LexUZ шарҳи
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 июндаги ЎРҚ-544-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бу ҳуқуқ фуқароларнинг референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қатнашиши орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг Конституция, ушбу Қонун ва бошқа қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган сайлов ҳуқуқлари давлат муҳофазасидадир.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.
Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир фуқаро-сайловчи бир овозга эга.
Ўзбекистон Республикасининг 35 ёшдан кичик бўлмаган фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ўзбекистон Республикасининг сайлов кунигача 25 ёшга тўлган фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ўзбекистон Республикасининг сайлов кунигача 21 ёшга тўлган фуқаролари ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органларига сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди, сайлов тўғрисидаги қонунларда белгилаб қўйилган талаблар бундан мустаснодир.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.
Сайловчилар қаерда бўлишларидан қатъи назар, уларга референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловларида бевосита қатнашиш ҳуқуқи кафолатланади.
Сайловчилар ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш ва яширин овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар. Участка сайлов комиссиялари овоз беришни махсус ажратилган биноларда ташкил этиб, фуқароларга хоҳиш-иродани эркин ва яширин равишда билдириш имкониятини яратадилар.
Сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўланадиган, тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Сайловчиларга участка сайлов комиссиясининг биносида сайловчилар рўйхати билан олдиндан танишиб чиқиш имконияти таъминланади.
Сайловчи сайловчилар рўйхатидаги хато ва ноаниқликлар тўғрисида сайлов комиссиясига арз қилиш ҳуқуқига эга. Участка сайлов комиссияси йигирма тўрт соат ичида бундай аризани кўриб чиқиши ҳамда ёки хатони тузатиши, ёки аризачига унинг аризаси асосли тарзда рад этилганлиги тўғрисидаги маълумотномани бериши шарт.
Бирор бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига вақтида кирмай қолган сайловчи унинг шахси, фуқаролиги ва турар жойини тасдиқловчи ҳужжатга асосан участка сайлов комиссияси томонидан рўйхатга киритилади.
Сайловчилар умумхалқ овозга қўйилган қарорларни, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни ёки ҳокимиятнинг вакиллик органларига кўрсатилган номзодларни ёқлаб ёки уларга қарши ташвиқот юритиш ҳуқуқига эгадирлар.
Сайловчиларга ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқи кафолатланади.
LexUZ шарҳи
Давлат ҳокимияти органлари сайловолди учрашувлари ўтказиш учун сайловчиларга жиҳозланган бинолар, зарур маълумот ва ахборот материаллари бериб туришлари шарт. Йиғилишлар ва учрашувлар ўтказиладиган вақт ва жой сайловчиларга барвақт хабар қилинади.
Бутун сайлов компанияси кенг ошкоралик асосида тузилади. Ҳар бир сайловчи сайлов давомида сайлов округлари ва участкаларини тузишга, сайлов комиссияларининг таркиби, комиссиялар жойлашган манзил ва иш вақтига, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунларига доир ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Тегишли сайлов комиссияларининг сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссияларининг таркиби тўғрисидаги, шунингдек депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги қарорлари матбуотда эълон қилинади.
Сайловчилар сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар ва айрим номзодларнинг келгуси фаолият дастури билан танишиш ҳуқуқига эгадирлар.
Сайлов ҳуқуқига эга, бирон бир сиёсий партиянинг аъзоси бўлмаган, депутатликка номзод ёки унинг ишончли вакили этиб кўрсатилмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайлов комиссияларининг аъзоси бўлишлари мумкин.
Овоз бериш куни сайловчиларга бузиб қўйилган сайлов бюллетенини янгиси билан алмаштириб олиш ҳуқуқи кафолатланади. Сайлов бюллетенини алмаштириб беришни тегишли участка сайлов комиссияси амалга оширади.
Сайлов куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар олдинроқ овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар.
Тегишли участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг талабига кўра белгиланган шаклда бўлган, депутатликка номзодлар тўғрисида тегишли маълумотлар қайд этилган сайлов варақаларини беради. Сайловчилар тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссияси аъзоларидан бирида қолдиришлари мумкин.
Саломатлигининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмайдиган сайловчилар участка сайлов комиссиясига тегишли илтимос билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга, бу комиссия овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этиши шарт.
Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросига унинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари кафолатланади.
Куч ишлатиш, алдаш, қўрқитиш орқали ёки бошқа йўллар билан фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш, референдумда иштирок этиш, сайловолди агитациясини олиб боришдан иборат ҳуқуқларидан фойдаланишларига тўсқинлик қилиш, шунингдек ҳужжатларни сохталаштириш, овозларни атайин нотўғри санаш, референдум тўғрисидаги, Президент сайлови ҳақидаги, ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайлов тўғрисидаги қонунларни ўзгача тарзда бузиш Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-147-моддаларига қаранг.