Ҳужжат кучини йўқотган " " 16.08.2024
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«МИКРОКРЕДИТБАНК» АКЦИЯДОРЛИК-ТИЖОРАТ БАНКИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 августдаги ПФ-111-сонли «Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида» 2006 йил 5 майдаги ПФ–3750-сон Фармонини бажариш юзасидан ҳамда унинг самарали фаолиятини ташкил этишни таъминлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 октябрдаги 615-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.10.2022 й., 09/22/615/0953-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки Кузатувчи кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
(2-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 декабрдаги 273-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 51-сон, 501-модда)
банкнинг тадбиркорлик субъектларига микрокредит бериш ва микролизинг бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатини ва қулайлигини оширишга йўналтирилган узоқ муддатли сиёсатини шакллантириш;
банк фаолиятини, шу жумладан кредит бериш ва маблағларни инвестициялашнинг омонатчилар ва акциядорлар манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган тизими жорий этилишини ва унинг самарали фаолият кўрсатишини назорат қилиш;
банкда корпоратив бошқарувнинг аҳволини ва унинг Бошқаруви фаолиятини назорат қилиш;
банкка юкланган вазифаларни ва мажбуриятларни ўз вақтида бажариш учун унинг етарли даражада капиталлаштирилишини ва ликвидлигини таъминлаш;
самарали фаолият кўрсатадиган, айниқса қишлоқ жойларда, филиаллар ва минибанклар тармоғини шакллантириш.
3. «Микрокредитбанк» марказий аппарат тузилмасида Микрокредитлар қайтарилишини ва улардан самарали фойдаланилишини назорат қилиш бўйича махсус мониторинг гуруҳи ташкил қилсин.
Қуйидагилар Мониторинг гуруҳининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
микрокредит маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини мунтазам равишда пухта таҳлил қилиш;
минтақавий бўлимларда микромолиялаштириш ишларини мувофиқлаштириш, бизнес-режа параметрларига мувофиқ кредит портфелининг ҳолати ҳамда микрокредитлар бўйича таъминланишнинг ҳолати мониторингини олиб бориш ва уларни холисона баҳолаш;
микрокредитларнинг қайтарилувчанлик даражасини ошириш, улар бўйича тўлов муддати ўтган қарздорликка йўл қўймаслик юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. «Микрокредитбанк»нинг Кузатувчи кенгаш ва Бошқаруви:
(4-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 декабрдаги 273-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 51-сон, 501-модда)
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ва банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар пакетини бир ҳафта муддатда тайёрласинлар ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тақдим этсинлар;
банкка юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши заруриятидан келиб чиққан ҳолда, ўн кун муддатда банк ва унинг филиаллари тузилмасини ҳамда штатлар жадвалини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;
икки ой муддатда банк ходимларини тўлиқ аттестациядан ўтказсинлар;
банкнинг марказий аппаратини ҳамда унинг филиалларини банк бўлимларида ва микромолиялаш соҳасида иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан таъминласинлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 217-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.04.2020 й., 09/20/217/0426-сон)
6. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 17 апрелдаги 165–ф-сон фармойиши билан тузилган махсус комиссия томонидан «Тадбиркор» акциядорлик-тижорат банки мол-мулки комплекс хатловдан ўтказилганлиги, унинг филиаллари ва мини-банкларининг асбоб-анжомлар, ҳисоблаш техникаси ва алоқа воситалари билан таъминланиши ўрганилганлиги, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар тайёрланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари уч ой муддатда «Микрокредитбанк»нинг, айниқса қишлоқ жойлардаги филиаллари ва мини-банкларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширсинлар.
7. Ўзбекистон Банклар уюшмаси ва Банк-молия академияси 2006—2008 йиллар мобайнида ўқитиш учун тўлов ундирмасдан «Микрокредитбанк» мутахассислари учун микромолиялаштириш хизматлари бўйича махсус курслар ташкил этилишини таъминласинлар.
8. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Банклар уюшмаси, «Микрокредитбанк», Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, биринчи навбатда қишлоқ жойларда микрокредитлар бериш ва микролизинг хизматлари кўрсатиш тартиби, тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан касаначилик билан шуғулланувчилар, шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжалигида банд бўлганлар томонидан микрокредитлар олиш учун бизнес-режалар тайёрлаш бўйича доимий асосда семинарлар ва ўқув курслари ўтказилишини таъминласинлар.
9. «Микрокредитбанк» Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Матбуот ва ахборот агентлиги, Марказий банк, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Банклар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда 2006-2007 йилларда оммавий ахборот воситаларида банк фаолиятини ва унинг кўрсатадиган хизматларини кенг ёритишга доир комплекс тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар, уларда республика оммавий ахборот воситаларида реклама материалларининг тўлов ундирмасдан эълон қилинишини назарда тутсинлар.
10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2006 йил 6 май,
78-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 августдаги 655-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 34-сон, 894-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 октябрдаги 615-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.10.2022 й., 09/22/615/0953-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 19-сон, 163-модда; 2007 й., 33-34-сон, 344-модда; 2008 й., 51-сон, 501-модда; 2010 й., 23-сон, 182-модда; 2017 й., 34-сон, 894-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.10.2018 й., 09/18/877/2113-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 15.04.2020 й., 09/20/217/0426-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 25.10.2022 й., 09/22/615/0953-сон)