|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 24.07.2024
|
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ўзбекистон Республикаси
Молия вазирлиги
Вазирнинг ўринбосари
Э.Ф. ГАДОЕВ
1998 йил 2 ноябрь 58-сон
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИнинг МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ 17-СОН БҲМС
КАПИТАЛ ҚУРИЛИШГА ОИД ПУДРАТ ШАРТНОМАЛАРИ
КАПИТАЛ ҚУРИЛИШГА ОИД ПУДРАТ ШАРТНОМАЛАРИ
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 23 декабрда 579-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур стандарт Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 июндаги 140-сонли «Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (17-сонли БҲМС) «Капитал қурилишнинг пудрат шартномалари»ни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3533, 23.07.2024 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (БҲМС) Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини меъёрий тартибга солиш тизимининг бир қисми ҳисобланади.
СТАНДАРТНИНГ МАҚСАДИ
2. Ушбу стандартнинг мақсади қурилиш пудрати шартномалари билан боғлиқ бўлган даромадлар ва харажатларнинг бухгалтерия ҳисоби услубиятини белгилашдан иборат. Пудрат шартномаси бўйича даромадлар ва харажатларнинг тақсимланиши пудрат шартномаларини ҳисобга олишдаги асосий масаласидир, чунки пудратни бажаришнинг бошланғич ва охирги муддатлари одатда ҳар хил ҳисобот даврларига тўғри келади. Пудрат шартномаси бўйича даромадлар ва харажатлар молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда даромадлар ва харажатлар сифатида акс эттирилиши лозим бўладиган пайтни белгилаш учун ушбу стандарт молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш қоидаларида (БҲМС «Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асос» БҲМСи) белгиланган мезонларидан фойдаланади.
ҲАРАКАТ ДОИРАСИ
3. Ушбу стандарт капитал қурилиш учун пудрат шартномалари бўйича натижаларни тайёрлаш ва молиявий ҳисоботга киритиш мақсадида пудратчилар томонидан қўлланилади.
Мазкур стандарт ўз эҳтиёжлари учун капитал қурилишни амалга ошираётган (хўжалик ҳисоби усули) субъектлар — қурувчиларга тааллуқли эмас, чунки улар бундай фаолиятдан даромад олмайдилар, улар қилган харажатларнинг ҳаммаси эса капиталлаштирилади.
ТУШУНЧАЛАР
4. Ушбу стандартда фойдаланиладиган тушунчалар:
Капитал қурилиш учун пудрат шартномаси (кейинги ўринларда «Қурилиш пудрати шартномаси») — ушбу шартномага асосланиб пудратчи, буюртмачининг топшириғига кўра қурилиш ишларини бажариш мажбуриятини таваккал қилиб зиммасига оладиган, буюртмачи эса бажарилган ишни қабул қилиб оладиган ва ҳақини тўлайдиган шартномадир. Қурилиш пудрати шартномаси бир-бири билан мустаҳкам боғланган ёки уларни лойиҳалаш ва улардан фойдаланиш шартлари бўйича ўзаро боғлиқ бўлган битта объектни ёки объектлар гуруҳини қуриш мақсадида тузилиши мумкин. Бундан ташқари, қурилиш пудрати шартномаларига объектларни қуриш билан бевосита боғлиқ бўлган хизматларни кўрсатиш ишлари киритилиши мумкин (яъни қурилаётган объектлар раҳбариятининг ва меъморларнинг хизматлари ва ҳ.к.).
Белгиланган нархдаги қурилиш пудрати шартномаси — ушбу шартномага кўра тарафлар қурилиш ишларининг белгиланган нархига (қийматига) ёки ўзгарувчан нарх ҳақида қайд этган ҳолда бажарилган ишлар бирлигининг белгиланган ставкасига розилик билдирадиган шартномадир.
Келишилган нарх бўйича қурилиш пудрати шартномаси — ушбу шартномага кўра қурилиш ишларини бажариш билан бевосита боғлиқ бўлган буюртмачи йўл қўядиган миқдордаги ҳақиқий харажатлар, шу жумладан шартномада қайд этилган мукофот пули билан бирга пудратчига тўланади.
ОБЪЕКТЛАР БЎЙИЧА ШАРТНОМАЛАР ВА ҚУРИЛИШ ПУДРАТИ ШАРТНОМАЛАРИ ГУРУҲЛАРИ
5. Ушбу стандарт талаблари ҳар бир қурилиш пудрати шартномасига нисбатан алоҳида қўлланилади. Муайян вазиятларда стандартни пудрат шартномасининг ёки шартномалар гуруҳининг моҳиятини акс эттириш мақсадида битта пудрат шартномасининг айрим қисмларига нисбатан ёки пудрат шартномасининг бутун бир гуруҳига нисбатан қўлланиш зарур.
6. Агар бир неча объектга битта пудрат шартномаси тузилаётган бўлса, у ҳолда ҳар бир объектнинг қурилишини алоҳида қурилиш пудрат шартномаси деб ҳисоблаш керак, агар қуйидаги шартлар бажарилган бўлса:
— ҳар бир объект бўйича қурилиш ишларининг шартномавий қийматига доир алоҳида таклиф мавжуд бўлса;
— ҳар бир объект бўйича келишувга эришилган бўлса ва пудратчида ҳам, буюртмачида ҳам айрим объектларни қабул қилиш ёки қабул қилишдан бош тортиш имконияти бор бўлса;
— даромадлар ва харажатлар ҳар бир объект бўйича аниқлаш имконияти бўлса.
