|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 16.10.2012
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ БИРЛИКЛАР, АҲОЛИ ПУНКТЛАРИ, ТАШКИЛОТЛАР ВА БОШҚА ТОПОНИМИК ОБЪЕКТЛАРНИНГ НОМЛАРИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги 295-сонли ««Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатимиз мустақиллигига беш йил тўлаётганлигига қарамай ҳамон жойларда топонимик объектларнинг эски тузум ва коммунистик мафкурага хизмат қиладиган, халқимиз тарихи ва миллий анъаналарига боғлиқ бўлмаган номлари сақланиб қолмоқда. Булар истиқлол мазмун-моҳиятини тушунмасликдан, миллий мафкура ва миллий ғурур сустлигидан, баъзан эса масъулиятсизлик ва лоқайдликдан келиб чиқмоқда. Натижада бу янгича фикрлаш ва яшашни ўрганиш шароитларида халқимизни мустақиллик ғояларидан чалғитмоқда. Ҳокимликлар, улар ҳузуридаги топонимик комиссияларнинг етарли даражада фаолият кўрсатмаётганлигини ҳисобга олиб, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг топонимик объектлар номларини тартибга солиш борасидаги ишлари талаб даражасида эмас деб ҳисоблансин. Бу борадаги камчиликлар учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига кўрсатиб ўтилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 11 августдаги 383-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотди)
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, ташкилотлар, корхоналар, кўчалар, майдонлар, хиёбонлар ва бошқа объектларга ном бериш, уларнинг номларини ўзгартириш ва тартибга солиш масъулияти шахсан юклатилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига:
10 кун муддат ичида ҳокимликлар ҳузурида ташкил этилган топонимик комиссиялар фаолияти ва таркибини кўриб чиқиш, улар олиб бораётган ишларни фаоллаштириш мақсадида комиссиялар таркибига тарихчилар, тилшунослар, ҳуқуқшуносларни, жамоатчилик ва маҳаллий бошқарув идоралари вакилларини жалб этиш;
1996 йил 1 сентябргача ўзгартириладиган топонимик объектлар номларини қайта кўриб чиқиш, объектларнинг эски тузум давридан сақланиб қолган, халқимиз тарихи ва анъаналари билан боғлиқ бўлмаган номларини ўзгартириш ва уларга ном беришда тарихий, миллий, табиий ва бошқа маҳаллий шароитларни ҳисобга олиш, кишилар шарафига қўйилган барча номларнинг белгиланган қоидалар ва мақсадга мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш топширилсин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 11 августдаги 383-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотди)
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахсларнинг номини ҳаёт чоғида бирор жойга қўйишга ҳамда абадийлаштиришга рухсат берилмайди.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 9 мартдаги 123-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ. С. Кароматов зиммасига юклансин.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 сентябрдаги 359-сон қарори таҳририда)
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 31 май,
203-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 сентябрдаги 359-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотди)