Ўзбекистон Республикаси Президентининг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи (2002 йил 11—14 март) давомида эришилган битимлар ва икки томонлама ҳамкорлик соҳасидаги аҳдлашувларнинг кенг кўламда ва ўз вақтида рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Америка Қўшма Штатлари билан эришилган аҳдлашувларни амалга ошириш ва икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир тадбирлар 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар АҚШ ҳукумати томонидан Ўзбекистон Республикасига 2-иловага* мувофиқ йўналишлар бўйича берилаётган ёрдамдан самарали фойдаланилишини таъминласинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда
Кейинги таҳрирга қаранг.
АҚШ савдо ва ривожлантириш агентлиги (ТДА) билан имзоланган ўзаро бир-бирини тушуниш тўғрисидаги меморандумларга биноан 3-иловага* мувофиқ йўналишлар бўйича биргаликда амалга ошириш учун таклиф қилинган лойиҳаларнинг ишлаб чиқилишини таъминласинлар;
мўлжалланган лойиҳаларни амалга оширишда пайдо бўладиган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш чора-тадбирларини кўрсинлар;
йилнинг ҳар чорагида лойиҳаларнинг амалга оширилиши тўғрисида ахборот маълумотномаларини тайёрласинлар ва уларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига киритсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонаси ҳамда Америка—Ўзбекистон савдо палатасининг ўзаро ҳамкорликка доир қуйидаги устувор йўналишлар бўйича биргаликдаги фаолиятини фаоллаштириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсинлар:
электрэнергетика, кимё, кон қазиб олиш, металлургия саноати ва саноатнинг бошқа устувор тармоқлари корхоналарини модернизация қилиш ва техника билан қайта жиҳозлашга, транспорт, телекоммуникациялар, туризм, таълим тизимини ривожлантиришга ҳамда йирик ирригация иншоотларини реконструкция қилишга Американинг энергия ва ресурсларни тежовчи илғор технологияларини ва инвестицияларини жалб этиш;
молиявий ҳамкорликни, Америка компанияларининг корхоналарни хусусийлаштириш ва акциялаштириш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, Қўшма корхоналар барпо этишга тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб этиш;
Ўзбекистон Республикаси элчихонасининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги «Ўзэкспомарказ» Республика савдо-кўргазма марказининг имкониятларидан фаол фойдаланган ҳолда Вашингтон шаҳрида ва Тошкент шаҳрида Қўшма бизнес-семинарлар, таҳдимотлар, кўргазмалар ўтказиш;
Ўзбекистонлик талабаларнинг иқтисодиёт мутахассисликлари бўйича ўқишини, шунингдек республика вазирликлари ва идораларининг маркетинг, менежмент, реал иқтисодиёт ва молия соҳаси мутахассисларининг тажриба орттиришини ташкил этиш.