Фармонга мувофиқ:
1) Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари нормаларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларини амалга оширишга қаратилган миллий ҳаракат режалари (“йўл хариталари”)нинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;
қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини бажаришга тўсқинлик қилаётган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;
Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш;
2) Қуйидагилар тасдиқланди:
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси (Миллий стратегия) ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”;
Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг мурожаатларини кўриб чиқиш юзасидан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
3) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:
а) Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази (Марказ) Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши юзасидан:
мунтазам мониторинг олиб бориб, чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб боради;
доимий равишда аниқ кўрсаткичлар ва эришилган натижалар акс эттирилган батафсил ахборотни ўз веб-сайтида жойлаштириб боради;
ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган маълумот киритади;
ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрланиши, хорижий тилларга таржима қилиниши ва эълон қилинишини таъминлайди;
б) “Йўл харитаси”да белгиланган масъул ижрочилар ўзларига юклатилган вазифалар ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5-санасига қадар Марказга тақдим этади;
4) Қуйидаги таклифлар маъқулланди:
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда кўрсатган хизматлари учун ҳар йили Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида топшириладиган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонини таъсис этиш;
ҳар икки йилда юқори савияда ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий давлатлар мутахассислари ва фахрий меҳмонлар иштирокида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш;
5) Марказ ходимларининг лавозим маошига фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга шахслар учун — лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасига эга шахслар учун — лавозим маошининг 60 фоизигача қўшимча ҳақ тўланиши белгиланди.