Ҳужжат 09.07.2026 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикасининг туристик жозибадорлигини фильмлар орқали янада ошириш тизимини кенг жорий этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 ноябрдаги ПҚ-348-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда кинотуризм соҳасидан самарали фойдаланиш орқали республикага туристлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 ноябрдаги ПҚ-348-сон қарорига мувофиқ республика ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларнинг бир қисмини қайтариш (кейинги ўринларда — «rebate» дастури) ҳамда фильмларнинг бевосита ёки билвосита Ўзбекистон Республикаси туристик жозибадорлиги, тарихий-маданий мероси ва бошқа муҳим ижобий жиҳатларини намойиш қилувчи қисмини (эпизодини) яратганлик учун ҳақ тўлаш тартибини жорий этиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратиш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Хорижий фильмларда Ўзбекистон Республикасининг туристик жозибадорлигини намойиш қилувчи қисмини (эпизодини) яратганлик учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги вазифаларни амалга ошириш учун маблағлар ажратилади:
2026 йил 1 ноябрга қадар хорижий кинокомпанияларга «rebate» дастури бўйича хизмат кўрсатиш, мамлакатнинг кинолокациялари, инфратузилмаси ва кинотуризмга доир маълумотлар базасини назарда тутувчи «Film in Uzbekistan» платформасини ишга тушириш;
маҳаллий кинолокацияларни халқаро кино кўргазмаларида тарғиб қилиш;
хорижий кинокомпанияларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасвирга олиш ишларига жалб қилиш, уларга фильмларни ишлаб чиқаришда кўмаклашиш ва «rebate» дастурини амалга ошириш жараёнларида ташкилий ва консалтинг хизматларини кўрсатиш;
хорижий фильмларда Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини намойиш қилувчи қисмини яратиш («country placement») дастурини амалга ошириш.
4. Туризм қўмитаси:
а) 2026 йил 1 октябрга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда вазирлик ва идоралар, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ҳокимликларга тегишли, фильмларни тасвирга олиш учун жалб этилиши мумкин бўлган объектлар (маданият ва истироҳат боғлари, тарихий ёдгорликлар ва бошқалар) ҳамда реквизитлар (тарихий либослар, анжомлар, махсус техника ва бошқалар) рўйхатини шакллантирсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат объектлари ва реквизитларини хорижий кинокомпаниялар ёки уларга хизмат кўрсатувчи маҳаллий сервис компанияларига вақтинча фойдаланиш ҳамда ижарага беришнинг тартиби ва тарифларини тасдиқласин;
б) объектлар, реквизитлар ва тарифлар тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни «Film in Uzbekistan» платформасига жойлаштирсин ҳамда уларнинг доимий янгилаб борилишини таъминласин.
5. Маданият вазирлиги 2026 йилда республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан Туризм қўмитасига хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон ҳудудида кинофильмлар ишлаб чиқариш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 5 млрд сўм йўналтирсин.
Бунда 2027 йилдан бошлаб мазкур маблағлар Туризм қўмитасининг прогноз кўрсаткичларига мувофиқ Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда назарда тутилиши инобатга олинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Туризм қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси А.Ў. Аққулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 8 июль,
372-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 июлдаги 372-сон қарорига
1-ИЛОВА
Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратиш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисмини қайтариш («rebate») тартибини белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) хорижий кинокомпанияларга харажатларнинг бир қисмини қайтаришни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади.
3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисмини қайтариш назарда тутилган харажатлар суммаси:
3 млрд сўмгача бўлса — 10 фоиз;
3 млрд сўмдан 5 млрд сўмгача бўлса — 15 фоиз;
5 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача бўлса — 20 фоиз;
10 млрд сўмдан ортиқ бўлса — 25 фоиз, бироқ битта фильм учун 4 млрд сўмдан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
«rebate» дастури — хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратишда харажатларининг бир қисмини қайтариш дастури;
маҳаллий сервис компанияси — Ўзбекистон Республикаси резиденти, хорижий кинокомпанияларга шартнома асосида ташкилий ва ишлаб чиқариш хизматларини кўрсатувчи ҳамда платформада рўйхатдан ўтган юридик шахс;
платформа — хорижий кинокомпанияларнинг аризаларини қабул қилиш ва маҳаллий сервис компанияларининг реестрини юритиш учун мўлжалланган ҳамда «rebate» дастури доирасида амалга оширилган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар рақамли шаклда юклаб бориладиган электрон тизим;
