Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.11.2025
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ТОШКЕНТ МОЛИЯ-ҚУРИЛИШ КОРПОРАЦИЯСИ («ТОШУЙЖОЙИНВЕСТҚУРИЛИШ»)НИ ТУГАТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Капитал қурилишни янада ислоҳ қилиш, қурилиш ташкилотлари ва қурилиш индустрияси корхоналарининг мустақиллигини кенгайтириш, пудрат ишлари бозорини шакллантириш, қурилиш қийматини пасайтириш ва сифатини ошириш, ортиқча бошқарув бўғинларини тугатиш ҳисобига қурилиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳамда Тошкент молия-қурилиш корпорацияси «Тошуйжойинвестқурилиш» муассисларининг уни тугатиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, тугатилаётган «Тошуйжойинвестқурилиш» корпорацияси таркибида бўлган пудрат қурилиш трестлари ва ташкилотлари, саноат ҳамда транспорт корхоналари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар мустақил юридик шахслар сифатида сақлаб қолинади ҳамда улар амалдаги қонунчиликка мувофиқ уюшмаларга ва бошқа шакллардаги хўжалик бирлашмаларига ихтиёрий равишда кириш ҳуқуқига эгадирлар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 77-моддаси.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасига «Тошуйжойинвестқурилиш» корпорацияси таркибида бўлган пудрат қурилиш трестларининг ва айрим саноат корхоналарининг давлат ихтиёридаги акциялар пакетларини республиканинг фонд бозорида эркин савдода, шу жумладан хорижий сармоядорларга сотиш ҳуқуқи берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент давлат-акционерлик қурилиш корпорациясини ташкил қилиш тўғрисида» 1993 йил 8 февралдаги ПФ-558-сон ва «Тошкент молия-қурилиш корпорацияси («Тошуйжойинвестқурилиш»)ни ташкил қилиш тўғрисида» 1994 йил 23 декабрдаги ПФ-1026-сон Фармонлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда ушбу Фармонни амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 11 апрель,
ПФ-2572-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 4-сон, 117-модда)