Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги ислоҳотларда меъёрий-ҳуқуқий базасини ташкил қилиш ва ривожлантириш мақсадида қарор қиламиз:
1. Давлатга етказилган зарар учун ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисидаги Вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг, 10 кундан кейин амалга киритилади.
«ТАСДИҚЛАЙМАН»
Мудофаа варзирлиги, Ички ишлар вазирлиги,
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги,
Миллий хавфсизлик хизматининг
2006 йил 12 майдаги
6-сон, 3-сон, 1/4-528-сон, 47-сонли қарори
1. Мазкур Вақтинчалик низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати орган ва қўшинларининг ҳарбий хизматчи, ҳарбий-таълим муассасалари курсантлари ҳамда ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурларга татбиқ этилади.
Мазкур Вақтинчалик низом Ўзбекистон Республикасининг бошқа вазирлик ва идораларига белгиланган тартибда ишга юборилган ҳарбий хизматчиларга ҳам татбиқ этилади.
2. Ҳарбий низом, буйруқ ва бошқа ҳужжатларда кўзда тутилган хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида давлатга зарар етказишда айбдор деб топилган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркиби лавозимларида чақирув ёки шартнома бўйича Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар, шунингдек ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар мазкур Вақтинчалик низомга мувофиқ моддий жавобгарликка тортиладилар.
Хизмат мажбуриятларини бажаришда тааллуқли бўлмаган вақтда етказилган зарар учун ушбу шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда моддий жавобгарликка тортиладилар.
3. Фақатгина давлатга етказилган тўғридан-тўғри ҳақиқий зарар қопланиши лозим, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бошқа ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар моддий жавобгарликка тортилмайдилар, қачонки зарар командир (бошлиқ) буйруғини виждонан бажариш ёки ушбу аниқ шароитларда ўзини оқлайдиган хизмат таваккалчилиги оқибатида ёхуд қонуний хатти-ҳаракатлар натижасида етказилган тақдирда.
4. Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан зарарни қоплаш уларнинг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) оқибатида давлатга етказилган зарар учун интизомий ёки жиноий жавобгарликка тортилишидан қатъий назар амалга оширилади.
Давлатга зарар етказган шахс жиноий жавобгарликка тортилган ҳолда командир (бошлиқ) унга қарши қопланмаган зарарнинг тўлиқ суммаси учун фуқаролик даъвосини билдиради.
5. Давлатга зарар етказган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ўз ихтиёри билан уни тўлиқличи ёки қисман қоплашлари мумкин.
6. Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий мулкни (қурол-аслаҳа, жанговар ва бошқа техника, ўқ-дорилар, ёнилғи, озиқ-овқат, ҳарбий ашё, муҳандислик, кимёвий, уй-жой мулки, ҳарбий қисм ва муассасалар, ҳарбий-таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тасарруфидаги бошқа моддий воситалар ва пул маблағлари) қасддан йўқ қилиш, зарар етказиш, ишдан чиқариш, ўғирлаш, камомад, ноқонуний сарфлаш оқибатида ёки қасддан қилинган бошқа хатти-ҳаракатлар натижасида зарар етказган тақдирда, улар ўзида жиноий тартибда таъқиб қилинувчи ҳаракатларни мужассамлаштирган ёки мужассамлаштирмаганидан қатъий назар, уларнинг айби билан давлатга етказилган зарарнинг тўлиқ қиймати миқдорида моддий жавобгарликка тортиладилар.
7. Қимматли валюта бойликлари, заргарлик буюмлари, қимматбаҳо металл ва тошлардан тайёрланган рўзғор буюмлари ҳамда шундай буюмлар парчаларининг ўғирланиши, камомади ва меъёридан ортиқ йўқотилишида айбдор бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар қонунчиликка мувофиқ моддий жавобгарликка тортиладилар.
8. Командирлар (бошлиқлар) уларнинг бўйсунувчилари томонидан давлатга етказилган зарар учун етказилган зарарга тенг, бироқ бир ойлик оклад пул таъминотидан ортиқ бўлмаган миқдорда моддий жавобгарликка тортиладилар, қачонки мазкур командирлар (бошлиқлар) ўзининг нотўғри фармойишлари билан ҳарбий мулкни ҳисобга олиш, сақлаш, ишлатиш, сарфлаш ва ташишнинг ўрнатилган тартибини бузган, ҳарбий мулкни ўғирланиши, камомади, йўқ қилиниши, зарарланиши ва бузилишининг олдини олиш, давлатга етказилган зарарни айбдор шахслар ҳисобидан қоплаш бўйича зарурий чораларни кўрмаган тақдирда.
9. Вагон ва автомобилларнинг туриб қолишига сабабчи бўлган ҳарбий хизматчилар етказган зарар учун тўлиқ миқдорда моддий жавобгарликка тортиладилар.
