LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарорига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 37-моддасида ифода қилинган зарурий мудофаа ҳуқуқи фуқароларнинг шахси, уй-жой ва мулк ҳақидаги конституциявий қоидаларни кафолатлайди, фуқароларнинг давлат мулкини, давлат ва жамоат манфаатларини қўриқлаш борасидаги Конституцияда белгиланган бурчларни амалга оширишни таъминлайди. Бу эса судлардан одил судловни амалга оширишда зарурий мудофаа тўғрисидаги қонун талабларига оғишмай, қатъий риоя этишни талаб этади.
Суд амалиётининг таҳлили шуни кўрсатдики, судлар зарурий мудофаа тўғрисидаги қонунни асосан тўғри амалга оширмоқдалар. Шу билан бирга бу масалада муайян жиноят ишларни кўришда хато ва камчиликлар ҳали йўқ эмас. Баъзи судлар зарурий мудофаа тўғрисидаги қонунни фуқаролар ўзларига қилинган тажовузга нисбатангина амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар деб нотўғри талқин қиладилар, ваҳоланки, зарурий мудофаа тўғрисидаги қонунни қўллаш давлат мулки, жамоат тартиби, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, шаъни қадр-қиммати, манфаатларини тажовуздан қўриқлашга ҳам оиддир.
Айрим судлар тажовузга учраган шахс, ундан қочиб қутилиш, бошқа фуқароларга ва ҳокимият вакилларига ёрдам сўраб мурожаат қилиш ёки бошқа усуллар билан тажовуздан сақланиш имкониятига эга бўлса, бундай ҳолда тажовузга қарши актив равишда мудофааланиш ҳуқуқига эга бўлмайдилар деган нотўғри фикрга асосланадилар. Бу хил фикр фуқароларнинг тажовузга нисбатан актив мудофааланиш ҳуқуқини чеклашга ва жиноятчиликка қарши курашни сусайтиришга олиб келади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Судлар ҳамма вақт ҳам жазони индивидуал тартибда белгилаш тўғрисидаги қонун талабига риоя қилмайдилар, зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб жиноят содир этганликда айбланган шахсларга уларнинг шахси ҳақидаги маълумотлар ва ишнинг бошқа ҳолатларини ҳисобга олмай оғир жазо чораси белгилайдилар.
Қайд этилган камчиликларни бартараф қилиш мақсадида ва суд амалиётида вужудга келган масалалар бўйича, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Судларга тушунтирилсинки, Жиноят кодексининг махсус қисмида назарда тутилган ҳаракатлар уни содир этган шахснинг жавобгарликка тортилганлиги ёки руҳий касаллик туфайли, жиноий жавобгарлик ёшига тўлмаганлиги сабабли ва бошқа асосларга кўра жавобгарликдан озод қилинганлигидан қатъи назар, Жиноят кодексининг 37-моддаси доирасида ҳимояланишига асос берувчи ижтимоий хавфли тажовуз деб ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Судларга тушунтирилсинки, зарурий мудофаа ҳолати фақатгина ижтимоий хавфли тажовуз юз берган пайтнинг ўзидагина эмас, балки тажовузнинг бошланиш хавфи мавжуд бўлган ҳолларда ҳам вужудга келади. Зарурий мудофаа ҳолати тажовуз тугагандан сўнг ҳам бўлиши мумкин, агар ҳимояланувчи иш ҳолатларига кўра тажовуз тугаган вақтни аниқ англай олмаган бўлса. Ҳужум вақтида ишлатилган қурол ва бошқа ашёларнинг тажовузчидан ҳимояланувчининг қўлига ўтиб қолишининг ўзи тажовуз тугаганлигидан далолат бермайди.
Тажовузнинг олди олинган ёки тугагандан сўнг ва ҳимоя воситаларини қўллаш зарурияти аниқ йўқолганда ҳимояланувчининг тажовуз қилувчига зарар етказганликдаги ҳаракати зарурий мудофаа ҳолатида содир этилган деб ҳисобланмайди. Бундай ҳолатларда жавобгарлик умумий асосларда юз беради.
