Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 107-бандига қўшимча киритиш ҳақида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 550-сонли «Никоҳ, оила ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январдаги ЎРҚ-456-сон «Айрим давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш, шунингдек, никоҳдан ажралиш ҳолатларининг олдини олишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й., 11-сон, 104-модда) билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 107-бандига қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:
«ФҲДЁ органи эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиши керак».
2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 6 апрель,
270-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.04.2018 й., 09/18/270/1028-сон)