10. Ишчи ёки хизматчининг ноқонуний ишдан бўшатилиши ёки бошқа ишга ўтказилишида айбдор деб топилган ҳарбий қисм, муассаса, ҳарбий-таълим муассаса, корхона ва ташкилотларнинг командирлари (бошлиқлари) мажбурий ишга чиқмаслик вақти ёки кам ҳақ тўланадиган ишни бажариш вақтининг тўловлари муносабати билан етказилган зарарни тўлиқ қоплайди. Агар ишдан бўшатиш ёки бошқа ишга ўтказишда яққол қонун бузилишлари билан амалга оширилган бўлса, ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи командир (бошлиқ) ёхуд суднинг ишчи ёки хизматчини ишга тиклаш тўғрисидаги қарори ижросини кечиктирган бўлса жавобгарликка тортиладилар.
11. Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурларнинг айби билан учинчи шахсларга етказилган зарар қонунчиликка мувофиқ ҳарбий қисм, муассаса, ҳарбий-таълим муассасаси, корхона ва ташкилот томонидан қопланган ҳолатларда мазкур Вақтинчалик низомда кўзда тутилган тартибда қоплашлари мажбур.
12. Давлатга етказилган зарар миқдори зарар аниқланган вақтдаги бозор нархларидан келиб чиқиб, ҳисобга олиш маълумотларига асосан амалдаги йўқотишлар бўйича белгиланади.
Қурол-аслаҳанинг (автомат, пистолет, тўп ва бошқа ҳарбий-техник мулк) қийматини белгилаш юқори турувчи таъминот органининг тегишли комиссияси томонидан амалга оширилади.
13. Ҳарбий қисм, муассаса, ҳарбий-таълим муассасаси, корхона ва ташкилотларнинг командирлари (бошлиқлари) зарарни (моддий воситалар ва пул маблағларининг камомади, йўқ қилиниши, зарарланиши, бузилиши, талон-тарож қилиниши, ўғирланиши, ноқонуний тарзда қўлланиши ва ҳисобдан чиқарилиши ҳолатларини) аниқлаган заҳоти зудлик билан зарарнинг юзага келиш сабаби, унинг миқдори ва айбдор шахсларни аниқлаш учун хизмат суриштирувини тайинлайди. Суриштирув бир ой муддатда якунланиши керак. Зарур ҳолларда ушбу муддат юқори турувчи командир (бошлиқ) томонидан узайтирилиши мумкин, бироқ кўпи билан бир ойга.
Агар тафтиш, текширув, тергов, дастлабки тергов ёки суд томонидан зарарнинг юзага келиш сабаблари, миқдори ва ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар аниқланган бўлса хизмат суриштируви ўтказилмаслиги мумкин.
14. Етказилган зарар, унинг миқдори ва айбдор шахслар аниқланган тақдирда ҳарбий қисм, муассаса, ҳарбий-таълим муассасаси, корхона ва ташкилотларнинг командирлари (бошлиқлари), зарурий ҳолатларда эса — юқори турувчи командир (бошлиқ) хизмат суриштируви якунланган ёки мазкур Вақтинчалик низом 13-бандининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган материаллар келиб тушган кунда айбдор ҳарбий хизматчи ва ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурдан тегишли пул суммасини ундириш тўғрисида буйруқ чиқаради.
Зарар бир нечта шахс томонидан етказилган тақдирда буйруқда улар томонидан етказилган зарар, аниқ шароитлар ва айбдорлик даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир айбдор шахсдан ундириладиган пул суммаларининг аниқ миқдори алоҳида-алоҳида кўрсатиб ўтилади.
15. Зарарни ундириш тўғрисидаги буйруқ айбдор шахсга имзо остида эълон қилинади ёки буйруқдан кўчирма тақдим қилинади. Буйруқдан норозилар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизом низомида белгиланган тартибда юқори турувчи командир (бошлиқ) ёки судга шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин. Юқори турувчи командир (бошлиқ) етказилган зарар учун жавобгарлик ва ундирилаётган пул суммасининг тўғри белгиланганини текширади.
16. Мазкур Вақтинчалик низом 13-бандида кўрсатиб ўтилган зарар етказиш ҳолатларида ундириш тўғрисидаги буйруқ бўйича ҳар ойлик ушланмалар ойлик оклад пул таъминотининг (иш ҳақининг) йигирма фоизидан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилади.
Агар пул таъминотидан (иш ҳақидан) қонунда кўзда тутилган бошқа ушланмалар чегириб қолинаётган бўлса, барча ушланмаларнинг умумий миқдори ойлик оклад пул таъминотининг (иш ҳақининг) эллик фоизидан ошмаслиги зарур. Бундай ҳолатларда ундириш тартиби ва кетма-кетлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Агарда моддий жавобгарликка тортилган ҳарбий хизматчи ёки ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбур захирага бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган, ҳарбий йиғинлар тугаган кунда ўзи томонидан давлатга етказилган зарарни қопламаган бўлса, қарздорлигининг қолган қисми бўшатилган ҳарбий хизматчи ёки ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурнинг яшаш (иш) жойи бўйича ҳарбий қисм, муассаса, ҳарбий-таълим муассасаси, корхона ва ташкилотларнинг командири (бошлиғи) томонидан юбориладиган нотариуснинг ижро ҳақидаги ёзувига асосан муқаррар тартибда яшаш жойи бўйича давлат ижрочиси томонидан ундирилади.
