18.10.2021 йилдаги 1433-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарори, 18.10.2021 йилдаги 1433-IV-сон
Кучга кириш санаси
18.10.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг (бундан буён матнда Давлат дастури деб юритилади) 2021 йил учинчи чорагида бажарилиши юзасидан ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, ҳисобот даврида Давлат дастури асосида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилган.
Шу билан бирга, Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, ушбу дастур айрим бандларининг бажарилиши кечикмоқда.
Депутатлар томонидан Давлат дастурининг ҳисобот даврида бажарилиши назарда тутилган жами 168 та бандидан 23 тасининг ижроси тўлиқ таъминланмаганлиги, 6 та банднинг бажарилиш муддати узайтирилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, Давлат дастурининг 7-бандига кўра давлат фуқаролик хизматида кадрларни танлаш, уларнинг малакасини ошириш ва фаолиятини баҳолаш бўйича самарали ҳамда очиқ тизимни жорий этишни назарда тутувчи, 149-бандига мувофиқ, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган эҳтиёжманд оилаларга 0,1 гектардан 1 гектаргача ер майдонлари ажратишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга доир ишлар якунланмаган.
Депутатлар томонидан Давлат дастурида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилган бюджет маблағларининг, шунингдек халқаро молия институтларидан жалб этилган маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилиши ҳамда мақсадли сарфланишини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Хусусан, Давлат дастурининг 178-бандида назарда тутилган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Осиё тараққиёт ҳамда Осиё инфратузилма инвестиция банкларининг 200 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини жалб қилиш борасидаги ишлар кечикаётганлиги қайд этилди.
Давлат дастурининг 197-бандида назарда тутилган вазифалар доирасида оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган 1,6 минг нафар хотин-қизлардан фақат 707 нафарини (44,1 фоизини) уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилган, холос.
Давлат дастурининг кўриб чиқилаётган даврдаги ижросига оид ҳисоботни муҳокама қилиш мобайнида Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан Давлат дастурининг ижросини таъминлашда ҳукумат аъзолари жамият ҳаётидаги бошқа бир қатор муҳим масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратишлари лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар кесимида Давлат дастурининг бажарилиши ҳолатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларида доимий равишда муҳокама қилиб бориш;
Давлат дастурида ижро муддати узайтирилган 6 та бандда ҳамда бажарилиши тўлиқ якунланмаган 23 та бандда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг шахсий масъулиятини янада кучайтириш чораларини кўриш;
Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун ажратилган бюджет маблағларини, айниқса, халқаро молия институтлари маблағларининг мақсадли ва ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш;
Давлат дастурида белгиланган тадбирларнинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш;
Давлат дастурида назарда тутилган ҳар бир тадбирнинг бажарилишини унинг натижадорлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилиб бориш;
Давлат дастурининг бажарилишини муҳокама қилиш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш;
Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишларнинг самарали ижро этилиши устидан ўз партиявий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, жамоатчилик назоратини амалга ошириш тавсия этилсин.
Давлат дастурининг ижро муддати узайтирилган 6 та бандида (67, 91, 95, 154, 161, 256-бандларида) белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан парламент назоратини ўрнатсин;
Давлат дастурида ижроси тўлиқ таъминланмаган қуйидаги бандларнинг бажарилиши устидан самарали мониторинг ўрнатсин ва ушбу бандлар юзасидан амалга оширилган ишларнинг натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашига маълумот тақдим этсин: