Ҳужжат 17.09.2026 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Сувни тежайдиган суғориш технологияларидан ва сувдан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини янада ошириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-47-сон қарорига мувофиқ сувни тежайдиган суғориш технологияларидан ва сувдан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-47-сон қарорига асосан:
Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда — Инспекция) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий бошқармалари тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган сувни тежайдиган суғориш технологияларидан ҳамда сувдан фойдаланишни мониторинг қилиш бўлимлари (кейинги ўринларда — Мониторинг бўлимлари) ташкил этилгани;
Мониторинг бўлимлари штат бирликлари Сув хўжалиги вазирлигининг амалдаги штат бирликлари доирасида шакллантирилиши ҳамда Мониторинг бўлимларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар Сув хўжалиги вазирлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши белгилангани;
2026 йил 1 июлдан бошлаб Инспекция томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувларни боди-камералардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий этилгани;
Инспекцияга юкланган вазифаларни бажаришда учувчисиз учадиган аппаратлари (дрон) хизматларидан фойдаланишга рухсат берилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Сув хўжалиги вазирлигининг Инспекцияга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ 20 дона учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини харид қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, сақлаш ва улардан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилансинки, Инспекцияга учувчисиз учадиган аппаратлардан фақатгина қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида фойдаланишга рухсат берилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 ноябрдаги 658-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаро ва давлат авиациясида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш тартиби тўғрисидаги низом.
3. Инспекцияга учувчисиз учадиган аппаратларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш жараёнида Вазирлар Маҳкамасининг «Радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида рухсат этиш ҳамда радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида» 2020 йил 22 декабрдаги 801-сон ҳамда «Ўзбекистон Республикасида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 15 ноябрдаги 658-сон қарорлари талабларига қатъий амал қилиш бўйича шахсий масъулият ва жавобгарлик юклансин.
4. Радиочастоталар бўйича республика кенгашининг ишчи органи — Рақамли технологиялар вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги мурожаатига асосан Инспекцияга радиоэлектрон воситалар билан жиҳозланган учувчисиз учадиган аппаратларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва улардан фойдаланиш учун тегишли рухсатномаларни расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатсин.
5. Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги Инспекция томонидан учувчисиз учадиган аппаратларга оид ҳужжатлар белгиланган тартибда тақдим этилган кундан бошлаб беш иш куни ичида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишга рухсат этиш тўғрисида хулоса берилишини таъминласин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
Инспекция томонидан учувчисиз учадиган аппаратлар ёрдамида суратга олиш ишлари далолатнома билан расмийлаштирилади;
бунда суратга олинган фото ва видео материаллардан таъсир чораларини қўллаш учун фойдаланишга йўл қўйилмайди;
суратга олинган фото ва видео материаллар ёзилган электрон ахборот ташувчи мосламалар назорат кўригидан ўтказиш учун белгиланган тартибда Мудофаа вазирлигига юборилади;
суратга олинган фото ва видео материаллар электрон ахборот ташувчи мосламага ёзилади ҳамда улардан Мудофаа вазирлигининг рухсатномаси билан фойдаланилади;
Мудофаа вазирлиги томонидан фойдаланишга рухсат берилган фото ва видео материаллар Инспекция томонидан камида бир йил сақланади ҳамда улардан текширувларда қонунбузарликка ҳуқуқий баҳо бериш учун фойдаланилиши мумкин.
7. Мудофаа вазирлиги Инспекция томонидан учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиш жараёни ҳамда улар ёрдамида олинган фото ва видео материаллари белгиланган тартибда назорат кўригидан ўтказиб борилишини ташкил этсин.
8. Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг «Геоинновация маркази» давлат унитар корхонаси Инспекциянинг буюртманомасига асосан учувчисиз учадиган аппаратларга техник хизматлар кўрсатадиган ҳамда парвозларни амалга оширадиган операторларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатсин.
