Ҳужжат кучини йўқотган " " 01.09.2024
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент вилояти Бекобод туманида 2017 йил пахта ҳосилини етиштиришда йўл қўйилган камчиликлар ва уларни келгусида бартараф этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 йилда ғўзани навлар бўйича жойлаштириш ва пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида»ги 2017 йил 3 февралдаги ПҚ-2756-сонли қарорига асосан 2017 йилда Тошкент вилояти Бекобод туманида 625 та пахтачилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг 1777 та контуридаги 14700 гектар майдонларига чигит экилиб, давлатга пахта сотиш шартномавий режаси 36100 тонна миқдорида белгиланган.
Бироқ, туманнинг 4 та сектор раҳбарлари томонидан назорат ўрнатилмаганлиги, мутасадди идоралар раҳбарларининг ўз вазифаларини зарур даражада бажармаганлиги натижасида шартномавий режа 74,1 фоизга бажарилган ёки 9357,7 тонна пахта хом ашёси кам топширилиши сабабли 17,8 млрд.сўм даромад олинмай қолган.
Йўл қўйилган камчиликларнинг сабаблари ўрганилганда маълум бўлдики, аксарият ҳолларда назорат ва ташкилотчиликнинг талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги натижасида:
биринчидан, 350 гектар экин ер майдонларини сув билан таъминлайдиган Навбаҳор насос станцияси орқали сув чиқариладиган «Машканал»нинг 3,6 км қисми қўшни Тожикистон Республикаси ҳудудида қолиб кетганлиги сабабли сув таъминоти оғирлиги, шунингдек СИУ балансидаги 64 та насос агрегатлари босимли қувурлари яроқсиз ҳолга келганлиги, керакли эҳтиёт қисмлар бўлмаганлиги ҳисобига 36 та фермер хўжаликларининг 650 гектар майдони сув билан яхши таъминланмаганлиги сабабли 568 тонна ҳосил етиштирилмаган;
иккинчидан, тумандаги юқори унумли ҳайдов тракторларидан 30 донаси эскирганлиги сабабли чигит экиладиган майдонларни шудгорлаш ишлари муддатидан кечиктириб, сифатсиз ва саёз ўтказилганлиги, 83 дона чопиқ тракторлари ва 83 дона культиваторлар етишмаслиги натижасида ғўза қатор ораларига ишлов беришда камчиликларга йўл қўйилганлиги, чигит экишга ер тайёрлашда 26 дона ер текислагичлар ва 7 дона чигит экиш сеялкалари етишмаслиги оқибатида 1446,9 тонна пахта ҳосили йўқотилган.
учинчидан, тумандаги 130 нафар фермер хўжаликлари молиявий ва иқтисодий ҳолати ночор бўлганлиги, моддий-техника базасининг йўқлиги сабабли 2998,6 гектар майдонда 4736,8 тонна (13,1%) пахта ҳосили етиштирилмаган.
тўртинчидан, жорий йилнинг июль ва август ойларида об-ҳавонинг кескин исиб, ҳаво ҳароратининг 45-46 даража ва ундан юқори кўтарилиши, Далварзин каналининг 36 км қисми кўшни Тожикистон Республикаси ҳудудидан ўтадиган чегара ортида жойлашганлиги, ушбу ҳудудларни ўз вақтида сув билан таъминлашда муаммолар юзага келганлиги сабабли аксарият майдонларда ғўзанинг ҳосил элементлари тўкилиши кузатилиб, 1475 гектар пахта майдонида 1372 тонна кам ҳосил олинган.
Юқоридаги каби қўпол агротехник хатоликлардан тўғри хулоса чиқариш ва 2018 йилда ерлардан самарали фойдаланишда сектор раҳбарлари, мутасаддилар, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Тошкент вилояти Бекобод туманида:
пахта етиштириш ва уни йиғиб-териб олишда жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги, гўза парваришида агротехник тадбирларнинг белгиланган муддатда сифатли ўтказилмаганлиги учун Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими О. Исраилов огоҳлантирилсин;
пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари билан тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида дебитор ва кредитор қарздорликларнинг ўсишига йўл қўйганлиги учун туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Б. Ҳакимов огоҳлантирилсин.
2. Ўзбекистан Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасига тегишли равишда бир ой муддатда туман прокурори, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғига йўл қўйган камчиликлари учун белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш тавсия этилсин.
3. Мавжуд қарздорликларнинг 2018 йилнинг 1 апрелига қадар ундирилишини таъминламаган тақдирда 4 та сектор раҳбарларига нисбатан вазифасидан озод қилишгача бўлган интизомий жазо чоралари кўрилиши тўғрисида огохлантирилсин.
4. Қуйидагилар:
Тошкент вилояти Бекобод туманида 2017 йил пахта ҳосилини етиштириш ва шартнома мажбуриятларини бажаришда йўл қўйилган камчиликлар ва уларни келгусида бартараф этиш чора-тадбирлари дастури 1-иловага мувофиқ;
Тошкент вилояти Бекобод туманидаги фермер хўжаликларига янги қишлоқ хўжалиги техникалари ва механизмларини етказиб беришнинг 2018 йилга мўлжалланган прогноз режалари 2, ва 2б-иловаларга мувофиқ;
Тошкент вилояти Бекобод туманида барча тоифадаги пахта етиштирувчи фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ва таъминотчи ташкилотлар олдидаги дебитор ва кредитор қарздорликларини ундириш жадвали 3-иловага мувофиқ;
Тошкент вилояти Бекобод туманида 2018 йилда фермер хўжаликлари томонидан экин майдонларидан ташқаридаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларда енгил конструкцияли ва кам харажатли дала шийпонлари, иссиқхоналар қуриш, парранда, соғин сигир ҳамда асалари боқишни ташкил этиш прогноз режаси 4-иловага мувофиқ;
Тошкент вилояти Бекобод туманида 2018 йилда фермер хўжаликлари томонидан пахта ва галла экинлари экиладиган ер майдонлари контурларининг дала четлари ҳисоб-китоби 5-иловага мувофиқ;
Тошкент вилояти Бекобод туманида 2018 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари экилган ва чигит экиладиган майдонлар атрофларидаги дала четларига қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ҳамда маҳсулот етиштиришнинг прогноз режаси 6 ва 6а-иловаларга мувофиқ;
Тошкент вилояти Бекобод туманида 2018 йил бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинларни жойлаштиришнинг прогноз режаси 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармасига фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ва таъминотчи ташкилотлар олдидаги дебитор ва кредитор қарздорликларини белгиланган тартибда ундириш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 15 кун муддатда Бекобод туманида 2018 йил учун экиладиган экинларни тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда самарали жойлаштирилишини таъминл асинл ар.
7. Ўзбекистан Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда фермер хўжаликлари раҳбарлари учун 2018 йилда фермер хўжаликларида режалаштирилган экинларни парваришлаш, зараркунандаларга қарши курашиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан жорий йилнинг март ойида жойларда семинарлар ўтказилишини ва мавсум давомида амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласин.
8. Мазкур қарор ижроси бўйича ҳар чоракда Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида 4 та сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланиши ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги амалга оширилган ишлар юзасидан Узбекистан Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаевга ахборот бериб бориши белгилаб кўйилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев ҳамда Тошкент вилояти ҳокими Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 6 март,
177-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.03.2018 й., 09/20/177/0827-сон)