[
ОКОЗ:
1.
16.00.00.00 Хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот муҳофазаси / 16.11.00.00 Жиноят қонунчилиги / 16.11.01.00 Умумий қоидалар]
[
ТСЗ:
1.
Одил судлов. Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Адлия / Жиноий қонунчилик]
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси номидан ҳукм
2020 йил август ойининг 26 куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сирғали туман суди, ўз биносида, очиқ суд мажлисида, раислик қилувчи — судья Ш. Юлдашев, судья ёрдамчиси М. Раҳимованинг котиблигида, тарафлардан: давлат айбловчиси — Тошкент шаҳар Сирғали туман прокурорининг катта ёрдамчиси Б. Акромов, судланувчи К. Рамазонов ва унинг ҳимоячиси — адвокат А. Хабибуллаевнинг иштирокида Рамазонов Кудратулла Абдурахмоновичга нисбатан 1-363/20-(1-1011-2005/333)-сонли жиноят ишини кўриб чиқди.
Иш ҳужжатларига кўра:
Рамазонов Кудратулла Абдурахмонович (Ramazonov Kudratulla Abduraxmonovich), 08.09.1974 йилда Тошкент вилоятида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта, ишсиз, оилали, бир нафар фарзанди бор, муқаддам жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 13.10.2006 йилги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, жазо ўталган,
Тошкент шаҳри, Сирғали тумани, Наврўз кўчаси, 66-уйда яшовчи, иш бўйича гаров эҳтиёт чораси қўлланилган, айблов хулосаси нусхасини ўз вақтида олган,
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 270-моддаси 1-қисми, 276-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбланган.
Суд, судланувчининг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, қуйидагиларни аниқлади:
2020 йил 15 май куни соат тахминан 14:00 да Сирғали тумани ИИО ФМБ ходимлар томонидан «Қора Дори 2020» тадбири давомида К. Рамазонов истиқомат қилиб келаётган Сирғали тумани, Наврўз кўчаси, 66-уй холислар иштирокида кўздан кечирилганда уйнинг томорқа майдонига 37 туп кўкнори ва 1 туп наша ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланиб, ушбу ўсимликлар холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Бундан ташқари, у 2020 йил баҳор ойларида Зангиота тумани, Эркин даҳасида жойлашган дала майдонидан «марихуана» гиёҳвандлик моддасини териб олиб, кейинчалик истеъмол қилиш мақсадида яшаш манзилида сақлаб келган.
2020 йил 15 май куни соат тахминан 11:00 да «Қора Дори 2020» тадбири доирасида К. Рамазонов истиқомат қилиб келаётган Сирғали тумани, Наврўз кўчаси, 66-уй холислар иштирокида кўздан кечирилганда уй меҳмонхонасининг иситиш печи ёнида 3 дона қоғоз (картон) қути ичида ўткир ҳидли, яшил рангли модда борлиги аниқланиб, ушбу модда холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМнинг 16.05.2020 йилдаги 2/300-сонли хулосасига кўра, К. Рамазоновнинг хонадонидан олинган 37 туп қуритилмаган ҳолдаги ўсимликларда наркотик алкалоидлар-морфин, кодеин, тебаин мавжуд бўлиб, бу ўсимликлар «кўкнори ўсимлиги» эканлиги, қуритилмаган ҳолдаги ўсимлик моддалар таркибида фаол гиёҳванд модда деб аталувчи наркотикли ўсимликлар борлиги; бир дона ўсимлик таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидраканнабинол мавжуд бўлиб, бу ўсимлик «наша ўсимлиги» деб аталувчи (рус тилида «конопля»), ўзида наркотик модда сақловчи ўсимликларга кириб, «марихуана» ва «гашиш» наркотик воситалари олишда хом ашё бўлиши мумкинлиги; 3 дона қоғоз картон қутилари ичидаги қуруқ ҳолдаги ўсимлик моддалар таркибида фаол гиёҳванд модда, тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу моддалар «марихуана» деб аталиши ва “марихуана”нинг қуруқ ҳолдаги умумий оғирлиги 557,28 граммга тенглиги кўрсатилган.
Сирғали туман ИИО ФМБ 5-сонли ИИБ ТБ терговчисининг 2020 йил 22 майдаги қарори билан жиноят ишининг Ф. Рамазоновага нисбатан қисми ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилган.
Суд мажлисида судланувчи К. Рамазонов айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўз кўрсатувларида 2019 йил октябрь ойларида Эркин даҳасида жойлашган дала майдонида деҳқончилик қилиб юрган вақтида дала майдонида кўкнори ўсимлиги ўсиб чиққанлигини кўриб, унинг уруғини териб олганлигини ва уйига олиб келиб, томорқа майдонига сепиб қўйганлигини, ушбу уруғдан 2020 йил баҳор ойларида кўкнори ўсиб чиққанлигини, оёғининг ички суяги синиб, битишида оғриқ бериб, оёғининг оғриғини қолдириш мақсадида ўзининг истеъмоли учун кўкнори ўсимлигини экканлигини, 2020 йил баҳор ойларида Эркин даҳасида жойлашган экин дала майдонида юрган вақтида дала майдонида наша ўсимлиги ўсиб турганлигини кўрганлигини, наша ўсимлигининг баргларини ўзининг истеъмоли учун териб олиб, қуёшга қўйиб қуритганлигини, наша ўсимлиги қуриганидан сўнг картон қутиларга солиб, ўзи яшаб келаётган уйига олиб келиб, яшириб қўйганлигини ва ушбу моддани чекиш орқали истеъмол қилиб юрганлигини, 2020 йил 15 май куни соат тахминан 14:00 да даладан уйга келган вақтида уйининг олдида ички ишлар ходимлари ва икки нафар холислар туришган бўлганлигини, улар унинг иштирокида уйига киришиб, уйини кўздан кечиришганлигини, уйининг томорқасида ўсиб турган 37 туп кўкнори ва 1 туп наша ўсимлигини аниқлашганлигини, уларга ушбу моддалар наша эканлигини айтганлигини, улар ундан ушбу гиёҳвандлик моддалари тўғрисида сўрашганида, уларга ушбу кўкнори ўсимлиги ва наша моддасини ўзининг истеъмоли учун етиштирганлигини маълум қилганлигини, шундан сўнг ИИБ ходимлари ушбу моддаларни баённома асосида расмийлаштириб олишганлигини, гиёҳвандлик моддасини қонунга хилоф равишда истеъмол қилганини тан олишини, бу ҳолатдан қаттиқ пушаймондалигини, келгусида бундай ҳолат такрорланмаслигини ваъда қилиб, унинг соғлиғини ва оилавий шароитини инобатга олиб, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўраб, кўрсатув берди.