9. Сув хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда сувни тежайдиган суғориш технологияларидан ҳамда сувдан фойдаланишни мониторинг қилиш бўлимлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
11. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 16 сентябрь,
488-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 сентябрдаги 488-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2023 йил 27 сентябрдаги 500-сон қарорида:
йигирма биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидия ажратилган ер майдонларида жойлаштирилган экинларни суғориш учун мавжуд сувни тежайдиган суғориш технологиялари ёки уларнинг асосий қисмларидан фойдаланишни назорат қилади»;
йигирма еттинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан учувчисиз учадиган аппаратлар ёрдамида мониторинг тадбирларини ўтказиш хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳисобланмайди ҳамда «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинмайди»;
қуйидаги мазмундаги йигирма саккизинчи ва йигирма тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«сувни тежайдиган суғориш технологияларини қуриб берувчи пудрат ташкилотлари томонидан ҳар бир лойиҳага камида 2 йиллик кафолат муддати берилиши ҳамда 5 йил давомида сервис хизматлари кўрсатилиши устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат ўрнатади;
жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш технологияларига пудратчилар томонидан кафолат ёки сервис мажбуриятлари бажарилмаганлиги аниқланганда сув етказиб берувчи ташкилот, буюртмачи ҳамда пудратчи иштирокида далолатнома расмийлаштиради»;
йигирма саккизинчи — ўттиз бешинчи хатбошилар тегишлича ўттизинчи — ўттиз олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўта муҳим гидротехника иншоотларининг техник ҳолатни таҳлил қилиш, жойларда ўрганиш, натурада кузатиш ва Давлат кадастрини юритиш республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади»;
иккинчи-учинчи хатбошилар тегишлича учинчи-тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
«Сурхондарё вилояти» бўлимининг «Насос станциялари» кичик бўлими 17 — 21 позицияларининг «Иншоотлар номи» устунидаги «канали» сўзи «насос станциялари» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 7 июндаги 352-сон қарорида:
учинчи хатбошидаги «тасдиқлансин» сўзи чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида боди-камералардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш тартиби тўғрисидаги низом 21-иловага мувофиқ тасдиқлансин»;
б) қуйидаги мазмундаги 21-илова билан тўлдирилсин:
«Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июндаги 352-сон қарорига
21-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида боди-камералардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда — Инспекция) ходимларининг қонунчилик ҳужжатлари билан ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш жараёнида боди-камералардан фойдаланиш, уларни сақлаш, улар ёрдамида қайд этилган аудио ва видео материалларни сақлаш, қайта ишлаш ва ҳимоя қилиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
аудио ва видео материаллар — боди-камералар ёрдамида ёзиб олинган аудио ва видео материаллар;
боди-камера — ходимнинг формали кийим-бошига махсус мослама билан бириктириладиган ҳамда ходимнинг қонунчилик ҳужжатлари билан ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш вақтидаги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни аудио ва видео материал шаклида қайд этувчи ёзувларни ўзгартиришдан ҳимояланган техник восита;
маълумотлар базаси — аудио ва видео материаллар сақланадиган марказлашган махсус сервер ёки электрон хотира воситаси;
«suvnazorat.uz» электрон ахборот тизими — боди-камераларни ҳисобга олиш, топшириш ва қабул қилиш ҳамда улардан фойдаланишга оид маълумотларни электрон шаклда юритиш имкониятини таъминловчи ахборот тизими;
ходим — Инспекция бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиқлари, бош мутахассислар, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, бўлим бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда бош мутахассислар.
2-боб. Боди-камералардан фойдаланиш
3. Боди-камераларни топшириш ва қабул қилиш ишлари «suvnazorat.uz» электрон ахборот тизими орқали қайд этиб борилади.
4. Боди-камераларнинг техник талабларга мувофиқлиги доирасида сана, вақт тамғаси, идентификатор, шифрлаш, материалларни таҳрирлашдан ҳимоя қилиш, етарли тасвир сифати ҳамда аккумулятор қуввати видео материалда доимий кўриниши лозим.
5. Ходимга рухсат этилмаган, мувофиқлиги тасдиқланмаган мувофиқлик сертификати муддати ўтган ёки белгиланган тартибда Инспекция ҳисобида бўлмаган боди-камерадан фойдаланиш тақиқланади.
6. Боди-камера ходимнинг кўкрак соҳаси елка қисмига яқин жойга тақилади, ходим ҳаракатларига халақит бермайдиган қилиб жойлаштирилади, шунингдек, давлат тилида «Диққат! Аудио ва видео ёзиб олинмоқда», рус тилида «Внимание! Ведётся аудио и видеозапись», инглиз тилида «Attention! Audio and video recording in progress» ёзувлари акс эттирилади.
