|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 11.05.1999
|
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг
Қарори
«ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ АМАЛГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунининг 1999 йил 14 апрелда янги таҳрирда қабул қилиниши муносабати билан амалда ўз аҳамиятини йўқотди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан амалга киритилсин.
Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуни «Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 21 сентябрдаги 184 (679)-сонида эълон қилинган.
2. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси Ҳукумат қарорларини «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштирсин.
3. Туманлар ва шаҳарларнинг ҳокимлари жорий йилнинг 1 декабригача ўзини ўзи бошқариш органлари амал қиладиган ҳудудларнинг теграларини белгилаб олсинлар ҳамда йиғинларнинг раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказсинлар.
4. Ўзини ўзи бошқариш органлари амал қиладиган ҳудудларнинг тегралари аниқлангунга ҳамда йиғинларнинг раислари (оқсоқоллари) Қонунда белгиланган тартибда сайлангунга қадар уларнинг вазифаларини бажариб туриш халқ депутатлари шаҳарча, қишлоқ ва овул Кенгашларининг раислари зиммасига, маҳаллаларда эса — маҳалла қўмиталарининг раислари зиммасига юклатилсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида»ги Кодекси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги ҳамда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ ҳолга келтиргунга қадар илгари халқ депутатлари туман, шаҳар, шаҳардаги туман, шаҳарча, қишлоқ, овул Кенгашлари ижроия қўмиталари ҳузуридаги маъмурий комиссиялар ихтиёрига берилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлари тегишли равишда туман, шаҳар ҳокимликлари ва шаҳарча, қишлоқ, овул ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги маъмурий комиссиялар кўриб чиқилади.
6. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
1980 йил 14 марта қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари посёлка Совети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Ведомостлари, 1980 йил, № 9, 108-модда);
1980 йил 14 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари қишлоқ Совети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Ведомостлари, 1980 йил, № 9, 109-модда);
Ўзбекистон Республикаси шаҳарлари, посёлкалари ва қишлоқларидаги маҳалла (квартал) комитетлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раёсатининг 1983 йил 4 июлдаги Фармони (Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Ведомостлари, 1983 йил, № 20, 330-модда);
Ўзбекистон Республикасида гражданларнинг истиқомат жойларидаги умумий йиғилишлари, йиғинлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раёсатининг 1988 йил 30 ноябрдаги Фармони (Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Ведомостлари, 1988 йил, № 34, 398-модда).
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1993 йил 2 сентябрь,
916-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 323-модда)