Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг
Қарори
«ЛОТИН ЁЗУВИГА АСОСЛАНГАН ЎЗБЕК АЛИФБОСИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ АМАЛГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эълон қилинган кундан эътиборан амалга киритилсин.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонуни «Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 12 октябрдаги 198 (693)-сонида эълон қилинган.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Янги алифбога босқичма-босқич ўтилиб, бу иш 2010 йилнинг 1 сентябрига қадар тўлиқ тугаллансин.
(2-банд Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 25-сон, 287-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш бўйича Республика давлат комиссияси таркиби лавозимларига кўра қуйидагилардан иборат бўлиши белгилаб қўйилсин:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Комиссия раиси;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири — Комиссия раисининг ўринбосари;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири — Комиссия раисининг ўринбосари;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари — Комиссия раисининг ўринбосари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Таълим ва фан бўлимининг мудири — Комиссия котиби;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг раиси;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Матбуот ва ахборот қўмитасининг раиси;
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таълим ва фан масалалари бўйича шуғулланувчи ўринбосарлари;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Президенти;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири;
Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазири;
Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасининг раиси;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори;
Ўзбекистон Давлат телерадиокомпанияси раиси;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик қўмитасининг раиси;
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси;
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси;
Ўзбекистон «Ёдгорлик» жамиятининг раиси;
Республика «Ўзбек тили» жамиятининг раиси;
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг бош муҳаррири;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тилшунослик институтининг директори;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Адабиёт институтининг директори».
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 6 майдаги 72-I-сон қарори таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 120-модда)
Республика давлат комиссияси:
уч ойлик муддат ичида мактабгача тарбия болалар муассасаларида, мактабларда, ўрта ва олий ўқув юртларида, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва жамоат бирлашмаларида Янги алифбога босқичма-босқич ўтишнинг давлат дастури ва тартибини ишлаб чиқсин ва уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиғига тақдим этсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
1995 йил давомида ўзбек орфографиясининг янги қоидаларини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига тақдим этсин;
(3-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 6 майдаги 72-I-сон қарори таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 120-модда)
«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Олий Кенгашининг ушбу Қарорини рўёбга чиқаришда давлат ҳокимияти ва бошқарувнинг республика ҳамда маҳаллий органларига услубият ва ахборот бобида мунтазам равишда ёрдам кўрсатиб борсин;
республикада ва маҳаллий бошқарув органларининг янги алифбони жорий этиш юзасидан қилинаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам тинглаб борсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги янги алифбога босқичма-босқич ўтишнинг давлат дастури ва тартиби асосида:
лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини амалга жорий этишга доир аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлансин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
1996 йил 1 сентябрдан эътиборан мактабгача тарбия болалар муассасаларида ва умумтаълим мактабларининг биринчи синфларида янги алифбо бўйича машғулотлар ўтказишни, қолган синфларида эса факультатив машғулотлар ташкил этишни таъминласин.
(4-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 6 майдаги 72-I-сон қарори таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 120-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси 1996 йил 1 августига қадар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўрганиш учун керакли дарсликлар ва бошқа қўлланмалар нашр этилишини таъминласин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 6 майдаги 72-I-сон қарори таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 120-модда)
6. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг ҳокимлари Республика давлат комиссияси билан келишган ҳолда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини босқичма-босқич жорий этишга доир дастурни амалга ошириш бўйича комиссиялар тузсинлар.
7. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари, жамоат бирлашмаларининг республика органлари, шу жумладан тасарруфларидаги корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ҳам ходимларга янги алифбони ўргатишни ташкил этиш ҳамда бунинг учун керакли дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва техника воситалари билан таъминлаш юзасидан махсус ишчи гуруҳлари тузсинлар.
Белгилаб қўйилсинки, янги алифбони жорий этишга доир барча харажатлар мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан (бюджет ташкилотлари бундан мустасно) амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
1994 йилги ҳамда ундан кейинги йилларга мўлжалланган Давлат бюджетини шакллантириш чоғида янги алифбони жорий этиш мақсадида зарур бўладиган маблағларни бюджетдаги ташкилотлар учун — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига ажратилишини назарда тутсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
1995—1996 йиллар давомида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш билан боғлиқ тадбирларни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг ҳамда корхоналар, ташкилотлар, хўжаликлар ва ўқув юртларида янги алифбони факультатив тарзда ўрганишни ташкил этишнинг галдаги масалаларини ҳал этсин;
(8-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 6 майдаги 72-I-сон қарори таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 120-модда)
ушбу Қарор бажарилишининг бориши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашини мунтазам хабардор қилиб турсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги амалдаги қонун ҳужжатларини «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқлаштириш юзасидан таклифлар тайёрласин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Янги алифбога тўлиқ ўтилган пайтдан, яъни 2010 йилнинг 1 сентябридан эътиборан 1940 йил 8 майда қабул қилинган «Ўзбек ёзувини лотинлаштирилган алифбедан рус графикаси асосидаги янги ўзбек алифбесига кўчириш тўғрисида»ги (Ўзбекистон ССР Олий Советининг Ведомостлари, 1940 йил, № 4) Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(10-банд Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 25-сон, 287-модда)
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1993 йил 2 сентябрь,
932-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 332-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 120-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 25-сон, 287-модда)