Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АҲОЛИ ПУНКТЛАРИНИНГ МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ ТУЗИЛИШИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
«Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топонимик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига мувофиқ ҳамда БМТнинг нуфус масалалари бўйича стандартларига кўра шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари тўғри ҳисобга олинишини таъминлаш мақсадида:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари:
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарчалар тоифасига кирувчи аҳоли пунктларини рўйхатдан ўтказсин;
рўйхатдан ўтказиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда туманлар ҳокимларининг илтимосномалари асосида бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгашларига аҳоли сони камида 2000 киши бўлган, ўз белгиларига кўра «Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топонимик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига мос келадиган қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳарчалар тоифасига киритиш тўғрисида илтимосномалар тақдим этсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳар йил биринчи чоракда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда қишлоқ аҳоли пунктларини рўйхатдан ўтказсин ва зарур ҳолларда амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг мақомини ўзгартириш тўғрисида белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоят Кенгашларига тегишли илтимосномалар киритсин.
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 февралдаги ПФ-27-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.03.2025 й., 06/25/27/0196-сон)
2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгашларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг илтимосномаларини кўриб чиқиш ҳамда юқорида кўрсатилган аҳоли пунктларининг мақомини ўзгартириш тўғрисида белгиланган тартибда тегишли қарорлар қабул қилиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг қарорларидан келиб чиққан ҳолда ва асослаб берувчи ҳужжатларни пухта ўрганиш натижаларига кўра муайян қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳар посёлкалари тоифасига киритиш билан боғлиқ иқтисодий-ҳуқуқий масалалар бўйича қарорлар қабул қилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида қишлоқ ва шаҳар аҳоли пунктларининг статистика кўрсаткичларига белгиланган тартибда тегишли ўзгартишлар киритсин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 февралдаги ПФ-27-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.03.2025 й., 06/25/27/0196-сон)
5. Белгилансинки, қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳар посёлкалари тоифасига киритиш чоғида врачлар, провизорлар, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун:
аҳоли пунктларининг мақоми ўзгартирилган кундан бошлаб 5 йил мобайнида қишлоқ жойларда амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақлаб қолинади;
улар пенсияга чиққанида ушбу тоифадаги шахсларга уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойлик компенсация пул тўловларини тайинлаш чоғида мазкур давр иш стажига қўшилади.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 14 июль,
ПҚ-120-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 28-29-сон, 207-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.03.2025 й., 06/25/27/0196-сон)