|
Ҳужжат 10.02.2006 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш |
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
«Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, олий таълим муассасаларига тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахсларни танлаб олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2006 йил 10 февраль,
20-сон
Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом, «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, олий таълим муассасаларига педагог ходимларни (профессор-ўқитувчилар таркибини) танлов асосида ишга қабул қилиш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Чуқур касбий билимларга ва илмий ютуқларга, ижодий, илмий салоҳиятга, юксак интеллектуал қобилиятлар ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талаблари даражасида мутахассислар тайёрлаш билан шуғулланишга муносиб бўлган энг малакали педагог кадрларни танлаш учун рақобат муҳитини яратиш ва таъминлаш танловнинг мақсади ҳисобланади.
II. Лавозимлари танлов бўйича эгалланадиган педагог ходимлар ва танлов қатнашчиларига қўйиладиган малака талаблари
2. Педагог ходимлар (профессор-педагоглар таркиби) тоифасига кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ўқитувчи (ассистент) лавозимини эгаллаб турган шахслар киради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Олий таълим муассасасининг кафедра мудири, профессори, доценти, катта ўқитувчиси, ўқитувчиси (ассистенти) лавозими беш йил муддатга танлов бўйича эгалланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Беш йиллик муддат тамом бўлгандан кейин кўрсатиб ўтилган лавозимлар мазкур Низомга мувофиқ танлов асосида эгалланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Икки ва ундан ортиқ тенг лавозимларга бир вақтда танлов ўтказилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Кафедра мудири лавозимини эгаллаш учун танловда фан доктори, фан номзоди илмий даражасига, шунингдек профессор ёки доцент илмий унвонига эга бўлган шахслар қатнашиши мумкин.
Доцент (фан номзоди) кафедра мудири лавозимини эгаллашга бир беш йиллик муддатга қўйилади.
Бир муддат тамом бўлгандан кейин кафедра мудири лавозимини эгаллаб турган ва фан доктори илмий даражасини олмаган доцент (фан номзоди) олий таълим муассасаси ректорининг тақдимномасига кўра ва бўйсунишига кўра тегишли вазирлик ёки идоранинг рухсати билан кафедра мудири лавозимини эгаллашга фақат фавқулодда ҳолларда танловда яна қатнашиши мумкин.
Фан номзоди илмий даражасига ёки доцент илмий унвонига эга бўлган айнан бир шахснинг кафедра мудири лавозимига танловда кетма-кет учинчи муддатга қатнашишига йўл қўйилмайди.
Тиллар, жисмоний тарбия ва спорт, графика ва чизмачилик, маданият ва санъат йўналишлари кафедра мудирлари лавозимини эгаллаш учун танловда доцент илмий унвонига (фан номзоди илмий даражасига) эга бўлмаган, бироқ камида 5 йиллик методик, илмий-педагогик, ижодий ва ташкилий фаолият тажрибасига эга бўлган шахс қатнашиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Профессор лавозимини эгаллаш учун танловда, қоидага кўра, профессор илмий унвонига ёки фан доктори илмий даражасига эга бўлган шахс қатнашиши мумкин.
Профессор лавозимини эгаллаш учун танловда, шунингдек камида 5 йиллик илмий-педагогик иш стажига эга бўлган, мазкур кафедранинг таълим йўналишлари бўйича дарсликлар ва ўқув қўлланмалари муаллифи бўлган фан номзоди илмий даражасига ёки доцент илмий унвонига эга бўлган шахс бир муддатга қатнашиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Доцент лавозимини эгаллаш учун танловда, қоидага кўра, тегишли мутахассислик бўйича доцент, катта илмий ходим илмий унвонига ёки фан доктори (номзоди) илмий даражасига эга бўлган шахс қатнашиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бир муддатга доцент лавозимини эгаллаш учун танловда, шунингдек тегишли илмий унвонга ва илмий даражага эга бўлмаган, бироқ ушбу мутахассислик бўйича камида 3 йиллик амалий иш тажрибасига эга бўлган, мазкур кафедранинг таълим йўналишлари бўйича дарсликлар ва ўқув қўлланмалари муаллифи бўлган юқори малакали мутахассис ҳам қатнашиши мумкин.
