан ишлаш хизматига кўмаклашадилар;
тиббий кўрикдан ўтадиган куни ва қон топширадиган куни донорни унинг мурожаатига биноан иш, хизмат ёки ўқиш жойидан соғлиқни сақлаш муассасаларига боришига монеликсиз рухсат берадилар, донорнинг шу кунлари иш ёки хизмат жойида бўлмаслиги одамлар ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдиришига, давлат мудофааси, хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар бажарилмаслигига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно;
қон топшириш ташкил этилиши учун зарур бўлган биноларни бериб турадилар;
донорга қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатларни берадилар ҳамда рағбатлантириш чораларини қўллайдилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантиришдаги иштироки
Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолини қон ва унинг таркибий қисмлари бепул донорлигига жалб қилишда, донорларга турли шаклдаги рағбатлантиришлар белгилашда, оммавий ахборот воситалари орқали аҳолининг кенг хабардор қилинишини ташкил этишда ҳамда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантиришга доир бошқа тадбирларда иштирок этишлари мумкин.
Аҳолини қон ва унинг таркибий қисмлари бепул донорлигига жалб этиш мақсадида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш жамоат фондлари ташкил этилиши мумкин, бундай фондларни ташкил этиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17-модда. Донорнинг ҳуқуқлари
Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш чоғида донор қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Кейинги таҳрирга қаранг.
соғлиғи сақланиши кафолатининг тиббиёт ходимлари томонидан таъминланиши;
соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши;
бепул овқат билан таъминланиш.
Донор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18-модда. Донор бўлишга розилик билдирган шахснинг мажбуриятлари
Донор бўлишга розилик билдирган шахс тиббий кўрикдан ўтиш пайтида ўзи билган илгариги ва ҳозирги касалликлари тўғрисидаги маълумотларни маълум қилиши шарт.
19-модда. Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қон топшириш даврийлиги бир марталик қон олиш беш юз миллилитрдан, шунингдек лаборатория текширувлари учун қирқ миллилитрдан ортиқ бўлмаган нормада йилига беш маротабадан ошмаслиги керак.
Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
(19-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
20-модда. Донорга бериладиган кафолатлар ва компенсациялар
Қон ва унинг таркибий қисмларини топширадиган куни, шунингдек тиббий кўрикдан ўтадиган куни донор ана шу кунлар учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод қилинади.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг ўқувчилари, олий ўқув юртларининг талабалари, таълим олувчиларнинг бошқа тоифалари қон ва унинг таркибий қисмларини топширадиган куни, шунингдек тиббий кўрикдан ўтадиган куни машғулотлардан, ҳарбий хизматчилар эса нарядларни бажаришдан, хизматни ўташнинг вахта ва бошқа шаклларидан озод қилинадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Донорга ҳар сафар қон ва унинг таркибий қисмларини топширган куннинг бевосита эртасига дам олиш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бир кун берилади. Донорнинг хоҳишига кўра мазкур дам олиш куни ҳар йилги меҳнат таътилига қўшиб берилиши мумкин.
21-модда. Донорни рағбатлантириш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам равишда ҳамда бепул топширувчи донор «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» («Почетный донор Республики Узбекистан») кўкрак нишони билан тақдирланади ва энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир йўла бериладиган пул мукофоти олади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» («Почетный донор Республики Узбекистан») кўкрак нишони тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
(21-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонунига асосан биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Донор қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳам рағбатлантирилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22-модда. Қон билан ишлаш хизмати тиббиёт ходимларини ижтимоий ҳимоялаш
Қон билан ишлаш хизматининг қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш, уларни тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнида қон билан алоқада бўлувчи тиббиёт ходимларига қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23-модда. Донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини олиб кириш ва олиб чиқиш
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
24-модда. Донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ташиш
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ташиш тегишли транспорт турларида айрим тоифадаги махсус юкларни ташиш бўйича белгиланган талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ташиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25-модда. Фавқулодда вазиятларда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этиш
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида табиий офатлар, авариялар ва фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар рўй берган ҳолларда ва бошқа фавқулодда вазиятларда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26-модда. Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш тадбирларини молиялаштириш
Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш тадбирларини молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида ман этилмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27-модда. Низоларни ҳал этиш
Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
28-модда. Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 30 август,
402-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й.,9-сон, 162-модда; 2016 й., 17-сон, 173-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 22.11.2023 й., 03/23/879/0873-сон; 09.09.2024 й., 03/24/957/0689-сон; 03.03.2025 й., 03/25/1041/0209-сон; 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)