Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликлари Иқтисодиёт вазирлиги ўртасида
англашув Меморандуми
ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК, САВДО ВА ИНВЕСТИЦИЯЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликлари Иқтисодиёт вазирлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
улар ўртасидаги мавжуд дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш истагидан келиб чиқиб,
иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестициялар орқали ҳисса қўшишни, ўз халқи учун фаровонликка эришишни мақсад қилиб,
маҳсулотлар, хизматлар ва ўзаро инвестициялар оқимини кучайтириш заруриятига қатъий ишониб,
иқтисодий, илмий ва саноатдаги ҳамкорлик, технологиялар етказиб бериш, савдо ва инвестиция учун етакчи тармоқларни қўллаб-қувватлаш аҳамиятини англаб,
тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар Томонлардан ҳар бирининг манфаатларини таъминлашини англаб,
қуйидагиларни келишиб олдилар:
1-модда
Ушбу Англашув Меморандумининг мақсади икки давлат ўртасида савдо, саноат, хизмат кўрсатиш ва инвестициялар соҳасида иқтисодий алоқаларини янада фаоллаштиришдан иборатдир.
2-модда
Томонлар ҳар икки давлатдаги иқтисодий маълумотларни алмашишга розилик билдирадилар. Шунингдек, ҳар икки Томон савдо, инвестиция, экспорт ва импортга оид қонунчилик бўйича ҳам маълумотларни алмашишга рози эканликларини изҳор қиладилар.
3-модда
Ҳар икки Томон ҳам 2008 йил март ойида икки давлат ўртасида имзоланган амалдаги иқтисодий Битимни амалга ошириш учун ўзаро фаолият юритишга розилик билдирадилар.
4-модда
Томонлар икки давлат хусусий секторлари ўртасидаги иқтисодий ва савдо алоқаларини қўллаб-қувватлашга розилик билдирадилар. Томонлар икки давлат Савдо-саноат палаталари ўртасидаги алоқаларни рағбатлантиришга ва уларга ҳомийлик қилишга рози эканликларини изҳор қиладилар.
5-модда
Томонлар иккала давлатдаги давлат ва хусусий компаниялар томонидан ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришга розилик билдирадилар.
6-модда
Томонлар икки давлатдаги улкан савдо, саноат ва инвестиция имкониятларини тушуниб етадилар. Томонлар хусусий секторлар учун ишбилармонлар делегациялари алмашинувини ўзида мужассамлаштирган ўзаро танишув дастурларини яратиш ва савдо кўргазмаларини ташкиллаштириш учун икки давлатдаги Савдо-саноат палаталарини рағбатлантиришга розилик билдирадилар.
7-модда
Мазкур Англашув Меморандуми юридик мажбурий ҳисобланмайди ва халқаро ҳуқуқ доирасида ҳеч қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларни юкламайди.
8-модда
Ушбу Англашув Меморандуми Томонлар тарафидан имзолагандан сўнг кучга киради ва Томонлардан бири иккинчи Томонга олти ойлик муддатда ушбу Меморандумни тўхтатиш бўйича ёзма хабардор қилмагунга қадар, чекланмаган муддатда амалда бўлади.
9-модда
Томонлар ушбу Меморандумга исталган пайтда, ўзаро келишув асосида, ёзма равишда ўзгартириш ва қўшимчалар киритишлари мумкин.
Тошкент шаҳрида 2009 йил 11 июнь куни икки нусхада ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида имзоланди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2009 й., 2-3-сон)