Ҳужжат кучини йўқотган " " 27.05.2011
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
РЕСПУБЛИКАДА ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТНИ АМАЛГА ОШИРИШ МАСАЛАЛАРИГА ДОИР ҚАРОРЛАР БАЖАРИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ЖАМОАТ КОМИССИЯЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 27 майдаги ПФ-4315-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистонда иқтисодий ўзгартишларни кучайтириш, бозор муносабатларига ўтиш шароитида бошқарувга оид энг мақбул қарорларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш учун давлат қарамоғида бўлмаган тузилмалар ва савдо-саноат доиралари вакилларининг кенг иштирок этишини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат назорати комитети ва унинг жойлардаги органлари таркибида республикада иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш масалаларига доир қарорлар бажарилишини назорат қилувчи жамоат комиссиялари ташкил этилсин.
Белгилаб қўйилсинки,
жамоат комиссиялари энг тажрибали ва холис тадбиркорлар, фермерлар ва савдо саноат доираларининг бошқа вакилларидан тузилади, комиссияларнинг раислари ва аъзолари эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат назорати комитети ҳамда унинг республика ҳудудларидаги бўлинмалари тизими раҳбарлари ва ходимлари учун берилган барча ваколатлар ва ҳуқуқларга эга бўладилар;
республика комиссиясининг раиси айни вақтда Давлат назорати комитети раисининг жамоатчилик асосидаги ўринбосаридир ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан лавозимга тайинланади;
вилоят, шаҳар ва район комиссияларининг раислари ҳам республика давлат назорати ҳудудий органлари раҳбарларининг жамоатчилик асосидаги ўринбосарларидирлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат назорати комитетининг раиси томонидан тайинланадилар.
2. Қуйидагилар комиссиялар фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари қилиб белгилансин:
— иқтисодий ислоҳотлар масалаларига доир норматив ҳужжатлар мажмуи бажарилишини идоралараро назорат қилиш органлари ишини мувофиқлаштириш;
— корхоналар ва хўжаликлар мустақиллигини кенгайтиришга, бозор тузилмалари ва таркибий қисмларини вужудга келтиришга, кўп тармоқли иқтисодиётни шакллантиришга, тадбиркорликни, жумладан ташқи иқтисодий соҳадаги тадбиркорликни кучайтиришга қаратилган Президент фармонларини ва Ўзбекистон Ҳукумати қарорларини вазирликлар ва идоралар, концернлар, ассоциациялар, корхоналар ва хўжаликлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари қандай бажараётганликларини текширишни йўлга қўйиш;
— жойларда ана шу соҳаларда ижроия интизоми ҳолатини ўрганиш, бозор иқтисодиётига изчил ўтишни таъминлашга қаратилган норматив ҳужжатларнинг дастлабки лойиҳаларини тайёрлашда қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимият органлари, шунингдек турли иқтисодий тузилмалар билан ҳамкорлик қилиш;
— республиканинг муайян корхоналарида, хўжаликларида ва ҳудудлари ва иқтисодий ислоҳотлар қандай амалга оширилаётганлигини таҳлил қилиш ва бундан Ўзбекистон Ҳукуматини хабардор этиш;
— амалдаги норматив ҳужжатларнинг молиявий ва хўжалик механизмларига ўзгаришлар ва қўшимчалар киритиш, республикада иқтисодий ислоҳотларни рўёбга чиқаришни кучайтириш ва жадаллаштиришга қаратилган бошқарувга оид қабул қилинаёган қарорлар ҳамда қонун ҳужжатларининг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат назорати комитети бир ҳафта муддат ичида иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш масалаларига доир қарорлар бажарилишини назорат қилувчи жамоат комиссиялари тўғрисидаги Низомни тасдиқласин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 2 ноябрь,
ПФ-484-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 12-сон, 456-модда)