талабгор — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильм тасвирга олиш учун мустақил равишда юридик шахс ташкил этувчи ёки платформада мавжуд Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида камида «В» даражасидаги маҳаллий сервис компанияларининг бири билан шартнома имзолаган хорижий кинокомпания;
фильм — хорижий кинокомпания маблағлари ҳисобидан оригинал сценарий ёки адабий асарни экранлаштириш асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яратиладиган аудиовизуал асар (бадиий тўлиқ метражли, бадиий қисқа метражли, ҳужжатли-хроникал, илмий-оммабоп фильмлар, телевизион ва веб-сериаллар);
хорижий кинокомпания — «rebate» дастури бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильм яратиш мақсадида сарфланган харажатларнинг бир қисмини қайтариш учун ариза топшириш истагини билдирган, фильм яратилишини ўз шахсий маблағлари ёки Ўзбекистон Республикасидаги манбалар билан боғлиқ бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлмаган юридик шахс.
5. «Rebate» дастури ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
2-боб. «Rebate» дастури бўйича харажатларнинг бир қисмини қайтариш учун ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби
6. Талабгор платформа орқали «rebate» дастурида иштирок этиш учун ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда электрон ариза билан мурожаат қилади.
7. Ариза платформа томонидан муваффақиятли верификация қилингандан сўнг тизим автоматик тарзда лойиҳага махсус ID-рақам бириктиради ҳамда QR-код билан тасдиқланган электрон билдиришномани шакллантиради.
8. Талабгор томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасвирга олиш ишлари якунлангандан сўнг, амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (шартномалар, электрон ҳисоб-фактуралар, чеклар, банк тўлов тасдиқномалари) 60 кун ичида платформага киритилиши зарур.
9. «Rebate» дастури бўйича тўловлар фақат Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари бўлган юридик ва жисмоний шахслардан сотиб олинган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун амалга оширилган харажатлар асосида ҳисобланади.
Бунда харажатларнинг ҳақиқийлиги Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларига интеграция қилинган ҳолда аниқланади.
10. Талабгор томонидан тасвирга олиш ишлари бўйича амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тўлиқ юклангандан сўнг, ҳар бир фильм Қўмитада ташкил қилинадиган комиссия (кейинги ўринларда — Комиссия) томонидан коллегиал тарзда унинг мажлисларида кўриб чиқилади.
Комиссиянинг иш тартиби ва шахсий таркиби Қўмита раиси томонидан белгиланади ҳамда Қўмитанинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Фильмларни кўриб чиқиш учун Комиссияга кино соҳаси мутахассислари жалб этилади.
11. Ушбу Низом талабларига мувофиқ Комиссия харажатларнинг «rebate» дастурига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатлар платформага киритилгандан сўнг 15 иш кунида шакллантиради.
12. Комиссия томонидан қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:
аризада кўрсатилган фильм бўйича харажатларнинг бир қисмини қайтаришнинг мақсадга мувофиқлиги;
бажарилган ишлар учун сарфланган маблағларнинг асосли эканлиги.
13. Аризани ўрганиб чиқиш натижаси бўйича «rebate» дастурига мувофиқ харажатларнинг бир қисмини қайтариш ёки қайтаришни рад этиш тўғрисида Комиссия қарори қабул қилинади.
14. Ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган, платформага жойлаштирилган ҳужжатларни текшириш жараёнида хато, камчиликлар ёки номувофиқликлар аниқланган тақдирда:
платформа орқали талабгорга аниқланган камчиликлар ва уларнинг сабаблари тўлиқ кўрсатилган электрон билдиришнома юборилади;
талабгорга билдиришнома олинган кундан бошлаб 10 кун ичида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда тасдиқловчи ҳужжатларни платформага қайта юклаш имконияти берилади.
Белгиланган муддат ичида камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, ушбу ҳужжатлар бўйича амалга оширилган харажатлар ҳақидаги маълумотлар «rebate» дастури маблағлари тўланадиган умумий базадан чиқарилади.
15. «Rebate» дастури бўйича харажатларнинг бир қисми Комиссиянинг ижобий қарорига мувофиқ 5 иш куни ичида хорижий кинокомпаниянинг тижорат банкларидаги ҳисобварақларига ўтказиб берилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
16. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қайтариш мақсадида хорижий кинокомпаниялар томонидан тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўғрилигига талабгорлар масъул ҳисобланади.
17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратиш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қайтариш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Хорижий кинокомпания

