|
Ҳужжат 12.09.2026 01 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш |
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 10 июнда қабул қилинган
Сенат томонидан 2026 йил 9 июлда маъқулланган
Сенат томонидан 2026 йил 9 июлда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институциявий ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини жорий этишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ҳамда болалар билан ишлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизматлар кўрсатилишини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ваколатларини, шунингдек тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдам турларини қонун ҳужжатларида аниқлаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларини аниқлаштиришга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларини йўқотилган биометрик паспортлар (идентификацияловчи ID-карталар) ўрнига биометрик паспортлар (идентификацияловчи ID-карталар) берганлик учун, никоҳ тузилганлиги тўғрисида ва туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божини тўлашдан озод этишга, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг йўқотилган банк картасини тиклаш учун тижорат банкларига мурожаат қилиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ишончномаларга тенглаштирилган ишончномаларини тасдиқлаш ҳуқуқини беришга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу Қонун тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларининг манзилли ва самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтиришга, шунингдек ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163-I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256-I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 2-сонга илова, № 11-12; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5-6, 102-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 9, 229-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 182-модда; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 154-модда, № 9, 494, 498-моддалар; 2007 йил, № 1, 3, 5-моддалар, № 4, 156, 164-моддалар, № 8, 367-модда, № 9, 416-модда, № 12, 598, 608-моддалар; 2008 йил, № 4, 192-модда, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 9, 337-модда; 2010 йил, № 9, 335, 337, 340-моддалар; 2011 йил, № 12/2, 363, 364, 365-моддалар; 2012 йил, № 4, 106, 109-моддалар, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда, № 12, 343-модда; 2015 йил, № 8, 310, 312-моддалар; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2017 йил, № 4, 137-модда, № 9, 510-модда, № 12, 773-модда; 2018 йил, № 1, 4-модда, № 4, 224-модда, № 7, 433-модда, № 10, 673-модда; 2019 йил, № 3, 161, 166-моддалар, № 5, 267-модда, № 10, 671-модда, № 12, 880, 886-моддалар; 2020 йил, № 1, 3, 4-моддалар, № 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 8, 801-модда, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 217, 218-моддалар, № 4, 340-модда, № 5, 464-модда, № 6, 570, 577-моддалар, № 11, 1061, 1062-моддалар; 2023 йил, № 10, 795-модда, № 11, 921-модда; 2024 йил, № 2, 111, 114-моддалар, № 6, 530-модда, № 11, 1193-модда; 2025 йил, № 2, 188, 194-моддалар, № 4, 522-модда) 136-моддаси қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг банк картасини тиклаш учун тижорат банкларига мурожаат қилиш тўғрисида «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази директори томонидан тасдиқланган ишончномалари».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 декабрда қабул қилинган «Нотариат тўғрисида»ги 343-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 2, 42-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда; 2006 йил, № 9, 498-модда; 2007 йил, № 12, 608-модда; 2009 йил, № 9, 337-модда; 2010 йил, № 9, 335-модда; 2012 йил, № 4, 105-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 4, 224-модда, № 7, 431-модда, № 10, 673-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда; 2020 йил, № 1, 3-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 5, 464-модда; 2024 йил, № 10, 1076-модда, № 12, 1286-модда) 26-моддасининг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг банк картасини тиклаш учун тижорат банкларига мурожаат қилиш тўғрисида «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази директори томонидан тасдиқланган ишончномалари».
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ-561-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 9, 586-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 12, 1194-модда; 2023 йил, № 4, 265-модда; 2024 йил, № 10, 1076-модда) 28-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи махсус марказга олти ойгача муддатга жойлаштирилиши мумкин. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини махсус марказга жойлаштириш ҳамда ундан чиқариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади».
4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 201-модда, № 5, 298-модда, № 10, 593-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 13-модда, 4-сонга илова, № 7, 661-модда, № 8, 800, 803-моддалар, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 2, 76-модда, № 3, 214, 216-моддалар, № 4, 340-модда, № 5, 463, 464, 467-моддалар, № 12, 1186-модда; 2023 йил, № 2, 103-модда, № 3, 186-модда, № 4, 265, 269-моддалар, № 6, 444, 445-моддалар, № 7, 538-модда; 2024 йил № 1, 5, 6, 7-моддалар, № 2, 101, 105, 107, 108, 111, 112-моддалар, № 7, 628-модда, № 8, 819, 823, 831-моддалар, № 9, 958-модда, № 10, 1076, 1079-моддалар, № 11, 1191-модда, № 12, 1279, 1280, 1285-моддалар; 2025 йил, № 1, 4, 6-моддалар, № 2, 188, 189, 195, 197-моддалар, № 4, 519, 520-моддалар, № 5, 648-модда) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:
1) 12-модда қуйидаги мазмундаги 6-банд билан тўлдирилсин:
«6) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар — уларга ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига тегишинча никоҳ тузилганлиги тўғрисида ва туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун»;
2) 13-модданинг тўртинчи қисми «ногиронлиги бўлган шахслар» деган сўзлардан кейин «Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
5-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 16 июнда қабул қилинган «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги ЎРҚ-848-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2023 йил, № 6, 447-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 9-модда қуйидаги мазмундаги 5-банд билан тўлдирилсин:
«5) «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги муносабати билан суриштирув, дастлабки тергов органларига ёки судга мурожаат қилган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар»;
2) 11-модда қуйидаги мазмундаги еттинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига қуйидагилар тўғрисидаги ишлар бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади:
алиментларни ундириш ҳақидаги;
болаларнинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатларни ундириш тўғрисидаги;
уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш ҳақидаги;
оталикни белгилаш ёки оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги;
боланинг яшаш жойини белгилаш ҳақидаги;
бола билан кўришиш тартибини белгилаш тўғрисидаги;
никоҳдан ажратиш ҳақидаги;
мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги;
мол-мулкни бошқа шахснинг қонунга хилоф эгалигидан талаб қилиб олиш ҳақидаги;
мол-мулкка етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги;
ишга тиклаш ҳақидаги;
иш ҳақини ундириш тўғрисидаги»;
3) 16-модданинг:
иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ариза тазйиқ ва зўравонликка учраганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган хотин-қизлар томонидан берилган тақдирда — ушбу Қонун 11-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган иш судда кўриб чиқилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома»;
тўртинчи қисмидаги «Ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида» деган сўзлар «Ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи — еттинчи хатбошиларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
4) 17-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги ўнинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«тазйиқ ва зўравонликка учраганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган хотин-қизларнинг илтимосига кўра суд томонидан»;
5) 18-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ариза тазйиқ ва зўравонликка учраганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган хотин-қизлар томонидан берилган тақдирда — ушбу Қонун 11-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган иш судда кўриб чиқилаётганлиги ҳақидаги ахборот»;
6) 19-модданинг биринчи қисми:
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«тазйиқ ва зўравонликка учраганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган хотин-қизлар билан боғлиқ бўлган, ушбу Қонун 11-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган иш судда кўриб чиқилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома мавжуд бўлмаганда»;
олтинчи ва еттинчи хатбошилари тегишинча еттинчи ва саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
8-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 11 сентябрь,
ЎРҚ-1175-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2026 й., 03/26/1175/0921-сон)