Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА РЕСПУБЛИКАНИНГ ФОНД БОЗОРИДА ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРЛАР ИШТИРОКИНИ КЕНГАЙТИРИШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 24 январдаги ПФ-3202-сонли «Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш ва кенгайтириш, фонд бозорида инвесторлар, шу жумладан хорижий инвесторларнинг фаоллигини ошириш мақсадида:
1. Шу нарса белгилансинки, давлат ўз улушини сақлаб қоладиган очиқ турдаги акциядорлик жамиятларининг устав сармоясини шакллантириш чоғида хусусийлаштирилган корхоналар акцияларининг қуйидаги пакетлари кўзда тутилади:
давлатга — акцияларнинг кўпи билан 25 фоизи;
меҳнат жамоасига — акцияларнинг кўпи билан 26 фоизи;
хорижий инвесторга сотиш учун — акцияларнинг камида 25 фоизи;
қолган қисми — эркин савдога.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига айрим ҳолларда хорижий инвесторлар иштирокида ташкил этиладиган акциядорлик жамиятларининг акциялари пакетини тендер (танлов) шартлари асосида тақсимлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, мазкур тартиб эмиссия проспекти рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб бир йил мобайнида амал қилади, шундан кейин сотиб олинмаган акцияларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан юридик ва жисмоний, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахсларга эркин сотиш учун қўйилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Маркази бир ҳафта муддатда давлат корхоналари негизида ташкил қилинган акциядорлик жамияти таъсисчилари ўртасида акцияларни тақсимлашни таъминлаш механизмининг норматив-ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқиб, тақдим этсинлар.
4. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Давлат мулки қўмитаси раиси В.А. Чжен зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 31 март,
ПФ-1740-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 3-сон, 88-модда; 2003 й., 1-сон, 13-модда)