18. Хориждаги қўшинларнинг ҳарбий хизматчилари томонидан ва ҳарбий хизматчилар томонидан ҳарбий хизмат мажбуриятларини хорижда бажаришнинг бошқа ҳолатларида ҳарбий мулкни ўғирланиши, камомади, йўқотилиши ва ноқонуний ишлатилиши натижасида давлатга етказилган зарар миқдори улар бўлган мамлакатдаги нархлар, бундай нархлар мавжуд бўлмаган тақдирда эса улар бўлган мамлакатдаги ишлаб чиқарувчи заводда ўхшаш ашёга қўйилган нархлар бўйича белгиланади.
Бундай ҳолатда зарарни қоплаш улар бўлган давлатнинг валютасида, ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикасига кетганда эса — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг хорижий давлатлар валюталари курси бўйича сўмда амалга оширилади.
19. Хизматни ўташнинг алоҳида шарт-шароитлари учун оширилган лавозим окладларини олувчи ҳарбий хизматчилардан етказилган зарарни қоплашда ундирилиши керак бўлган пул суммаларини белгилашда қонунчиликда кўзда тутилган ҳолатларда кўрсатиб ўтилган оширилиши ва қўшимча ҳақларсиз лавозим оклади ҳисобга олинади.
20. Ҳарбий хизматчи томонидан етказилган зарар тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар янги хизмат жойига ўтказилган ҳолатда хизмат суриштируви материали ёки тафтиш, текширув далолатномасидан кўчирма тергов, тафтиш, текширув якунлангандан сўнг беш кунлик муддатда уни моддий жавобгарликка тортиш учун айбдорнинг янги хизмат жойига юборилади. Айбдорнинг янги хизмат жойи бўйича командир (бошлиқ) хизмат суриштируви материали ёки тафтиш, текширув далолатномасидан кўчирма келиб тушган кундан бошлаб 10 кун муддат мобайнида айбдорни моддий жавобгарликка тортиш тўғрисида буйруқ чиқаради.
21. Ҳарбий хизматчи томонидан етказилган зарар тўлиқ қопламагунга қадар янги хизмат жойига ўтказилган ҳолатда янги хизмат жойи бўйича пул суммасини ушлаб қолиш ҳисоб-китоб дафтарчаси, пул аттестатидаги (муддатли ҳарбий хизматчилар учун) ёзувлар асосида амалга оширилади. Ҳарбий хизматчидан ушлаб қолинадиган пул суммасининг қолдиқ миқдори тўғрисида янги хизмат жойига ёзма хабарнома юборилади. Кўрсатиб ўтилган ҳолатларда эски хизмат жойидаги ҳисоб-китоб бўйича қарздорлик пул суммаларини ҳисобдан чиқариш фақатгина улар ҳарбий хизматчини янги хизмат жойи бўйича ундиришга қабул қилинганини тасдиқловчи ёзма ҳужжат олингандан сўнг амалга оширилади. Бунда қарздорлик пул суммасининг ундиришга қабул қилинганини тасдиқловчи ҳужжат командир (бошлиқ), молия хизмати бошлиғи (бухгалтер) томонидан имзоланади ва гербли муҳр билан тасдиқланади.
22. Етказилган зарарнинг улар томонидан қопланиши тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар ҳарбий хизматчи захирага бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган ёхуд ҳарбий хизматга мажбур ҳарбий йиғинлар тугагандан сўнг яшаш жойига кетган ҳолларда командир (бошлиқ) ушбу шахсларга қарши етказилган зарарнинг пул суммаси миқдорида умумфуқаровий тартибда даъво аризасини тақдим этади.
23. Муддатли ҳарбий хизматчи томонидан хизмат мажбуриятларини бепарволик билан бажариши оқибатида етказилган зарар миқдори аниқланган вақтда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробаридан кўп бўлмасдан, уни бўшатгандан сўнг ундириш имконисиз бўлса, белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилиши мумкин.
24. Мудофаа ишлари бошқармалари, шаҳар ва туман мудофаа ишлари бўлимларида ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатилган ҳарбий хизматчилар ёки ҳарбий йиғинларни ўтаб бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар ҳисобидаги қопланмаган зарарлар пул миқдорининг ҳисоби юритилади ҳамда қарздорликнинг тўлиқ қайтарилиши устидан назорат амалга оширилади, мазкур Вақтинчалик низомнинг 23-бандида кўзда тутилган ҳолат бундан мустасно.
25. Ҳарбий қисм, муассаса, ҳарбий-таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда бўшатилган ҳарбий хизматчилар ёки ҳарбий йиғинларни ўтаб бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар ҳисобидаги қопланмаган зарарларнинг пул суммалари пул суммалари тўлиқ келиб тушгунга қадар ҳисобга олинади, мазкур Вақтинчалик низомнинг 16- ва 23-бандларида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.