|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.11.2025
|
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами — Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида:
1. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 7 500 000 (етти миллион беш юз минг) сўм миқдорида бирйўла пул мукофоти белгилансин.
2. Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотини тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминласинлар.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Бадиий академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Нуроний» жамғармаси ва «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ва шаъни-шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказсинлар.
5. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 23 апрель,
ПФ-5711-сон