Платформа орқали электрон ариза топширади.

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

Платформа

Ариза муваффақиятли верификация қилингандан сўнг тизим лойиҳага махсус ID-рақамни бириктиради ҳамда QR-код билан тасдиқланган электрон билдиришномани шакллантиради.

Автоматик тарзда

3-босқич

Хорижий кинокомпания

Юридик шахс ташкил этган ҳолда ёки маҳаллий сервис компанияларининг бири билан фильмни тасвирга олиш тўғрисида шартнома имзолайди.

Ўз хоҳишига кўра

4-босқич

Талабгор

(хорижий кинокомпания)

Амалга оширилган харажатлар тўғрисидаги маълумотларни платформага юклайди.

Тасвирга олиш якунлангач 60 кун ичида

5-босқич

Комиссия

1. Тасвирга олиш ишлари бўйича амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тўлиқ юклангандан сўнг, ҳар бир фильмни коллегиал тарзда кўриб чиқади.

2. Аризани ўрганиб чиқиш натижаси бўйича «rebate» дастурига мувофиқ харажатларнинг бир қисмини қайтариш ёки қайтаришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

3. Харажатлар тасдиқлангани ёки камчиликлар аниқлангани тўғрисида якуний хулоса шакллантиради.

15 иш куни ичида

6-босқич

Талабгор

Хато, камчиликлар ёки номувофиқликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этади ҳамда тасдиқловчи ҳужжатларни платформага қайта юклайди.

10 кун ичида

7-босқич

Туризм қўмитаси

Харажатлар бўйича тўловларнинг бир қисмини хорижий кинокомпаниянинг тижорат банкларидаги ҳисобварақларига ўтказади.

5 иш куни ичида

Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратиш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

НАМУНА

Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратиш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қайтариш («rebate») дастурида иштирок этиш учун

АРИЗА

_________________________________________________________________________________________

(хорижий кинокомпаниянинг тўлиқ номи)

_________________________________________________________________________________________

(почта манзили)

_____________________________________________________________ манзил бўйича рўйхатдан ўтган,

директори (ишончли вакил):____________________________________________________ шахс номидан

(ариза берувчи раҳбар / ишончли вакил Ф.И.О.)

______________________________________________________________________ манзилда жойлашган

(вилоят, туман, шаҳар, кўча, бино рақами)

_________________________________________________________________________________________

(Продюсер Ф.И.О.)

_________________________________________________________________________________________

(Режиссёр Ф.И.О.)

Фильм тури:

(кераклиси белгилаб қўйилсин)

□ тўлиқ метражли бадиий фильмлар.

□ бадиий қисқа метражли, ҳужжатли-хроникал, илмий-оммабоп фильмлар, телевизион ва веб-сериаллар.

_________________________________________________________________________________________

(фильм номи)

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильм яратилишида сарфланиши режалаштирилаётган маблағ миқдори (АҚШ долл)

__________________________

Банк реквизитлари ва ҳисобварағи:

_____________________________________________________________

_____________________________________________________________

Алоқа маълумотлари

(тел/факс рақами, электрон почта манзили):

_____________________________________________________________

_____________________________________________________________

_____________________________________________________________

_____________________________________

(ариза берувчининг лавозими, Ф.И.О.)

