LexUZ шарҳи
Мазкур Рўйхат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2003 йил 7 январдаги 9-сон «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатини кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига асосан ўз кучини йўқотган ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2003 йил 5 февралдаги 34-мҳ-сонли буйруғи билан Давлат реестридан чиқарилган.
Жамоа, давлат хўжаликлари ва бошқа давлат, қишлоқ хўжалик корхоналари мол-мулкининг давлат мажбурий суғуртаси, ижарачилар, деқҳон (Фермер) хўжаликлари, ширкат ҳамда жамоат ташкилотлари мол-мулкининг ихтиёрий суғуртаси, Фуқаролар мол-мулкининг мажбурий ва ихтиёрий суғуртаси ҳамда транспортдаги йўловчиларнинг мажбурий суғуртаси бўйича тушган суғурта бадалларидан ажратиладиган маблағлар ёнғин назорати, давлат суғурта, давлат автомобиль назорати, ветеринария идоралари ва транспорт ташкилотларига қуйидаги мақсадлар учун ўтказилади:
а) табиий офатлар натижасида ортиқча тўпланиб қолган сувни экинларга, иморатларга хавф соладиган жойлардан йўқотиш ишларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандалари ва касалликлари кўплаб пайдо бўлганда уларга қарши кураш учун заҳарли дорилар, уларни сепишда қўлланиладиган машина ва ускуналарни сотиб олиш; қишлоқ хўжалик экинлари нобуд бўлиши ва зарарланишининг олдини олишга қаратилган агротехника тадбирларини тарғиб қилиш; жамоа, давлат хўжаликлари ва бошқа давлат қишлоқ хўжалик корхоналарига хизмат кўрсатадиган аэродромларда заҳарли дориларни сақлаш учун омборхоналар қуриш;
б) қишлоқларда сув ҳавзалари ва уларга бориладиган йўллар қуриш ҳамда борларини капитал таъмирлаш, ҳайвон касалликларига қарши кураш станциялари, ветеринария участкалари ва пунктлари, чўмилтириб зарарсизлантириш ўралари, «Беккари» ўралари, ҳайвонлар учун қабристонлар (шаҳар ва қишлоқларда, яйловларда), шунингдек ветеринария-санитария станциялари, утилизация қурилмалари, ўсимликларни ҳимоя қилиш станциялари, ҳайвонларни даволаш муассасалари, амбулаториялар, изолятор ва лабораториялар, ветеринария омборхоналари ва дорихоналари, ўсимликлар зараркунандаларини аниқлаш сигнализацияси хизмати учун кузатиш пунктлари, давлат суғурта муассасалари учун хизмат хоналари ҳамда ветеринария даволаш муассасалари қошида ветеринария мутахассислари учун турар жойлар қуриш ва борларини капитал таъмирлаш.
Ҳайвонлар ҳаром ўлишининг олдини олиш тадбирлари режаларига юқорида санаб ўтилган муассасалар қурилишининг амалдаги намунавий лойиҳаларида кўзда тутилган ҳамма иморатларнинг ҳам, айрим иморатларнинг ҳам қурилиши киритилиши мумкин;
в) қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг юқумли касалликлари оқсим қутуриш, бруцеллез ва сил касалликлари атрофга тарқалиш хавфи юзага келганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан ана шу касалликларга қарши кураш учун гельминтозга қарши ва бошқа махсус экспедициялар сақлаш;
г) ветеринария даволаш муассасалари, ветеринария лабораториялари ва ишлаб-чиқариш биология лабораториялари, ўсимликларни ҳимоя қилиб станциялари учун асбоб-ускуналар, жиҳозлар, химикатлар ва бошқа зарур материаллар, қишлоқ хўжалик ҳайвонлари ва паррандаларининг юқумли касалликлари манбаларида ишлайдиган кишилар учун махсус кийимлар ва пойабзаллар, ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича ишлаб-чиқариш биология лабораториялари учун биопрепаратлар сотиб олиш;
д) йирик қорамолларнинг тери сўнаси, газандалар, гемоспоридозлар, ориентабильгарциоз, диктиокаулез, мониезиоз, гемонхоз, қўйлар чечаги, бруцеллез ва силга қарши кypaш тадбирларини амалга ошириш мақсадида олиб келинадиган материаллар учун, шунингдек, юқумли касалликлар пайдо бўлганда чорвачилик хоналарини зарарсизлантириш мақсадида олиб келинадиган зарарсизлантирувчи моддалар учун, оқсим, куйдурги, ўлат, қутуриш ва бошқа юқумли касалликлар авж олишининг олдини олиш ва йўқотиш харажатлари учун ҳақ тўлаш;
е) ветеринария хизматлари, ишлаб чиқариш биология лабораториялари ўсимликларни ҳимоя қилиш станциялари, туман ва шаҳар ёнғин назоратчилари учун транспорт воситалари (ўт ўчириш ва бошқа махсус автомобиллар, мотоцикллар, моторли қайиқлар, велосипедлар ва отлар) сотиб олиш шунингдек, транспорт ускуналари воситаларини таъмирлаш, эҳтиёт қисмлар ва транспорт ускуналари сотиб олиш;
