Ўзбекистон Республикасининг қонуни
АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН БАНК ТИЗИМИДА АХБОРОТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан
2005 йил 16 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2006 йил 24 февралда
маъқулланган
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик
Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-модда. Автоматлаштирилган банк тизими
Автоматлаштирилган банк тизими банк фаолияти соҳасида ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ва ундан фойдаланишни амалга ошириш учун мўлжалланган ахборот тизимидир.
4-модда. Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилишнинг мақсадлари
Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
банкларнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини ҳамда киберхавфсизлигини таъминлаш ва банк сирини муҳофаза қилиш;
(4-модданинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 20 сентябрдаги ЎРҚ-964-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.09.2024 й., 03/24/964/0736-сон — 2024 йил 22 декабрдан кучга киради)
ахборотнинг тарқалиб кетиши, ўғирланиши, йўқотилиши, бузиб талқин этилиши, тўсиб қўйилиши, қалбакилаштирилиши ва ундан ўзгача тарзда рухсатсиз фойдаланилиши, шунингдек нусха олинишининг ҳамда автоматлаштирилган банк тизимига бошқача шаклдаги аралашувларнинг олдини олиш.
5-модда. Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотнинг муҳофаза қилинишини ташкил этиш
Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотнинг муҳофаза қилинишини ташкил этиш:
Олдинги таҳрирга қаранг.
ахборотни муҳофаза қилиш, ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини ҳамда киберхавфсизлигини таъминлаш қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларга риоя этиш, шунингдек автоматлаштирилган банк тизимида ишлов бериладиган ахборотни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш;
(5-модданинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 20 сентябрдаги ЎРҚ-964-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.09.2024 й., 03/24/964/0736-сон — 2024 йил 22 декабрдан кучга киради)
сертификатланган техника воситалари ва ахборотни муҳофаза қилиш воситаларидан фойдаланиш;
автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш;
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 1 августдаги 19/1-сон «Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигига доир минимал талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 3669, 18.08.2025 й.).
автоматлаштирилган банк тизимида ахборот тўплашга доир фаолиятни ва унга ишлов бериш усулларидан фойдаланишни мувофиқлаштириш йўли билан амалга оширилади.
6-модда. Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотдан фойдаланиш
Автоматлаштирилган банк тизимидан фойдаланувчи автоматлаштирилган банк тизимида ахборот мулкдорининг рухсати билан ахборотдан фойдаланади.
Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотдан ахборот мулкдорининг рухсатисиз фойдаланишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.
7-модда. Автоматлаштирилган банк тизими мулкдори
Автоматлаштирилган банк тизими мулкдори юридик шахс бўлиши керак.
Автоматлаштирилган банк тизими мулкдори ахборот мулкдори ва автоматлаштирилган банк тизимидан фойдаланувчи ўртасидаги ўзаро муносабатларни мувофиқлаштиради.
Автоматлаштирилган банк тизими мулкдори ахборот мулкдорини ва автоматлаштирилган банк тизимидан фойдаланувчини автоматлаштирилган банк тизимида ахборотга ишлов бериш усулларининг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида хабардор қилиши, ахборот мулкдори ва автоматлаштирилган банк тизимидан фойдаланувчи эса таклиф этилган ишлов бериш усулларининг қўлланилишига рози эканлигини ва эътирозлари йўқлигини тасдиқлаши шарт.
Автоматлаштирилган банк тизими мулкдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ ахборотнинг муҳофаза қилинишини таъминлаши ҳамда ахборот мулкдорини унинг ахбороти муҳофазаси бузилишининг барча ҳоллари тўғрисида хабардор қилиши шарт.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 1 августдаги 19/1-сон «Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигига доир минимал талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 3669, 18.08.2025 й.).
Олдинги таҳрирга қаранг.
Автоматлаштирилган банк тизими мулкдори давлат сирларини ўз ичига олган ёки конфиденциал ҳисобланган ахборотнинг муҳофаза қилинишини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда таъминлаши шарт.
(7-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 20 сентябрдаги ЎРҚ-964-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.09.2024 й., 03/24/964/0736-сон — 2024 йил 22 декабрдан кучга киради)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 3 апрелдаги ПҚ-614-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ахборотни криптографик муҳофаза қилиш тўғрисидаги низом.
8-модда. Автоматлаштирилган банк тизимидаги техника воситаларини сертификатлаштириш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Автоматлаштирилган банк тизимидаги техника воситаларини, шунингдек бу тизимнинг давлат сирларини ўз ичига олган ёки конфиденциал ҳисобланган ахборотга ишлов берувчи муҳофаза воситаларини (шу жумладан криптография воситаларини) сертификатлаштириш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
(8-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 20 сентябрдаги ЎРҚ-964-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.09.2024 й., 03/24/964/0736-сон — 2024 йил 22 декабрдан кучга киради)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги ва «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 3 апрелдаги ПҚ-614-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларини сертификатлаш тўғрисидаги низом.
9-модда. Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш хизмати
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида ва банкларда автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилиши керак.
Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш хизмати:
ахборотнинг сақланишини таъминлаш устидан назоратни ташкил этади;
ахборотни муҳофаза қилиш масалаларида услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;
автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тизимини лойиҳалаш, синовдан ўтказиш ва қабул қилиб олишда иштирок этади;
автоматлаштирилган банк тизимида ахборотдан рухсатсиз фойдаланишга уринишлар бўлганлиги, унга бошқача шаклда аралашилганлиги аниқланганда ҳамда тизимнинг ишлаш қоидалари бузилганда мазкур тизимдаги ахборотни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кўради;
ахборотни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг ҳолати ва самарадорлигини таҳлил этади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
(9-модда иккинчи қисмининг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
10-модда. Низоларни ҳал этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(10-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг, Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сон «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11-модда. Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(11-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 46-моддаси, 155-моддасининг биринчи, иккинчи қисмлари, 1551-моддаси ва Жиноят кодексининг 191-моддаси, XX1 боби.
12-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
 LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2006 йил 7 апрелдаги 66 (3865) - сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 4 апрель,
ЎРҚ–30-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 14-сон, 112-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 21.09.2024 й., 03/24/964/0736-сон)