ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ УМУМХАЛҚ МУҲОКАМАСИ ТЎҒРИСИДА
I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалаларига дахлдор қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисидаги қонунчилик
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Қорақалпоғистон Республикасида қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилиги билан ҳам тартибга солинади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-модда. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасининг асосий принциплари
Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
ихтиёрийлик;
тенглик;
ошкоралик;
ҳамма учун очиқлик;
эркин фикр билдириш.
4-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси иштирокчилари
Фуқаролар, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси иштирокчилари бўлишлари мумкин.
Чет эл давлатлари ва халқаро ташкилотларнинг экспертлари Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасига ушбу Қонунга мувофиқ жалб этилишлари мумкин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг 23-моддаси тўртинчи қисми.
5-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида фуқароларнинг ҳуқуқлари
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:
қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида эркин иштирок этиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонун лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларига, оммавий ахборот воситаларига таклифлар ва мулоҳазалар киритиш;
(5-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси учун депутатлар билан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг вакиллари билан ташкил этилган учрашувларда ва бошқа тадбирларда қатнашиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этувчи фуқаролар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.
(5-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг 23-моддаси.
6-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида оммавий ахборот воситаларининг иштирок этиши
Умумхалқ муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Оммавий ахборот воситалари қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасининг боришини ёритадилар, қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазаларини эълон қилиб борадилар.
II БОБ. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ УМУМХАЛҚ МУҲОКАМАСИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ИШТИРОК ЭТИШ ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИ
7-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида фуқаролар иштирок этишининг ихтиёрийлиги
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида фуқароларнинг иштирок этиши ихтиёрийдир.
Фуқароларни қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этишга мажбурлаш тақиқланади.
8-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этишда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этишда фуқаролар тенг ҳуқуққа эгадирлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеига қараб қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқларини чеклаш тақиқланади.
(8-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 20 сентябрдаги ЎРҚ-963-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.09.2024 й., 03/24/963/0735-сон)
9-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини ўтказишда ошкоралик
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси ошкора ўтади ва оммавий тусга эга бўлади.
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.
10-модда. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасининг ҳамма учун очиқлиги
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси унинг ҳамма иштирокчилари учун очиқ бўлиши керак.
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этишга ҳеч ким монелик қилишга ҳақли эмас.
11-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси жараёнида фуқароларнинг эркин фикр билдириш ҳуқуқи
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси жараёнида фуқаролар қонун лойиҳалари бўйича ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга.
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси жараёнида ҳеч ким қонун лойиҳалари юзасидан ўз фикрини билдиришга мажбур қилиниши мумкин эмас.
III БОБ. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ УМУМХАЛҚ МУҲОКАМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
12-модда. Қонун лойиҳаларини умумхалқ муҳокамасига қўйиш ташаббуси
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳаларини умумхалқ муҳокамасига қўйиш ташаббуси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган органлар ва шахсларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қўмиталарига тегишлидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Бош прокурори эгадирлар ва бу ҳуқуқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.
(12-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
13-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини тайинлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинади.
(13-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ёки унинг Кенгаши қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси жараёнида тушадиган таклиф ва мулоҳазаларни кўриб чиқиш ишларини ташкил этиш муддати ва тартибини белгилайди.
(13-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
14-модда. Қонун лойиҳаларини умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилиш
Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси учун «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталарида, уларни умумхалқ муҳокамасига қўйиш ҳақида қарор қабул қилинганидан кейин ўн кундан кечиктирмай эълон этилади. Улар махсус нашрларда, бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам чоп қилиниши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини ўтказиш бўйича ваколатлари
(15-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қўмиталари:
(15-модданинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
қонун лойиҳалари юзасидан тушган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олиб борадилар;
тушаётган таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштирадилар, ўрганиб чиқадилар ва таҳлил этадилар;
таклиф ва мулоҳазаларни ўрганиб чиқиш ва таҳлил этишга экспертлар, мутахассислар ва олимларни жалб қиладилар;
қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси бўйича семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари уюштирадилар;
таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳаларини маромига етказадилар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини ўтказиш бўйича қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.
(15-модданинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
16-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасига доир тадбирларни ташкил этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округларида қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасига доир тадбирларни ташкил этадилар.
(16-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 сентябрдаги ЎРҚ-563-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2019 й., 03/19/563/3685-сон — 2020 йил 1 январдан кучга киради)
17-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини ўтказиш учун шарт-шароитларни таъминлаш
Давлат органлари қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини ўтказиш учун:
қонун лойиҳаларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш;
қонун лойиҳаларининг муҳокамасига доир тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашиш;
қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасининг бориши ва якунлари тўғрисидаги ахборотни оммавий ахборот воситаларида тарқатиш йўллари билан зарур шарт-шароитларни таъминлайдилар.
18-модда. Қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш
Умумхалқ муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари давлат органларининг мажлисларида, фуқаролар йиғинларида, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларида, ҳарбий хизматчиларнинг йиғилишларида, оммавий ахборот воситалари орқали муҳокама қилиниши мумкин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонунининг 26-моддаси.
19-модда. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазалари
Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазалари якка тартибда ёки жамоа тарзида, оғзаки ёки ёзма шаклда киритилади.
Қонун лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазаларда фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг турар жойи, тегишли органнинг, ташкилотнинг номи ва почта манзили кўрсатилади. Қонун лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар имзоланган бўлиши керак.
Қонун лойиҳаси юзасидан белгиланган тартибда киритилган таклиф ва мулоҳазалар кўриб чиқилиши шарт. Таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилиб олишни рад этиш тақиқланади.
Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазалари тавсия ва маслаҳат хусусиятига эга бўлади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонунининг 23-моддаси учинчи қисми.
20-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси бўлиб ўтадиган тил
Фуқаролар қонун лойиҳасига доир таклиф ва мулоҳазаларини давлат тилида ёки ўзлари билган исталган бошқа тилда киритишга ҳақлидирлар.
IV БОБ. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ УМУМХАЛҚ МУҲОКАМАСИ ДАВОМИДА ТУШГАН ТАКЛИФ ВА МУЛОҲАЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ
21-модда. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазаларини кўриб чиқиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқаролар, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларидан умумхалқ муҳокамаси давомида қонун лойиҳаси юзасидан тушган таклиф ва мулоҳазалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан кўриб чиқилади.
(21-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
22-модда. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазаларини умумлаштириш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қўмиталари умумхалқ муҳокамаси давомида тушган таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштирадилар ҳамда қонун лойиҳаларини маромига етказадилар.
(22-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
23-модда. Шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳисобга олиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳаларини маромига етказиш пайтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари аҳоли турли қатламларининг, жамият сиёсий кучларининг ҳамда давлатнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга оладилар.
(23-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 сентябрдаги ЎРҚ-563-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2019 й., 03/19/563/3685-сон — 2020 йил 1 январдан кучга киради)
24-модда. Таклиф ва мулоҳазаларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ахборот
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қўмиталари қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси якунлари тўғрисида умумлаштирилган ахборот тайёрлайдилар ҳамда уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари эътиборига етказадилар.
(24-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
V БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
Олдинги таҳрирга қаранг.
25-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси якунларини кўриб чиқиш
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси якунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.
Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонунни қабул қилади ва уни маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборади ёки қонун лойиҳасини қўшимча равишда ишлашга юборади ёхуд уни рад этади.
(25-модда Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
26-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси якунларини эълон қилиш
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси якунлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
27-модда. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(27-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 14 декабрь,
166-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 14-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2019 й., 03/19/563/3685-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 21.09.2024 й., 03/24/963/0735-сон)