ж) кемирувчилар, кирчумолилар ва замбуруғларга қарши кураш олиб бориш, ёнғинга қарши саройлаб, деполар, миноралар, асбоб ҳамда жиҳозларни таъмирлаш устахоналари қуриш ва борларини капитал таъмирлаш, ўт ўчириш командалари (қисмлари), кўнгилли ўт ўчириш дружиналари учун ўт ўчириш асбоблари ва жиҳозлари сотиб олиш, кўнгилли ўт ўчириш дружиналарининг аъзолари билан машқ ва машғулотлар ўтказиш учун шаҳарчалар, спорт майдончалари қуриш ва борларини таъмирлаш;
з) кўнгилли ўт ўчириш дружиналари бошлиқларини, шунингдек, ўт ўчириш техникасига хизмат кўрсатадиган ҳайдовчилар (мотористлар) ни тайёрлаш учун, ўқув йиғинлари ва курсларига чақириладиган шахсларга йўл ҳақи ҳамда суткалик пул тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта бош бошқармаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда белгиланган тартибда ва миқдорларда маблағ ажратиш;
и) ёнғиндан сақлаш ишини йўлга қўйишнинг энг яхши намуналарини намойиш этган фаол автоназоратчилар, илғор ўт ўчириш дружиналари ва кўнгилли ўт ўчириш жамиятларини, штатда бўлмаган ҳамда жамоатчи ўт ўчириш вакилларини, шунингдек ана шу дружиналар аъзолари ва бошқа шахсларни ёнғинга қарши курашда жонбозлик кўрсатганлиги учун мукофотлаш;
к) ёнғинни ўчириш, ёнғин чиққан жойга бориш ва у ердан қайтиш ҳамда амалий машғулотлар вақтида ҳалок бўлган кўнгилли ўт ўчириш дружинаси, сайёр кўнгилли ўт ўчириш жамияти аъзосининг ва бошқа шахсларнинг оиласига Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 4 каррасигача миқдорида бир галлик нафақа бериш; ушбу шахслар юқорида кўрсатилган ҳолларда шикаст олиши натижасида даволаш-меҳнат эксперт комиссияси (ВТЭК) томонидан уларга I гуруҳ ногиронлиги белгиланганда энг кам иш ҳақининг 3 карраси, II гуруҳ ногиронлиги белгиланганда 2 карраси, III гуруҳ ногиронлиги белгиланганда эса битта энг кам иш ҳақи миқдорида бир галлик нафақа тўланади.
Юқорида келтирилган кўнгилли дружиналарнинг аъзолари кўнгилсиз ҳодиса юз берган кундан бошлаб бир йил мобайнида (ҳодисанинг оқибати туфайли) вафот этса, аввал ногиронлик бўйича берилган нафақадан қатъи назар, уларнинг оиласига энг кам иш ҳақининг 4 карраси миқдорида бир галлик нафақа берилади;
л) ДАН учун стационар постлар, ўқув пунктлари ва хизматхоналари қуриш ва борларини капитал таъмирлаш;
м) давлат суғурта, ДАН идоралари учун транспорт воситалари сотиб олиш ва борларини таъмирлаш, транспорт воситаларининг техникавий аҳволи текшириладиган хизмат хоналари ҳамда уларнинг техникавий носозликлари олдини олиш ва бартараф этиш бўйича техникавий ёрдам кўрсатиш пунктлари қуриш ва борларини капитал таъмирлаш;
н) йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ва автотранспорт фалокатларининг олдини олишда юқори кўрсаткичларга эришгани учун қишлоқ ва шаҳарлардаги ДАН жамоат постларининг аъзоларини мукофотлаш;
о) йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш тадбирларини ўтказиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳақида қисқаметражли фильмлар ва магнитофильмлар ишлаш;
п) автотранспорт воситаларини ўғирлаш ва олиб қочиш ҳолларининг олдини олиш ҳамда чек қўйиш мақсадида ДАН идоралари томонидан автотранспорт ва бошқа техника воситаларини сотиб олиш;
р) йўл ҳаракати хавфсизлигидан кўриклар, конкурслар ўтказиш, ғолибларни тақдирлаш учун совринлар сотиб олиш;
с) ёнғинларнинг олдини олиш ва уларга қарши кураш (шу жумладан, ўт ўчириш техникаси кўргазмаларини уюштириш), ҳайвонлар касалланишининг, қишлоқ хўжалик ўсимликлари касалликлари ва зараркунандалари тарқалишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши кураш тадбирларини тарғиб қилиш ва ўтказиш, шунингдек, бўрилар ва бошқа йиртқич ҳайвонларга қарши кураш тадбирларини тарғиб қилиш ҳамда амалга ошириш;
т) овчиларга йиртқич ҳайвонлар: — она бўрини болалари билан уясида йўқ қилгани учун энг кам иш ҳақининг 200 фоизи, катта ёшдаги урғочи ёки эркак бўрини йўқ қилгани учун — 100 фоизи, бўри боласини йўқ қилгани учун — 0,8 қисми, чиябурини йўқ қилгани учун 0,5 қисми миқдорида мукофот тўлаш (улар йўқ қилинган йиртқич ҳайвонлар терисини тайёрлов ташкилотларига топширган тақдирдагина), шунингдек, йиртқич ҳайвонларни қириб ташлашда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва заҳарли моддаларни сотиб олиш;