Жиззах вилояти Зомин тумани ҳокимининг
Қарори
Туман ҳудудида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги ПФ-2100-сон Фармони (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1998 й., 10-11-сон, 203-модда) ижросини таъминлаш ҳамда туман ҳудудидаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчилик билан ўтказилиши жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги сабабли бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида қарор қиламан:
1. Туман Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, Маънавият тарғибот марказининг бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгашларини тузиш таклифи маъқуллансин.
2. Хотин-қизлар қўмитаси (М. Эшанова), «Маҳалла» хайрия жамоат фонди (П. Тожибоев), «Нуроний» жамғармаси (С. Маматқулов), Маънавият тарғибот маркази (Ғ. Сайдуллаев)га:
Жамоатчилик Кенгашининг мақсад ва вазифаларини белгилаб, ўтказиладиган тўй-ҳашам, маросим, оилавий тадбирлар ва унга доир бошқа тадбирларни ўтиш ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда тўй ва маросим эгалари билан ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш;
кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар асосида ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, тарғибот орқали жамият ҳаётига татбиқ этиш;
тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маросимларни ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилиш, ушбу масалани маҳалла ва меҳнат жамоасида муҳокама этиш, таъсир чорасини кўриш ва тушунтириш ишларини ўтказиш тизимини яратиш вазифалари топширилсин.
3. Туман Маданият ва спорт ишлари бўлими (Ш. Жиянмуродов) тўйлар ва маъракаларда санъаткорлар иштироки ва уларнинг кийиниш маданиятига риоя қилиши назоратга олинсин, раққосалик номи остида касбига номуносиб бўлган қиз-жувонларнинг тўйларга чиқиши қатъий чеклансин.
4. Туман ички ишлар бўлими (Э. Хусанов) тўй-ҳашам муносабати билан келин-куёв ва уларнинг яқинлари туманда айланиши ва суратга олиши жараёнида фуқаролар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигига қатъий риоя этишини назорат қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиласин.
5. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, туманда жойлашган барча корхона, ташкилот, муассаса, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини раисларига ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва меҳнат жамоасига етказиш ҳамда жойларда қарорнинг ижросини таъминлаш вазифалари топширилсин.
6. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосарлари М. Эшанова ва Ш. Жўраев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким У. АЗИМОВ
Зомин ш.,
2013 йил 19 август,
1315-сон