Ҳужжат кучини йўқотган " " 28.03.2024
Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг 2005 – 2007 йиллардаги фаолияти тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 28 мартдаги КҚ-704-IV-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Сенат Кенгашининг айрим қарорларига ўзгартириш киритиш, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2007 йил 27 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлисларида 2008 йилда кўриб чиқиш учун тавсия этилаётган масалалар тўғрисида»ги 441-I-сонли қарорини амалга ошириш мақсадида Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги, уларнинг минтақавий ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш масалалари бўйича гуруҳ томонидан Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг 2005 — 2007 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги масала ўрганиб чиқилди. Ушбу масалани ўрганиш мобайнида қайд этилганидек, жойлардаги ҳокимият вакиллик органлари ишлари кучайган.
Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари иш режалари аввалги йиллардагига нисбатан анчагина мазмундор бўлиб қолган ҳамда тегишли ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг долзарб муаммоларини ҳал этишга қаратилган. Ижро этувчи ҳокимият ҳудудий органлари фаолияти устидан депутатлик назорати самарадорлигини ошириш мақсадида корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида ва уларнинг доимий комиссиялари мажлисларида тинглаш амалиётга жорий этилди. Маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларининг қарорлари ижро этилиши устидан мониторинг олиб бориш масалаларига янада кўпроқ диққат-эътибор берилмоқда.
Жойларда ишлаётган сенаторлар ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари фуқароларнинг мурожаатларидан келиб чиқадиган муаммоларни ҳал этишга кўпроқ эътибор бермоқдалар. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари моҳияти ҳамда аҳамиятини тушунтириш юзасидан изчил иш олиб бориш мақсадида тегишли туман ҳамда шаҳарларга жойларда ишлаётган сенаторлар ва халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг депутатлари бириктириб қўйилган.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ўз регламентларини ҳамда доимий комиссиялари тўғрисидаги низомларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2006 йил 8 июндаги 173-I-сонли қарори билан тасдиқланган Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг намунавий регламенти ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом асосида қайта кўриб чиқилган. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан Сенат қўмиталарининг ҳамкорликдаги мажлислари – «бирлашган сессия» режа асосида ўтказиладиган тадбирлар тусини олди. Хусусан, халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг сессияларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2006 йил 29 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Сенатнинг ва Сенат қўмиталарининг қарорлари ижро этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги тўғрисида»ги 200-I-сонли қарори муҳокамаси ўтказилган.
Халқ депутатлари Жиззах вилоят, Фориш, Зомин ва Пахтакор туманлари, Жиззах шаҳар, Сирдарё вилоят, Оқолтин ва Ховос туманлари, Янгиер шаҳар, Тошкент вилоят, Қибрай туман, Ангрен ва Чирчиқ шаҳарлари Кенгашлари фаолиятида ижобий ўзгаришлар сезилмоқда.
Шу билан бирга халқ депутатлари вилоят Кенгашларига қиёсан олганда туман (шаҳар) даражасидаги маҳаллий Кенгашлар ишида ташкилий хусусиятдаги камчиликлар борлигини айтиб ўтиш зарур.