Юқоридагилардан ташқари, судланувчи К. Рамазоновнинг айби дастлабки тергов ва судда берган кўрсатувлари, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси ва фото-жадвал, шахсий тинтув ва далилий ашёни олиш баённомалари, Тошкент шаҳар ИИБ ЭКМнинг 16.05.2020 йилги № 2/300-сонли хулосаси ва фото-жадвал, суд наркологик экспертизасининг 18.05.2020 йилги № 411-сонли далолатномаси, юзлаштириш ва сўроқ баённомалари ҳамда жиноят иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан тўлиқ тасдиғини топди.
Суд, дастлабки тергов органи томонидан К. Рамазоновнинг:
тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ва каннабис ўсимлигини қонунга хилоф равишда етиштиришда ифодаланган ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 270-моддаси 1-қисми билан;
қонунга хилоф равишда гиёҳвандлик моддаларини кўп миқдорда сақлашда ифодаланган ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 2-қисми «а» банди билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарорининг 3-4-бандларида «Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши — ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак...», деб кўрсатилган.
Суд, судланувчи К. Рамазоновга жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг ҳаракатларида ЖКнинг 56-моддасида назарда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб топиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, унинг моддий ва оилавий шароитини ЖКнинг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этиб, жиноят қилиш шароити ва сабабларини инобатга олиб, унга айбли деб топилаётган моддалар санкцияси доирасида озодликни чеклаш жазосини тайинлашни лозим топади.
Суд, жиноят иши бўйича ашёвий далил деб эътироф этилиб, сақлаш учун № 0017704-сонли квитанция асосида Ўзбекистон Республикаси ДХХ МТ ва ХТБга топширилган 37 туп кўкнори ўсимлиги, 1 туп наша ўсимлиги ва 557,0 граммга тенг «марихуана» гиёҳвандлик моддасини тегишли тартибда йўқ қилишни лозим топади.
Суд, шунингдек, жиноят иши бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган 1 дона DVD-дискни жиноят иши ҳужжатларида қолдиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 421, 454 — 460, 463, 465 — 468, 471 — 473-моддаларига амал қилиб, суд ҳукм қилди:
Рамазонов Кудратулла Абдурахмонович (Ramazonov Kudratulla Abduraxmonovich) Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 270-моддаси 1-қисми ва 276-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилсин.
К. Рамазоновга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 270-моддаси 1-қисми билан 1 (бир) йил озодликни чеклаш жазо тайинлансин.
К. Рамазоновга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 2-қисми «а» банди билан 3 (уч) йил озодликни чеклаш жазо тайинлансин.
К. Рамазоновга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 3 (уч) йил 6 (олти) ой озодликни чеклаш жазо тайинлансин.
Озодликни чеклаш жазосини Тошкент шаҳри, Сирғали тумани, Наврўз кўчаси, 66-уйда соат 22:00 дан 06:00 га қадар ўташ белгилансин.
К. Рамазоновга ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг:
яшаш ва иш жойини ҳукмнинг ижросини назорат қилувчи орган рухсатисиз ўзгартирмаслик;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқмаслик;
гиёҳвандлик воситаларини етиштирмаслик ва уларга эгалик қилмаслик тақиқлари юклатилсин.
Озодликни чеклаш муддати маҳкум жазони ижро этиш инспекциясида ҳисобга қўйилган кундан бошлаб ҳисоблансин.
К. Рамазоновга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 48
1
-моддаси 5 ва 6-қисмлари талаблари тушунтирилсин.
Ҳукм ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар Сирғали туман ИИО ФМБ зиммасига юклатилсин.
К. Рамазоновга нисбатан қўлланилган гаров эҳтиёт чораси ҳукм қонуний кучга киргач, бекор қилинсин ва гаров тариқасида топширилган 20.000.000 сўм гаровга қўювчи Абдурахмонов Хикматжон Кудратилла ўғлига қайтарилсин.
Жиноят иши бўйича ашёвий далил деб эътироф этилиб, сақлаш учун № 0017704-сонли квитанция асосида Ўзбекистон Республикаси ДХХ МТ ва ХТБга топширилган 37 туп кўкнори ўсимлиги, 1 туп наша ўсимлиги ва 557,0 граммга тенг «марихуана» гиёҳвандлик моддаси тегишли тартибда йўқ қилинсин.
Жиноят иши бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган 1 дона DVD-диск жиноят иши ҳужжатларида қолдирилсин.
Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан, судланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, ўн сутка ичида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг кассация инстанциясига шикоят бериши ёки протест билдириши мумкин.
Раислик қилувчи: Ш. Юлдашев