7. Катта ўқитувчи лавозимини эгаллаш учун танловда олий маълумотга эга бўлган шахс (магистр, дипломли мутахассис), шунингдек илмий даража ва илмий унвонга эга бўлган ҳамда бундай даража ва унвонга эга бўлмаган, бироқ ўқитувчилик, илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш ишлари тажрибасига эга бўлган шахслар ҳам қатнашиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Ўқитувчи (ассистент) лавозимини эгаллаш учун танловда тегишли мутахассислик бўйича олий маълумотга эга бўлган шахс (магистр, дипломли мутахассис) қатнашиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Ҳомиладор аёллар, шунингдек уч ёшгача болалари бўлган аёллар эгаллаб турган лавозимларга танлов эълон қилинмайди.
10. Олий таълим муассасаларига ўқитувчи лавозимига соатбай ҳақ тўлаш шартларида ишга кираётган шахслар танловсиз, ректор буйруғи билан, белгиланган тартибда қабул қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Аспирантурани битирувчи тугатиш йилида, шунингдек олий таълим муассасасини битирган мутахассис тақсимот бўйича ўқитувчи лавозимига танловдан ташқари, 3 йил муддатга тайинланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III. Танловларни ўтказиш тартиби
12. Олий таълим муассасаси сайланиш муддати мазкур ўқув йилида тугайдиган кафедра мудирлари, профессорлар, доцентлар, катта ўқитувчилар, ўқитувчилар ва ассистентлар лавозимларини эгаллаш учун, шунингдек бўш лавозимларга танлов эълон қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Танлов бўйича сайлов олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларида ёки факультетларнинг илмий кенгашларида ўтказилади. Олий таълим муассасасининг илмий кенгашида ёки факультетнинг илмий кенгашида сайланадиган лавозимларни белгилаш ҳуқуқи олий таълим муассасасининг ректорига тегишли бўлади.
Кафедра мудирлари ва профессорлар олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларида танлов бўйича ўтадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Танловлар вақтли матбуотда ёки бошқа оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан олий таълим муассасасининг кўп нусхали газетасида эълон қилинади. Танловда қатнашиш учун аризалар эълон чиққан кундан бошлаб бир ойдан кечикмай берилиши керак.
15. Танловда қатнашишни хоҳловчилар олий таълим муассасаси ректори номига ариза берадилар, аризага кадрларни ҳисобга олиш бўйича шахсий варақа ва олий маълумот тўғрисидаги дипломлар нусхаси илова қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қатнашувчиларда илмий даража, илмий унвон, шунингдек илмий ишлар ва ихтиролар мавжуд бўлган тақдирда улар тегишли дипломлар, аттестатлар нусхаларини ва илмий ишлар рўйхатини, малака ошириш тўғрисидаги гувоҳномаларни тақдим этишлари керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Танловга тушган барча ҳужжатлар олдиндан кафедра мажлисида кўриб чиқилади. Илгари кафедрада ишламаган шахсларнинг ҳужжатларини кўриб чиқишдан олдин улар томонидан синов лекциялари (мазкур олий таълим муассасаси ўқитувчилари учун — очиқ машғулотлар) ўтказилади. Синов лекциялари ва очиқ машғулотлар мавзулари кафедра предметлари бўйича ўқув дастури талабларига мувофиқ бўлиши керак. Танлов қатнашчиларини тест синовларидан ўтказишга йўл қўйилади. Кафедра мудири лавозимига номзодларни муҳокама қилиш бўйича мажлисни факультет декани (олий таълим муассасалари умумий кафедраларида – проректор ўтказади).
Илгари ўзи эгаллаб келган лавозим учун танловда қатнашувчи шахслар кафедра мажлисида танловдан олдинги даврдаги илмий-педагогик, методик, тарбиявий ва бошқа ишлари тўғрисида ҳисобот беради.
Кафедра илгари эгаллаб келган лавозими учун танловда қатнашувчи ҳар қайси номзод бўйича материалларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, очиқ ёки яширин овоз берган ҳолда, кафедранинг штатдаги ўқитувчиларининг (шу жумладан ўриндошлик тартибида ишлаётган ўқитувчиларининг) ва илмий ходимларининг оддий кўпчилик овози билан тавсиянома қабул қилади ва уни ўқитувчининг ҳисоботи билан бирга олий таълим муассасаси (факультет) илмий кенгашига жўнатади.
