ONLINE TRANSLATE
Document passport
Маҳаллий енгил саноат корхоналарининг халқаро етказиб бериш занжирларида иштирокини кенгайтириш ҳамда ташқи бозорларда ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнтининг Фармони, 12.01.2026 йилдаги ПФ-4-сон

Фармонга кўра, тўқимачилик корхоналарини иқтисодий ва молиявий кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратиш ва улар фаолиятига манзилли кўмаклашиш бўйича корхоналарни қўллаб-қувватлаш дастури амалга оширилади. 

Бунда қуйидагиларга рухсат берилади:

корхоналарга тижорат банклари томонидан 2 млн АҚШ долларигача улар томонидан харид қилинган ва тўловлари тўлиқ амалга оширилган ёки ўзи етиштирган хомашёни  гаровга олган ҳолда Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ресурслари ҳисобидан кредитлар ажратишга;

соғломлаштириш имконияти мавжуд деб топилган корхоналарнинг аввал олган тижорат кредитлари муддатини 7 йилгача узайтириб беришга;

пахта хомашёси хариди учун жалб қилинган кредитлар бўйича 2026–2027 йилларда тўлов графикларида январь-февраль ойлари учун белгиланган тўловларни кредит шартномасига асосан охирги 6 ойга тенг тақсимланган ҳолда тўлашга.

Фармонга кўра, енгил саноат корхоналарида 2026 йил 1 январдан қуввати 5 МВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг корхона эҳтиёжидан ортиқча қисмини сотиш тизими жорий қилинади.

2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача пахта тайёрлаш пунктлари фаолиятининг мавсумийлигини инобатга олган ҳолда пахта тайёрлаш пунктларига мол-мулк ва ер солиқларини 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлашга рухсат берилади.

2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар:

тижорат банклари балансидаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг мол-мулклари инвесторларга реализация қилишда ҚҚСдан озод қилинади;

тижорат банклари балансидаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг мол-мулкларини харид қилган инвесторларга ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини 6 ойда тўлиқ тиклаш шарти билан 1 йил муддатга мол-мулк солиғини 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлашга рухсат берилади;

чарм-пойабзал, мўйначилик корхоналари ва чорва молларини сўйиш ва терини қайта ишловчи ташкилотлар учун назарда тутилган фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи, айланмадан олинадиган солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар муддати узайтирилади.