20____ йил ___________

Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратиш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қайтариш («rebate») тартиби талаблари билан танишдик.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 июлдаги 372-сон қарорига
2-ИЛОВА
Хорижий фильмларда Ўзбекистон Республикасининг туристик жозибадорлигини намойиш қилувчи қисмини (эпизодини) яратганлик учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом нуфузли хорижий кинокомпанияларнинг фильмларида бевосита ёки билвосита Ўзбекистон Республикасининг туристик жозибадорлиги, тарихий-маданий мероси ва бошқа муҳим ижобий жиҳатларини намойиш қилувчи қисмини (эпизодини) яратганлик («country placement») учун ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) хорижий фильмларда Ўзбекистон Республикасининг туристик жозибадорлигини намойиш қилувчи қисмини яратганлик учун ҳақ тўлашни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади.
3. Ўзбекистон Республикасининг туристик жозибадорлигини намойиш қилувчи қисмини яратганлик учун хорижий кинокомпанияларга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар Қўмита ҳузуридаги Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ҳисобидан амалга оширилади.
4. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
«country placement» дастури — нуфузли хорижий кинокомпаниялар билан музокаралар ўтказиш орқали хорижий фильм сценарийсига Ўзбекистоннинг туристик бренди, локациялари ёки маданий меросини интеграция қилиш ҳамда мамлакатни тарғиб қилувчи қисмини (эпизодларни), шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, хорижий павильонларда ёки компьютер графикаси ёрдамида яратганлик учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳақ тўлаш тизими;
Комиссия — «country placement» дастури бўйича тақдим этилган фильмларни кўриб чиқувчи ва уларга ҳақ тўлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи Жамғарма кенгаши;
Лойиҳа офиси — йирик хорижий кинолойиҳаларни аниқлаш ва уларга мамлакат салоҳиятини интеграция қилиш мақсадида нуфузли хорижий кинокомпаниялар билан музокаралар олиб борувчи ҳамда лойиҳаларни ташкилий-техник жиҳатдан амалга оширувчи «Туристик маҳсулотларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси» давлат муассасаси;
фильм — хорижий кинокомпания маблағлари ҳисобидан оригинал сценарий ёки адабий асар асосида яратиладиган, кинотеатрлар ва стриминг платформаларида намойиш этишга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг туристик жозибадорлигини намойиш қилувчи аудиовизуал асар (бадиий тўлиқ метражли фильмлар ва бадиий сериаллар);
хорижий кинокомпания — хорижий давлатда рўйхатдан ўтган, яратилаётган фильмнинг муаллифлик ҳуқуқига эга бўлган ҳамда фильмнинг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасвирга олиш учун таклиф этилаётган юридик шахс ёки унинг расмий вакили.
2-боб. Фильмларни аниқлаш, кўриб чиқиш ва ҳақ тўлаш тартиби
5. Лойиҳа офиси жаҳон кино бозорини доимий мониторинг ва таҳлил қилиш орқали истиқболли фильмларни сценарий ва тайёргарлик босқичида аниқлайди ҳамда уларнинг ташаббускорлари билан музокараларни ўтказади.
6. Лойиҳа офиси хорижий кинокомпания билан ўтказилган музокаралар ижобий якунланган тақдирда, Комиссияга кўриб чиқиш учун лойиҳавий таклифларни киритади.
7. Лойиҳавий таклифга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
хорижий кинокомпания тўғрисида маълумот, фильмнинг қисқача мазмуни (синопсис), ижодий гуруҳ таркиби, асосий актёрлар рўйхати ва режалаштирилаётган премьера санаси;
Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти намойиш этиладиган қисм (эпизод)нинг батафсил тавсифи ва диалоглари;
Ўзбекистон локацияларининг экранда қандай кўринишини акс эттирувчи эскизлар ёки дастлабки видеоматериаллар;