7. Ходим қонунчилик ҳужжатлари билан ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишга киришган пайтдан бошлаб боди-камера ёқилади ҳамда иш вақти тугагунга қадар ишчи режимда бўлади.
Ходимга боди-камерани рухсатсиз ечиб ташлаш, ўчириш, аудио ва видео материалларни тўхтатиш қатъиян тақиқланади.
Ходимга дам олиш ҳамда овқатланиш вақтида бевосита бошлиғининг рухсати билан аудио ва видео материалларни ёзишни вақтинча тўхтатишга рухсат этилади.
Бунда ходим томонидан аудио ва видео материалларни ёзиш вақтинча тўхтатилгани ҳақида «suvnazorat.uz» электрон ахборот тизимига тегишли ёзув киритилиши шарт.
8. Боди-камерада носозликлар кузатилганда ёки аккумулятор қуввати тугаганда, ходим дарҳол бошлиғини бевосита хабардор қилади ҳамда бу ҳақида «suvnazorat.uz» электрон ахборот тизимига тегишли ёзувлар киритади.
Бунда текширув дарҳол тўхтатилади ва текширувни фақат боди-камера қайта ишга туширилгандан сўнг давом эттиришга йўл қўйилади.
9. Ходим боди-камера ёқилгани ҳақида мулоқотга киришган шахсни оғзаки равишда хабардор қилиши лозим.
3-боб. Боди-камерани сақлаш
10. Боди-камера Инспекция мулки ҳисобланади ҳамда улар махсус рўйхат асосида инвентарь рақами бўйича ҳисобга олинади.
11. Боди-камера махсус жиҳозланган, техника ва ахборот хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган жойда сақланади.
12. Ходим ўзига топширилган боди-камерани техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлашга, бутлигини таъминлашга, бегоналарга бериб юбормасликка ҳамда фақат белгиланган тартибда ишлатилишига шахсан жавобгар ҳисобланади.
13. Боди-камерани бузиш, йўқотиш ёки унга қасддан шикаст етказиш ҳолатлари аниқланганда, ходимлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради (ходимларга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно).
4-боб. Аудио ва видео материалларни сақлаш ва улардан фойдаланиш
14. Боди-камера орқали олинган барча аудио ва видео материаллар маълумотлар базасига боди-камеранинг аккумуляторини қувватлаш пайтида автоматик тарзда кўчириб олинади.
15. Кўчириб олинган аудио ва видео материаллар олти ой давомида сақланади ҳамда сақлаш муддати тугаган аудио ва видео материаллар маълумотлар базасидан автоматик тарзда ўчирилади.
Бунда низоли ҳолатлар қайд этилган аудио ва видео материаллар якуний кўриб чиқилгунга қадар сақланади.
16. Сақланган аудио ва видео материалларни монтаж қилиш, қисқартириш, тезлатиш ёки секинлатиш, овозни алмаштириш, белгилар қўшиш, кадрларни ўчириш ёки қўшиш, тасвир ёки овоз сифатига таъсир этувчи фильтрлардан фойдаланиш, шунингдек, видео материалнинг мазмуни ва кетма-кетлигига таъсир қилувчи ҳар қандай таҳрирлаш ҳаракатларини амалга ошириш қатъиян тақиқланади.
17. Аудио ва видео материаллар суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа ваколатли давлат органлари сўровига асосан фақат Инспекция бошлиғи (ёки ўринбосари) рухсати билан кўпайтирилади (улардан нусха кўчирилади) ва тақдим этилади.
18. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа ваколатли давлат органларининг аудио ва видео материалларни тақдим этиш ҳақидаги сўрови Инспекция томонидан ўн иш куни ичида кўриб чиқилади.
19. Аудио ва видео материаллар Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ сақланади ва ҳимоя қилинади.
20. Аудио ва видео материалларни шахсий қурилмаларга (шахсий телефон, ташқи флеш-хотира ва бошқалар) кўчириш, мессенжерлар ёки ижтимоий тармоқлар орқали юбориш тақиқланади.
21. Ходим текширув жараёнида маълум бўлган тижорат сири, хизмат сири ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан қўриқланадиган бошқа сирларни муҳофаза қилинишини таъминлайди.
Бунда аудио ва видео материалларга киришни чеклаш, ҳаракатларни логлаш ва видео материалларни шифрлаш мажбурий ҳисобланади.
5-боб. Якунловчи қоида
22. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.09.2026 й., 09/26/488/0946-сон)