Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
буйруғи
Қайта суғурта қилиш хизматлари кўрсатишнинг ягона талаблари ва стандартлари тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 16 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2190-2]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 августдаги ПҚ-4412-сон «Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 5-бандига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2010 йил 27 декабрдаги 111-сон буйруғи (рўйхат рақами 2190, 2011 йил 29 январь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 4-5-сон, 46-модда) билан тасдиқланган Қайта суғурта қилиш хизматлари кўрсатишнинг ягона талаблари ва стандартлари тўғрисидаги низом қуйидаги мазмундаги 81-банд билан тўлдирилсин:
«81. Қайта суғурталовчи (қайта суғурта брокери) суғурта мажбуриятларини қайта суғурталаш учун хорижий суғурта ташкилотларига беришдан аввал бериладиган суғурта мажбуриятларининг камида 50 фоизи миқдорида қайта суғурталаш бўйича офертани (қайта суғурталаш шартномаларини тузиш таклифларини) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қайта суғурталаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган суғурта ташкилотларига юбориши шарт. Бунда:
оферта шартлари суғурта мажбуриятларини хорижий суғурта ташкилотларига қайта суғурталашга бериш шартларига мувофиқ бўлиши керак;
оферта акцепти ёки акцептни рад этиш қайта суғурталовчилар — маҳаллий суғурта ташкилотлари томонидан, агар офертада акцепт учун кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, икки иш кунидан кечикмаган ҳолда амалга оширилади;
суғурта мажбуриятлари қайта суғурталовчи — маҳаллий суғурта ташкилоти томонидан ўзининг ушлаб қолиш ҳажми доирасида қабул қилинади;
қайта суғурталовчи — маҳаллий суғурта ташкилоти суғурта ҳодисаси содир бўлган тақдирда ва асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта тўловини амалга оширишда қайта суғурталаш шартномаси шартлари доирасида қайта суғурта қилдирувчининг қарорларига амал қилади.
Ушбу банд талаблари облигатор қайта суғурталашга татбиқ этилмайди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва инвестиция битимларида ўзгача тартиб назарда тутилган бўлса, қўлланилмайди.».
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазири Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 30 сентябрь,
101-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.10.2019 й., 10/19/2190-2/3917-сон)