Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТОВАРЛАРНИНГ АЙРИМ ТУРЛАРИНИ ЧАКАНАЛАБ СОТИШ ҚОИДАЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 14 июлдаги 355-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 7-сон, 25-модда) билан тасдиқланган Умумий овқатланиш маҳсулотлари (хизматлари)ни ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
16-банднинг биринчи хатбошидаги «шунингдек, корхоналарнинг ушбу тури ва класси учун стандартларни» сўзлари чиқариб ташлансин;
18-банднинг биринчи хатбошидаги «шунингдек, маҳсулот (хизмат) сертификатини» сўзлари чиқариб ташлансин;
20-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«20. Ошпазлик маҳсулотини тайёрловчилар санитария қоидаларига риоя қилишга, шу жумладан, тиббий текширувларни, ходимларнинг санитария бўйича билимларини ошириш тадбирларини мунтазам равишда ўтказишга мажбурдирлар»;
23-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«23. Умумий овқатланиш маҳсулотларининг тайёрловчи корхонанинг савдо залидан ташқарида сотиладиган ҳар бир туркуми тайёрловчи корхонанинг номи кўрсатилган, тайёрланган вақти, сотишнинг сўнгги муддати ва бир идишга жойланган маҳсулот вазни кўрсатилган ҳолда нархномага эга бўлиши керак.
Умумий овқатланиш маҳсулотларини сотиш билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлар ҳам ушбу Қоидалари, амалдаги санитария қоидаларини ва бошқа норматив ҳужжатларни бажаришга мажбурдирлар»;
27-банддаги «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаш тўғрисида» сўзлари чиқариб ташлансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 14 июнь,
230-сон