Жумладан, иш режаларига киритилган масалаларни ўрганишда ишчи гуруҳлар тузишга ҳамда доимий комиссиялар фаолиятига тегишли мутахассисларни жалб этишга айрим ҳолларда етарлича эътибор берилмаётир. Натижада масалалар чуқур ва атрофлича таҳлил этилмаган ҳолда юзаки ўрганилмоқда, бу эса ўз навбатида аниқланган муаммолар келиб чиқишининг ҳақиқий сабабларини билиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имконини бермаётир. Хусусан халқ депутатлари Сардоба туман ва Ширин шаҳар (Сирдарё вилояти), Бекобод ва Оҳангарон туманлари ҳамда Олмалиқ шаҳар (Тошкент вилояти) Кенгашларида шундай камчиликлар мавжуд.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига берилган назорат ваколатларини амалга ошириш борасидаги фаолият етарлича самарали бўлмаяпти. Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари ўз қарорларининг ижро этилиши юзасидан амалий назорат олиб бормаётган ҳоллар ҳам учраб турибди. Бундан ташқари аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғиботни ташкил этиш ва йўлга қўйиш юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ишлар талаб даражасида олиб борилмаётир. Айрим ҳолларда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссияларининг иш режаларини тузишда тегишли туман ва шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ҳал этиш зарурлиги инобатга олинмаяпти. Масалан, халқ депутатлари Арнасой туман (Жиззах вилояти), Сардоба туман (Сирдарё вилояти), Бекобод туман ва Олмалиқ шаҳар (Тошкент вилояти) Кенгашлари фаолияти ўрганилганда шундай ҳоллар аниқланди.
Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги, уларнинг минтақавий ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш масалалари бўйича гуруҳ раҳбари Ғ. Алиевнинг, шунингдек халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг раиси М. Анарбаевнинг, Сирдарё вилоят Кенгашининг раиси А. Джалаловнинг ва Тошкент вилоят Кенгашининг раиси З. Ниязовнинг Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг 2005 — 2007 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ахборотларини тинглаб ва муҳокама этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг 2005 — 2007 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ахборотлар маълумот учун қабул қилинсин.
2. Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг эътибори Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 2006 йил 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисидаги «Мамлакатимиз тараққиётининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш — фаолиятимиз мезони бўлиши даркор», Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг Ўзбекистон мустақиллигининг 16 йиллигига бағишланган қўшма мажлисидаги «Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли», шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 15 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги «Асосий мақсадимиз – юртимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлини қатъият билан давом эттиришдир» деган маърузаларида илгари сурилган энг муҳим устувор вазифаларни ҳал этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар қабул қилиш зарурлигига қаратилсин. Шу муносабат билан номлари юқорида зикр этилган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига қуйидагилар тавсия этилади:
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижро этилишини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ва уларнинг доимий комиссиялари мажлисларида тегишли ҳудудларни устувор ривожлантириш масалаларини муҳокама этиш;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида ва уларнинг доимий комиссиялари мажлисларида қабул қилинган қарорларнинг ижроси устидан назоратни кучайтириш;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари йиллик иш режаларини тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг долзарб масалаларини ҳал этиш зарурлигини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш;
Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда уларнинг доимий комиссиялари билан биргаликдаги мажлисларини ўтказиш, шунингдек доимий комиссияларнинг қилинган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини халқ депутатлари тегишли Кенгашлари сессияларида тинглаш амалиётини кенг жорий этиш чораларини кўриш;
аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот олиб боришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш.
3. Халқ депутатлари Арнасой туман (Жиззах вилояти), Сардоба туман ва Ширин шаҳар (Сирдарё вилояти), Бекобод ва Оҳангарон туманлари ҳамда Олмалиқ шаҳар (Тошкент вилояти) Кенгашларига ўз фаолиятларини такомиллаштириш ҳамда мавжуд камчиликларни, шу жумладан доимий комиссиялар ишидаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ тадбир-чоралар режаларини ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
4. Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги, уларнинг минтақавий ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш масалалари бўйича гуруҳга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2007 йил 26 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Сенатнинг ва Сенат қўмиталарининг қарорлари ижро этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги тўғрисида»ги Қарорининг бажарилиши ҳақида»ги 294-I-сонли Қарорининг 7-бандини бажариш юзасидан халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссияларининг раислари учун йил мобайнида туркум ўқув семинарлари ташкил этиш тўғрисидаги масалани ишлаб чиқиш топширилсин.
5. Ушбу қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига юборилсин.
6. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси — Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги, уларнинг минтақавий ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш масалалари бўйича гуруҳ раҳбари зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 31 январь,
442-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 1-сон, 59-модда)