Судланувчининг бундай ҳаракатларига тўғри ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида судлар юз берган воқеанинг барча ҳолатларини ҳисобга олиб, бу ҳаракатлар улар томонидан ижтимоий хавфли тажовуз сабабли кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида содир этилган- этилмаганлигини аниқлашлари зарур.
3. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, агар шахс зиён етказиш (уришиш, азоб бериш, ўч олиш ва бошқалар) ниятида ҳужумнинг келиб чиқишига сабабчи бўлса, бундай ҳаракатларни зарурий мудофаа йўсинда қилинган деб топиш мумкин эмас. Бу ҳолатларда содир этилган хатти-ҳаракатлар умумий асосларда тавсифланиши лозим.
4. Қонун мазмунига кўра, тажовузнинг характери ва хавфлилик даражасига бутунлай мувофиқ бўлмаган мудофаани ва бунинг оқибатида тажовузчига ҳеч қандай заруриятсиз Жиноят кодексининг 100, 107-моддаларида назарда тутилган қасддан зарар етказилсагина зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш деб топилади. Тажовузчига унинг ҳужумини қайтариш вақтида эҳтиётсизлик билан етказилган зарар жиноий жавобгарликни келтириб чиқармайди.
5. Судлар зарурий мудофаа аломатлари бор ёки йўқлиги масаласини ҳал этишда ҳимояланиш ва ҳужум воситаларини ҳисобга олишдан ташқари, тажовузчи томонидан ҳимояланувчига туғдирилган хавфнинг характери, ҳимоянинг кучи ва тажовузни қайтариш имкониятлари, шунингдек, ҳужум ва ҳимояланувчининг кучи нисбатларига таъсир кўрсатувчи ишдаги барча ҳолатларини (ҳужум қилувчи ва ҳимояланувчиларнинг сони, уларнинг ёши, жисмоний қуввати, қуроли, жой, вақт ва бошқалар) ҳисобга олишлари зарур. Агар тажовуз бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган бўлса, мудофааланувчи ҳужум қилувчиларнинг ҳар бирига нисбатан гуруҳдаги барча тажовузчилар ҳаракатининг характери ва хавфлилик даражасига қараб тегишли ҳимоя чораларини кўришга ҳақли.
6. Тажовуз туфайли вужудга келган кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида ҳимояланувчи ҳамма вақт ҳам юз берган хавфнинг характерини аниқ англаб олмаслиги ва ҳимоянинг тажовузга нисбатан мувофиқ усулини танлай олмаслигини судлар эътиборда тутишлари керак. Агар тажовуз қилувчига ҳимояланувчи томонидан етказилган зарар, тажовуз қилувчининг етказган зараридан кўп бўлса ва тажовуз оқибатида етказилган зарарни тўла қопласа ҳамда ҳимояланиш тажовузнинг характери ва хавфлилик даражасига нисбатан бутунлай номувофиқ бўлишига йўл қўйилмаган бўлса, бундай ҳолда ҳимояланувчининг ҳаракатларини зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб содир этилган деб ҳисоблаш мумкин эмас.
7. Зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказилганлик тажовузчининг ўлимига олиб келса, ҳимояланувчининг айби тажовузчининг ўлимига нисбатан эҳтиётсизлик оқибатида юз берган бўлса, Жиноят кодексининг 107-моддаси билан тавсифланиши керак.
8. Судлар зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб, содир этилган қасддан одам ўлдириш, қасддан оғир ёки ўртача оғир тан жароҳати етказиш жиноятларини кучли ҳаяжонланиш ҳолатида юз берган одам ўлдириш, оғир ёки ўртача оғир тан жароҳатлари етказиш жиноятларидан фарқ қила билишлари керак. Бу ерда шуни назарда тутиш керакки, кучли руҳий ҳаяжонланиш оқибатида содир этилган жиноятларда жабрланувчига зарар етказиш ҳимояланиш мақсадида бўлмайди, демак, зарурий мудофаа ҳолатида ҳам юз бермайди. Бундан ташқари жабрланувчининг хатти-ҳаракатлари туфайли тўсатдан юз берган руҳий ҳаяжонланиш жиноятлари (Жиноят кодексининг 98, 106-моддалари) худди шундай ҳаяжонланиш таъсири остида вужудга келади, зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб содир этилган жиноятлар учун эса бундай белги бўлиши шарт эмас.
