Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раис ўринбосари Б. Мирбобоев, судьялар У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимовадан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
10-моддасига амал қилган ҳолда «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш ҳақидаги ишни очиқ мажлисда кўриб чиқди.
Масала «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига мувофиқ «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Бош директори В. Тяннинг Конституциявий судга мурожаати муносабати билан судьялар У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимованинг ташаббуси билан киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 1009-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ боқувчининг ўлими муносабати билан зарар: вояга етмаганларга — ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар; ўн саккиз ёшдан ошган ўқувчиларга — ўқувнинг кундузги шаклида ўқишни тугатгунга қадар, бироқ йигирма уч ёшдан ошмагунча тўланади.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасининг бешинчи қисмида ўн олти ёшдаги ва ундан катта ўқувчилар, ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқишни тугатгунларигача, лекин ўн саккиз ёшга қадар бўлган даврда, зарарни ундириш ҳуқуқига эгадирлар, деб белгиланган.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасига мувофиқ ўн саккиз ёшдан катта ва йигирма уч ёшга тўлмаган, ўқув юртининг кундузги бўлимида таҳсил олаётган шахслар зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлмайдилар, ваҳоланки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси
1009-моддасининг нормаларига асосан эса улар бундай ҳуқуққа эгадирлар.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат
кодексининг боқувчининг ўлими муносабати билан зарарни тўлаш тартибини белгиловчи нормаларидаги мазкур фарқ ушбу нормаларнинг амалиётда қўлланилишида жиддий қийинчиликларга олиб келмоқда.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасига асосан ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.
2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг
Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.
4. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 43-моддасига мувофиқ давлат фуқароларнинг
Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.
5. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 3-моддасининг иккинчи қисмига асосан бошқа қонунлар ва қонун ҳужжатларидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормалари ушбу Кодексга мос бўлиши шарт.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасига ўқувнинг кундузги шаклида таълим олаётган шахсларнинг улар йигирма уч ёшга етгунга қадар боқувчининг ўлими муносабати билан зарарни тўлаш ҳуқуқини назарда тутувчи ўзгартиш киритиш лозим.
Баён қилинганларга асосланиб ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10,
25,
26,
27-моддаларига, «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
5,
26-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:
1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 192-моддасининг бешинчи қисмини Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 1009-моддасининг
учинчи қисмига мувофиқлаштириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни
лойиҳаси қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилсин (илова қилинади).