Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ДАВЛАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ХАРИД ҚИЛИНАДИГАН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ ҲИСОБ-КИТОБ ЖАМҒАРМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июндаги ПФ-5095-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчилари томонидан давлат эҳтиёжлари учун етказиб берилган маҳсулотларга ўз вақтида бўнак берилиши ва ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш мақсадида:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ҳисоб-китоб Жамғармаси ташкил этилсин.
2. Жамғарма зиммасига қуйидаги вазифаларни ҳал қилиш юклансин:
давлат эҳтиёжлари учун етиштириладиган ҳамда етказиб бориладиган пахта, ғалла ва шоли учун бўнаклар ва узил-кесил ҳисоб-китобларни ўз вақтида молиялаш;
давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган мазкур қишлоқ хўжалик маҳсулотларини бўнак билан таъминлаш ва узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
харид қилинадиган маҳсулот учун ҳисоб-китобларни таъминлайдиган барча бўғинлар — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, банклар, тайёрлов ташкилотлари ҳамда қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш.
3. Қуйидагилар Жамғармани шакллантиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:
пахта толасини экспорт қилиш бўйича форвард шартномаларидан тушадиган бўнак тўловлари ҳамда улар юзасидан узил-кесил ҳисоб-китоблар бўйича тушадиган маблағлар;
давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган маҳсулотларни қайта баҳолашдан ҳосил бўладиган маблағлар;
кредит маблағлари;
бюджетдан ташқари бошқа маблағлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига бир ҳафта муддатда Жамғарманинг молиявий операцияларини олиб бориш учун пахта, ғалла ва шолини харид қилиш бўйича тузилган шартнома ҳажмларини молиялаш бўйича бюджетдан ташқари учта асосий ҳисобварақ, шунингдек, кредит маблағларини тўлаш юзасидан маблағларни жамлаш учун мазкур маҳсулот турлари бўйича учта илова ҳисобварағи очиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Жамғарма маблағларини бошқариш ваколати берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг марказий аппарати таркибида Жамғарманинг ишчи аппарати тарзидаги махсус бўлинма тузилиб, вазирлик марказий аппаратининг сони 5 кишига кўпайтирилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг:
«Пахтабанк»ни — пахта етиштириш, харид қилиш ва қайта ишлашни молиялаш бўйича;
«Ғаллабанк»ни — ғалла ва шоли етиштириш, харид қилиш ҳамда қайта ишлашни молиялаш бўйича Жамғарманинг асосий молия агентлари этиб тайинлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Жамғарманинг молия агентлари зиммасига махсус очиладиган мақсадли ҳисобварақлар орқали давлат эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган ушбу маҳсулотларга ажратиладиган маблағлардан аниқ мақсад йўлида фойдаланилиши ва ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши, шунингдек берилган кредитларнинг белгиланган муддатларда қайтарилиши устидан назорат ўрнатиш вазифаси юклансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмалари — пахтани;
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Ўздонмаҳсулот» ДАК — ғалла ва шолини харид қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда сотиш бўйича Жамғарманинг тижорат агентлари этиб тайинлансин.
Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма давлат эҳтиёжлари учун пахта харид қилиш умумий ҳажми бўйича «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмалари билан, ғалла ва шоли харид қилиш умумий ҳажми бўйича эса «Ўздонмаҳсулот» давлат акциядорлик корпорацияси билан Бош битим тузади. Мазкур уюшма ва корпорация Жамғарма номидан ҳамда у билан келишган ҳолда ва тегишли равишда «Пахтабанк» ҳамда «Ғаллабанк» иштирокида маҳсулот харид қилиш тўғрисидаги контрактация шартномалари ўз вақтида тузилишини, харид қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотига бўнак берилиши ва узил-кесил ҳисоб-китоб қилинишини, уни харид қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш чоғида белгиланган стандартларга риоя этилиши устидан назоратни таъминлайдилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 11 июндаги ПФ-2874-сон Фармони таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 6-сон, 120-модда)
9. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:
давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотига бўнак бериш ва узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш учун Жамғармадан маблағ ажратиш 1999 йилги ҳосилдан бошлаб амалга оширилади;
календарь йили охирида Жамғарма маблағларининг қолдиқлари олиб қўйилмайди, бюджетдан ташқари ҳисобварақларда ҳисобга олинади ва келгуси йилда қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчиларига бўнак бериш ҳамда улар билан узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш учун молиявий маблағларга бўлган эҳтиёж баланси ҳисоб-китобларида фойдаланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини, тўловларнинг ўз вақтида ўтиши ва ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш вазифаси йилнинг ҳар чорагида ёппасига ва танлаб текширишлар ўтказиш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Бош назорат-тафтиш бошқармаси зиммасига юклансин.
Мансабдор шахслар огоҳлантириб қўйилсинки, ваколатлари бўлмаган ҳолда Жамғарма маблағларидан фойдаланишга аралашиш йўлидаги уринишлари учун улар амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка ҳам тортиладилар.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда ўн кун муддатда давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ҳисоб-китоб Жамғармаси тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиб, тасдиқласин;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноатсотиш» уюшмаси ҳамда «Ўздонмаҳсулот» давлат акциядорлик корпорацияси билан биргаликда бир ой муддатда 1999 йилги ҳосилдан давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган пахта, ғалла ва шолининг харид нархлари тўғрисидаги таклифларни, шунингдек бажариладиган Қишлоқ хўжалик ишларининг мавсумийлигини ҳисобга олган ҳолда йил чораклари бўйича Жамғарманинг молиявий маблағларга бўлган эҳтиёжлари балансини киритсин.
12. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари Б. Ҳамидов ва Б. Олимжонов зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 31 декабрь,
ПФ-2165-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 6-сон, 120-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 19-20-сон, 139-модда; 2009 й., 22-сон, 257-модда; 2016 й., 13-сон, 116-модда, 46-сон, 527-модда, 47-сон, 537-модда)