Ҳужжат 30.10.2026 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш орқали йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини камайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик қоидабузарликларини қайд этишга рухсат берилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Ички ишлар вазирлиги бир ой муддатда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали кенг тушунтирилишини таъминласин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 29 октябрь,
596-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 октябрдаги 596-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 21 апрелдаги 232-сон қарорида:
а) 4-банд қуйидаги мазмундаги «в» кичик банд билан тўлдирилсин:
«в) тадбиркорлик субъектларига тегишли махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари юзасидан маъмурий жарималарга оид ижро ҳужжатлари бўйича келиб тушган маблағлар алоҳида ғазначилик ҳисобварағида жамланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 24 ноябрдаги ПФ-6118-сон Фармонига 3-иловага мувофиқ белгиланган миқдорлардан қолган маблағларнинг Давлат бюджетига тақсимланадиган қисмидан 10 фоизи тадбиркорлик субъекти ҳисобварағига йўналтирилади»;
б) 1-иловага 2-иловада:
3-банд қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик қоидабузарлигини фото ва видео қайд этиш тизими»;
7-банд қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслигини аниқлаш талаб этилади»;
қуйидаги мазмундаги 41-параграф билан тўлдирилсин:
«41-§. Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслигини қайд этишда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимига қўйиладиган умумий техник талаблар
91. Ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслигини фото ва видео қайд этиш тизимига қўйиладиган умумий техник талабларга мувофиқ тизим:
бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ йўл бўлаклари ҳамда чорраҳаларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг давлат рақами белгисини аниқлаши;
ўрнатилган нуқтадан сутканинг кундузги ва тунги вақтларида ўтувчи транспорт воситаларининг камида 95 фоизининг давлат рақами белгисини аниқлаши;
ўрнатилган нуқтадаги транспорт воситаларининг давлат рақами белгиларини сутканинг кундузги ва тунги вақтларида камида 95 фоизини аниқликда рўйхатга олиши;
чорраҳаларда ҳамда икки ва ундан ортиқ йўл бўлакларида бир вақтнинг ўзида содир бўладиган қоидабузарликларни аниқлаши;
Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 27 июндаги 131-сон қарорида белгиланган талаблар асосида давлат рақами белгиларини аниқлаши;
хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги ҳолати бўйича «Маъмурий амалиёт» модулига автоматик равишда қуйидаги маълумотларни узатиш имкониятига эга бўлиши:
метрологик қиёслаш гувоҳномасининг рақами ва амал қилиш муддати;
қоидабузарлик аниқланган сана ва вақт;
қоидабузарлик содир этилган жойнинг аниқ координаталари;
электр тармоғида узилишлар юз берганда, унинг фаолиятини 8 соатдан кам бўлмаган вақт давомида қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлган захира электр манбаи билан жиҳозланган бўлиши лозим.
92. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими орқали хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслигини қайд этишда ҳайдовчининг юз кўриниши, хавфсизлик камаридан фойдаланган ёки фойдаланмаганлиги юқори сифатдаги фотосуратларда акс эттирилиши шарт. Шунингдек, ҳайдовчининг ёнидаги шахснинг тасвирда акс этмаслиги таъминланиши лозим».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига 1-илованинг 5.43-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ушбу йўл белгиси белгиланган ҳаракатланиш тезлиги стационар радарлар ёрдамида назоратга олинган жойларга камида 250 метрдан кам ҳамда 500 метрдан кўп бўлмаган масофада ўрнатилади».
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 15 майдаги 318-сон қарорида:
а) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
а) 2025 йил 1 июндан бошлаб:
йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслик ҳолатларини ҳар қандай махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари (кейинги ўринларда — махсус техника воситалари) орқали қайд этишга;
шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07.00 дан 21.00 га қадар амалга оширишга (дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно);
б) 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан 1.1 ва 1.3 йўл чизиқларини босиб ўтиш ҳолатларининг ҳуқуқбузарлик сифатида расмийлаштирилишига (чорраҳагача 50 метрдан ҳамда қайрилиб олиш жойигача 20 метрдан олдин бўлган ҳудудлардаги қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқимларини ажратиб турувчи 1.1 ва 1.3 йўл чизиқларини босиб ўтиш ҳолатлари бундан мустасно)»;
б) 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Белгилансинки, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳаракат тезлигини назорат қилишга мўлжалланган стационар радарлар жойлашган ҳудудда ва унгача камида 250 метрдан кам ҳамда 500 метрдан кўп булмаган ҳудудда «Радар» йўл белгисининг ўрнатилиши мажбурий ҳисобланади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.10.2026 й., 09/26/596/1084-сон)