Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДА ЯККА ТАРТИБДА ВА ЖАМОА ТАРТИБИДА ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВОСИТАЛАРИНИ ЯРАТИШ ҲАМДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Корхоналарнинг якка тартибда ва жамоа тартибида ҳимоя қилиш воситаларига эҳтиёжларини энг тўлиқ таъминлаш, уларни бевосита республиканинг ўзида ишлаб чиқаришни анча кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида якка тартибда ва жамоа тартибида ҳимоя қилиш воситаларини яратиш ҳамда ишлаб чиқариш тадбирлари 1 — 4-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 4-иловалар берилмайди.
2. Белгилаб қўйилсинки, кўрсатиб ўтилган тадбирларда назарда тутилган ишларни маблағ билан таъминлаш Иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги (Обидов) ҳимоя қилиш воситаларини сертификация синовларидан ўтказиш учун ишланмалар, услубиётлар ва аппаратлар соҳасидаги, шунингдек Иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобига янги ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқарувчи кичик ва қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича Меҳнатни муҳофаза қилиш республика илмий-тадқиқот институти ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти томонидан ўтказиладиган илмий-тадқиқот, тажриба-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини мувофиқлаштириб борсин.
4. «Ўзкимёсаноат» уюшмаси узунлик зичлиги паст бўлган нитрон толаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйсин, шунингдек илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш учун зарур полимер материалларга бўлган эҳтиёжни ҳамда ҳимоя қилиш воситаларини тадбирларда назарда тутилган муддатларда ишлаб чиқаришни таъминласин.
5. «Ўзбекенгилсаноат» давлат уюшмаси улар базасида белгиланган ҳимоялаш хоссаларига эга бўлган махсус газламалар ишлаб чиқариш ўзлаштириладиган, шунингдек махсус кийимлар ишлаб чиқариш ташкил этиладиган корхоналарни икки ҳафта муддатда белгиласин.
6. «Ўзмашсаноат» уюшмаси:
тажриба-конструкторлик ишларини ўтказиш учун Меҳнатни муҳофаза қилиш республика илмий-тадқиқот институти, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, «Ўзбекенгилсаноат» давлат уюшмаси буюртмаси бўйича анжомлар ишлаб чиқаришни ҳамда асбоб-ускуналарни модернизация қилишни таъминласин;
меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида якка тартибда ва жамоа тартибида ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқаришни ўзлаштираётган корхоналар билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича анжомлар ва асбоб-ускуналар тайёрлашни таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарлари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 5 декабрь,
450-сон