Факультетнинг кафедра аъзоси ҳисобланмайдиган декани (проректор) кафедра мудири лавозимига номзодлар бўйича тавсияномалар қабул қилишда овоз беришда қатнашмайди. Эгаллаш учун танлов эълон қилинган лавозимни эгаллаб турган шахс материалларни кўриб чиқиш чоғида овоз беришда қатнашмайди.
17. Ҳар қайси номзод бўйича илмий кенгаш мажлисида яширин овоз беришни ўтказишдан олдин кафедранинг тавсияномаси ўқиб эшиттирилади.
18. Мазкур лавозим учун танловда қатнашувчи барча шахсларнинг фамилияси яширин овоз бериш учун битта бюллетенга киритилади.
Овоз бериш бюллетенда овоз берилаётган номзоднинг фамилияси рўпарасига тегишли белги қўйиш йўли билан амалга оширилади. Фақат битта номзод учун овоз беришга йўл қўйилади.
Агар бюллетенда овоз бериш учун бирорта ҳам белги қўйилмаган бўлса ёхуд белги икки ёки ундан кўп фамилиялар рўпарасига қўйилган бўлса, у ҳолда бундай бюллетень бузилган ҳисобланади ва овозларни ҳисоблашда ҳисобга олинмайди.
19. Овозларни ҳисоблаш учун илмий кенгаш овоз бериш бошланишидан олдин таркибида илмий кенгашнинг камида уч нафар аъзоси бўлган саноқ комиссиясини сайлайди. Саноқ комиссияси ҳар қайси номзод бўйича овоз бериш натижаларини эълон қилади.
Саноқ комиссияси протоколи илмий кенгаш томонидан тасдиқланади ва танлов материалларига қўшиб қўйилади.
20. Танловни ўтказишда илмий кенгаш қарори, агар овоз беришда илмий кенгашнинг тасдиқланган (рўйхатдаги) таркибидаги аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган бўлса ваколатли ҳисобланади. Илмий кенгашнинг овоз беришда қатнашган аъзоларининг кўпчилик овозини, бироқ камида 50 фоиз овозини олган номзод танловдан ўтган ҳисобланади.
Бирортаси ҳам талаб қилинган миқдорда овоз ололмаган икки нафардан кўп номзодлар қатнашган тақдирда илмий кенгашнинг айнан шу мажлисида дастлабки икки талабгор ўртасида такрорий овоз бериш ўтказилади. Агар икки номзод қатнашган танловни ўтказишда овозлар сони тенг бўлиб қолса раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Илмий кенгаш қарори олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан тасдиқланади.
Танловда қатнашиш учун аризалар мавжуд бўлмаган тақдирда, шунингдек муайян лавозим учун фақат битта номзоддан ариза тушганда танлов ўтказилмаган ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21. Лавозимларни эгаллаш учун ўқитувчиларни танлаш бўйича кафедра ва илмий кенгаш мажлислари очиқ тартибда ўтади. Танловда қатнашувчиларга уларнинг номзодлари муҳокама қилинадиган кафедра ва илмий кенгаш мажлисларида қатнашиш ёки уларнинг хоҳишига кўра кафедра ёки илмий кенгаш қарори билан танишиш ҳуқуқи берилади.
22. Илмий кенгаш котиби танлов натижалари тўғрисида ўн кун муддатда унда қатнашган шахсларни ёзма равишда хабардор қилади.
23. Олий таълим муассасаси (факультет) илмий кенгашининг қарори, агар у ушбу Низом талабларига риоя этилган ҳолда қабул қилинган бўлса, узил-кесил ҳисобланади.
IV. Меҳнат шартномаси (контракт)ни тузиш, ўзгартириш ва тўхтатиш
24. Ушбу олий таълим муассасасида ишламайдиган ва профессор-ўқитувчилар таркибидаги лавозимга танловдан ўтган шахслар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномалари тузилади, меҳнат шартномалари асосида уларни 5 йил муддатга ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Меҳнат шартномаларида иш берувчи томонидан ҳар 5 йилда ходим эгаллаб келган лавозим учун танлов ўтказилиши белгилаб қўйилади, ходим эса танловда қатнашишга ҳақлидир.