фильмнинг жаҳон прокатига чиқиши ёки стриминг платформаларида намойиш этилишини тасдиқловчи ҳужжат;
кутилаётган медиа-самарадорлик таҳлили;
сўралаётган маблағ миқдори тўғрисида хорижий кинокомпаниянинг расмий мурожаати.
8. «Сountry placement» дастурида иштирок этувчи фильм сюжетида Ўзбекистон Республикаси туристик жозибадорлиги, тарихий-маданий мероси ва бошқа муҳим ижобий жиҳатлар қамраб олиниши, бошқа ўйлаб топилган ёки учинчи давлат сифатида эмас, балки айнан Ўзбекистон сифатида таниб олинадиган даражада намойиш этилиши шарт.
Ушбу базавий талаб тўлиқ бажарилган ҳолатда, Комиссия томонидан ҳақ тўлаш тўғрисида қарор қабул қилиниши учун фильм қўшимча равишда ушбу Низомга илова билан белгиланган мезонлардан камида биттасига мувофиқ келиши шарт.
9. Комиссия Лойиҳа офиси томонидан тақдим этилган ҳужжатларни 15 иш куни ичида кўриб чиқади.
10. Фильм учун тўланадиган ҳақ миқдори Комиссия томонидан ҳар бир лойиҳа учун алоҳида белгиланади ва ижобий қарор баённома билан расмийлаштирилади.
11. Қўмита ва хорижий кинокомпания ўртасида фильмга ҳақ тўлаш бўйича шартнома тузилади.
12. Шартнома бўйича тўловлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1-босқич — Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти кўрсатилган эпизодларнинг суратга олиниши (шу жумладан, монтаж ёки компьютер графикаси жараёнлари) якунланиб, видеоматериаллар ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган талаб ҳамда ушбу Низомга илова билан белгиланган мезонлардан камида биттасига мувофиқлиги тасдиқланганда;
2-босқич — фильм жаҳон прокатига чиққанда ёки келишилган халқаро стриминг платформаларида расман премьера қилинганда.
3-боб. Якунловчи қоидалар
13. Хорижий кинокомпания томонидан шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, маблағлар Жамғармага қайтарилади.
14. Ушбу Низомни қўллаш жараёнида юзага келадиган низо ва келишмовчиликлар музокаралар орқали, ўзаро тўхтамга келинмаган тақдирда эса Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ёки шартномада белгиланган халқаро арбитраж суди тартибида ҳал этилади.
15. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Хорижий фильмларда Ўзбекистон Республикасининг туристик жозибадорлигини намойиш қилувчи қисмини (эпизодини) яратганлик учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Хорижий фильмларда Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини намойиш этганлик учун ҳақ тўлашга асос бўлувчи
МЕЗОНЛАР
1. Фильм камида 1 млн нафар пулли обуначига эга бўлган халқаро стриминг платформасида намойиш этилиши кафолатланган бўлиши.
2. Фильмнинг жаҳон миқёсида ёки камида 3 та хорижий давлат ҳудудида кенг кинотеатрал прокатга чиқарилиши ҳамда умумий ҳисобда 1 000 тадан кам бўлмаган киноэкранларда намойиш этилиши тўғрисидаги расмий дистрибюторлик шартномалари мавжуд бўлиши.
3. Фильмнинг режиссёри, бош продюсери ёки бош роль ижрочиларидан бири «Оскар» (Academy Awards), «Олтин Глобус» (Golden Globe) ёки BAFTA (Британия кино ва телекўрсатувлар санъати академияси) мукофотлари совриндори (ғолиби) бўлиши.
4. Фильмнинг режиссёри, бош продюсери ёки бош роль ижрочиларидан бири халқаро кинопродюсерлар федерацияси (FIAPF) томонидан аккредитациядан ўтган «А» тоифасидаги (Competitive Feature Film Festivals) халқаро кинофестивалларнинг асосий танлов дастурида ғолиб бўлган ёки махсус совринлар билан тақдирланган бўлиши.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 июлдаги 372-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисмини қайтариш («rebate») тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 19 сентябрдаги 568-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 909-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2025 йил 1 мартдаги 135-сон қарорига 1-илованинг 77-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.07.2026 й., 09/26/372/0712-сон)