Агар ҳимояланувчи тўсатдан юз берган кучли руҳий ҳаяжонланиш оқибатида зарурий мудофаа чегарасидан чиқса, айбланувчининг ҳаракати Жиноят кодексининг 100 ёки 107-моддалари билан тавсифланиши керак.
9. Зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб одам ўлдириш Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг «а, б, д, ж, р, с» бандларида кўрсатилган ҳолатларда содир этилган ҳолларда ҳам Жиноят кодексининг 100-моддаси билан тавсифланиши лозим.
10. Судлар зарурий мудофаа ҳолатини аниқ ижтимоий хавфли тажовуз юз бермасада, шахснинг янглишиб, шундай тажовуз қилиши мумкин деган тахминий ҳолатларидан фарқлашлари керак. Агар ҳодиса ҳолатларига кўра, мудофаа чораларини қўллаган шахс ўзининг янглишганини билмаган ва билиши ҳам мумкин бўлмаган бўлса, унинг ҳаракатлари зарурий мудофаа ҳолатида содир этилган деб ҳисобланиши керак.
Агар шахс тажовузнинг аслида йўқ ва хаёлийлигини била туриб, иш ҳолатларига кўра ҳам уни албатта билиши мумкин бўлгани ҳолда зарар етказса, унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг эҳтиётсизлик орқасида зарар етказганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси билан тавсифланиши лозим.
11. Суд судланувчининг ҳаракатларида зарурий мудофаа чегарасидан чиқиш аломатлари бор деб ҳисоблаганда, иш ҳолатини умумий таърифлаш билан чегараланмай, ҳукмда иш юзасидан аниқланган ҳамма ҳолатларга асосланиб, ҳимоянинг ҳужум характери ва хавфлилик даражасига бутунлай номувофиқ эканлигини англатувчи ўз хулосасини баён қилиши керак.
12. Судлар зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб одам ўлдиришда, оғир ёки ўртача оғир тан жароҳати етказишда айбли топилганларга нисбатан жазо чоралари белгилашда, Жиноят-процессуал кодексининг 467-моддаси талабига кўра ҳар бир муайян иш юзасидан жиноятнинг содир этилиши ҳолатларини ва судланувчиларнинг шахсига оид маълумотларни эътиборга олиб, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилишлари керак. Агар озодликдан маҳрум этиш жазоси белгилаш лозим бўлса, бу ҳолат ҳукмда асослантирилиши лозим.
13. Судлар зарурий мудофаа тўғрисидаги қонунларни қўллаш билан боғлиқ бўлган ишлар бўйича олиб бориладиган дастлабки тергов сифатига бўлган талабчанликни кучайтиришлари, жиноятга дахлдорлиги ёритилган барча шахслар жавобгарликка тортилганми ёки йўқлигини текшириб аниқлашлари ва зарур бўлган ҳолларда уларни жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилишлари лозим. Агар янги шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят иш кўрилаётган иш билан боғлиқ бўлиб, уларни алоҳида-алоҳида кўриш имкони бўлмаса суд ишни тўлиғича қўшимча терговга қайтариши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Судларнинг эътибори шунга жалб этилсинки, зарурий мудофаа ҳолатида зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқмай етказилган зарар Фуқаролик кодексининг 987-моддасига кўра ундирилмайди.
Зарурий мудофаа чегарасидан чиқиш натижасида етказилган зарарни ундириш вақтида иш ҳолатларига, мудофааланувчи ва тажовуз қилувчи шахсларнинг айб даражасига эътибор берилган ҳолда зарар миқдори камайтирилиши ёки уни ундириш ҳақидаги талаб рад этилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Жиноят кодексининг 100, 107-моддалари билан судланган шахслардан, уларни даволашга сарфланган маблағларни ундириш қонунда кўрсатилмаган. Бундай шахсларни даволаш ҳаракатдаги қонунга мувофиқ амалга оширилади.
15. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди зарурий мудофаа ҳақидаги қонунларни суд фаолиятида қўлланиши устидан назоратни кучайтирсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.