Ходим меҳнат шартномаси тузилгандан кейин ишга киришиши шарт бўлган муддат томонларнинг келишувига кўра белгиланади, бироқ ушбу муддат уч ойдан ошиши мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25. Мазкур олий таълим муассасасида ишлайдиган ва танлов бўйича сайланган шахсларнинг меҳнат шартномаларига қуйидагилар ёзиб қўйилади:
а) улар илгари эгаллаб келган лавозим учун — меҳнат муносабатларини янги муддатга узайтириш тўғрисидаги маълумотлар ёзилади ва тегишли буйруқ чиқарилади;
б) бошқа лавозимлар учун — танловдан ўтганлик тўғрисида илмий кенгаш протоколи қайд этилган ҳолда тегишли ўзгартиришлар ёзилади ва бошқа лавозимга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.
Давлат бошқаруви органи қарорига кўра профессор-ўқитувчилар таркиби аттестациядан ўтказилган тақдирда аттестация якунларига кўра иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатлари масалалари, шахснинг танлов бўйича эгалланадиган лавозимда бўлиш муддатидан қатъи назар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26. Илгари эгаллаб келган лавозими учун танловдан ўтмаган, шунингдек танловда қатнашиш учун ариза бермаган шахслар билан меҳнат шартномаси янги муддатга танловдан ўтмаганлиги ёхуд танловда қатнашишни рад этганлиги сабабли ўқув йили тугагандан кейин меҳнат қонунчилигига мувофиқ тўхтатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. Кафедралар бирлаштирилганда ёки кафедра бўлинганда профессор-ўқитувчилар таркиби бўйича муддатидан олдин танловлар ўтказишга йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кафедралар бирлаштирилган тақдирда янгидан ташкил этилган кафедра мудири лавозимини эгаллаш тўғрисидаги масалани олий таълим муассасасининг илмий кенгаши олдиндан танлов эълон қилмасдан, яширин овоз бериш йўли билан ҳал қилади.
Кафедра бўлинган тақдирда унинг мудири сайланган муддати ўтгунгача, ректор буйруғи билан янгидан ташкил этилган кафедралардан бирининг мудири лавозимига тайинланади. Бошқа кафедранинг мудири лавозимига танлов бўйича мудир тайинланади.
28. Олий таълим муассасаси ректорига танлов ўтказилгунгача кафедранинг етакчи ўқитувчиларидан биттасига ёки деканга бўш кафедра мудири лавозими бўйича вазифаларни бажаришни юклашга рухсат этилади.
Вакиллик органларида сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланиши натижасида унинг билан меҳнат шартномаси тўхтатилган ўқитувчи унинг сайлов бўйича ваколатлари тугагандан кейин танлов натижаларига кўра сайланган муддати тугагунгача мазкур олий таълим муассасасининг илгари эгаллаб келган ёки унга тенг бўлган профессор-ўқитувчилар таркибидаги лавозимга тайинланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
29. Олий таълим муассасаси ректорига олий таълим муассасаси (факультет) илмий кенгашида кўриб чиқиш учун педагог ходимларнинг эгаллаб турган лавозимларига мувофиқлиги тўғрисидаги масалани киритиш ҳуқуқи берилади.
Олий таълим муассасаси (факультет) илмий кенгашида педагог ходимнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан олдин унинг ишлари ректор тасдиқлайдиган комиссия томонидан текширилиши керак. Илмий кенгаш қарори асосида педагог ходимни эгаллаб турган лавозимига номувофиқлиги бўйича вазифасидан озод қилишга унинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли илмий-методик ва тарбиявий ишлар, шунингдек лекциялар ва семинар машғулотлари ўтказиш даражаси паст бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Агар илмий кенгаш қарорига кўра кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ўқитувчи (ассистент) эгаллаб турган лавозимига номувофиқ деб эътироф этилса, у ҳолда унинг билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган тартибда тўхтатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кафедра мудири билан тузилган меҳнат шартномаси, шунингдек кафедрага раҳбарлик қилиш бўйича ўз функционал вазифаларини бажармаганлиги ёки зарур даражада бажармаганлиги сабабли илмий кенгаш қарорига биноан тўхтатилиши мумкин.
30. Олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркибидаги шахслар билан тузилган меҳнат шартномасини тўхтатиш масалаларига доир меҳнат низолари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 6-7-сон, 36-модда; 2015 й., 34-сон, 455-модда; 2017 й., 23-сон, 472-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.11.2017 й., 09/17/898/0234-сон; 28.02.2019 й., 09/19/181/2689-сон; 10.06.2019 й., 09/19/473/3258-сон; 08.04.2021 й., 09/21/189/0303-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон; 06.01.2026 й., 09/26/840/0012-сон; 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон)