Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ, МУҚОБИЛ ХИЗМАТНИНГ БЕЛГИЛАНГАН МУДДАТЛАРИНИ ЎТАБ БЎЛГАН ФУҚАРОЛАРНИ БЎШАТИШ ҲАМДА НАВБАТДАГИ ЧАҚИРУВ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари сафларидан:
муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган фуқаролар — резервга;
муқобил хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган фуқаролар — захирага бўшатилсин.
2. 1976—1985 йилларда туғилган, чақирилиш муддатини узайтириш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 2003 йилнинг апрель-май ойларида муддатли ҳарбий ва муқобил хизматга чақирилсин.
Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув мобайнида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан биргаликда Қуролли Кучларнинг чақирилувчилар билан сифатли бутланишини таъминлаш мақсадида жойлардаги чақирув комиссияларининг ҳар томонлама таъминланишини ва самарали ишлашини ташкил этсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Ф.Ғ. Назиров) Мудофаа вазирлиги (Қ.Ғ. Ғуломов) билан биргаликда чақирув участкаларини зарур тиббиёт асбоб-анжомлари ва буюмлари билан таъминласин, чақирилувчиларнинг лаборатория текширувлари сифатли ўтказилишини, уларнинг турли ихтисосликдаги юқори малакали врачлар томонидан ҳар томонлама тиббий текшириб кўрилишини ташкил этсин. Чақирилувчиларни тиббий текширишнинг холислиги, шу жумладан муқобил тиббий комиссияларнинг самарали ишлаши орқали ташкил этилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 13 март,
136-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 5-6-сон, 52-модда)