7. Қурилиш пудрат шартномаси буюртмачининг хоҳишига қараб қўшимча объект қурилишини кўзда тутиши ёки қўшимча объект қурилиши билан тўлдирилиши мумкин. Қўшимча объект қурилишини қуйидаги ҳолларда алоҳида шартнома деб ҳисоблаш керак:
— объект дастлабки шартномага киритилган объект ёки объектлар лойиҳасидан, технологияси ёки вазифалари билан тубдан фарқ қилса;
— қўшимча объект учун шартномавий қиймат дастлабки шартнома бўйича шартномавий қийматни ҳисобга олмаган ҳолда келишилса.
ҚУРИЛИШ ПУДРАТ ШАРТНОМАЛАРИ БЎЙИЧА ДАРОМАДЛАР
8. Пудратдан олинадиган даромад қуйидагиларни ўз ичига олади:
— қурилиш ишларининг дастлабки шартномавий қийматини;
— шартномани ўзгартиришдан олинадиган даромадлар, эътирозлар бўйича даромадлар ва рағбатлантириш тўловларини.
9. Қурилиш пудрат шартномасидан олинадиган даромад ҳисоблаб чиқариш пайтида жорий қиймат бўйича белгиланади. Келгусидаги ишларнинг натижаларига боғлиқ бўлган кўзда тутилмаган ҳар хил ишлар пудрат шартномасидан олинадиган даромаднинг ўзгаришига таъсир ўтказади.
10. Қурилиш пудрат шартномасининг ўзгариши амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлган ўзгаришдир.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
11. Ўзаро эътирозлар (даъволар) бўйича даромадлар пудратчи пудрат шартномасини бузган буюртмачидан олмоқчи бўлган маблағлардир.
12. Рағбатлантириш тўловлари пудрат шартномасида белгиланган ишларни бажарганда ёки ошириб бажарганда пудратчига тўланадиган қўшимча суммалардир. Рағбатлантириш тўловлари ҳисоблаш усули билан даромадга киритилади.
ҚУРИЛИШ ПУДРАТ ШАРТНОМАЛАРИ БЎЙИЧА ХАРАЖАТЛАР
13. Пудрат шартномаси бўйича харажатларга қуйидагилар киради:
— харажатлар таркиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ушбу пудрат шартномаси билан боғлиқ бўлган бевосита харажатлар;
— харажатлар таркиби тўғрисидаги низомга мувофиқ пудрат шартномаси бўйича умумий қурилиш ишларига тааллуқли бўлган ва пудрат шартномаси бўйича тақсимланиши ва шартнома қийматига киритилиши мумкин бўлган билвосита харажатлар (қўшимча сарфлар);
— шартнома шартларида харажатларини қоплаш қайд этилган тажриба-конструкторлик ишлари харажатлари сингари қурилиш пудрат шартномаси шартлари бўйича буюртмачи томонидан қопланадиган бошқа харажатлар.
14. Пудрат шартномаси бўйича фаолиятга киритилмайдиган ва тақсимланмайдиган харажатлар қурилиш пудрат шартномаси бўйича харажатлардан чиқариб юборилади (масалан, пудрат шартномаси шартларида қопланиши қайд этилмаган маъмурий харажатлар, тажриба-конструкторлик ишлари харажатлари, сотиш харажатлари ва ҳоказо).
ҚУРИЛИШ ПУДРАТИ ШАРТНОМАЛАРИ БЎЙИЧА ДАРОМАДЛАР ВА ХАРАЖАТЛАРНИНГ ЭЪТИРОФ ЭТИЛИШИ
15. Даромадлар ва харажатларни бухгалтерия балансини тузиш санасига пудрат бўйича қурилишни якунлаш даражасини ҳисобга олган ҳолда даромадлар ва харажатлар сифатида эътироф этиш керак (яъни пудрат бўйича ишларни якунлаш фоизига таянган ҳолда). Даромадлар ва харажатлар улар пайдо бўлган ҳисобот даврларида эътиборга олиниши керак.
16. Белгиланган нархдаги қурилиш пудрат шартномасининг натижаси қуйидаги барча шартларга риоя этилганда баҳоланади, агар:
— пудрат шартномаси бўйича умумий даромад аниқлаш мумкин бўлса;
— пудратчи иқтисодий фойда олса;
— қурилиш ишларини бажариш харажатларини ва фоизини аниқлаш ҳамда бухгалтерия балансига киритиш мумкин бўлса;
— пудрат шартномаси бўйича қилинган ҳақиқий харажатларни смета меъёрлари билан қиёслаш мумкин бўлса.
17. «Шартнома нархдаги» қурилиш пудрат шартномасининг натижаси қуйидаги барча шартларга риоя этилганда баҳоланиши мумкин, агар:
— пудратчи иқтисодий фойда олса;
— қурилиш ишларини бажариш харажатлари ва фоизини аниқлаш ва бухгалтерия балансига киритиш мумкин бўлса.
18. Агар қурилиш пудрат шартномаси бўйича даромадга киритиб бўлинган ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттириб бўлинган маблағни олиш пайтида ноаниқлик юзага келадиган бўлса, у ҳолда тўлиқ олинмаган маблағ ёки олиш эҳтимоли йўққа чиққан маблағ қурилиш пудрат шартномаси бўйича даромад миқдорини тузатиш сифатида эмас, балки харажат сифатида ҳисобга олинади.
19. Қурилиш пудрат шартномаси бўйича бажарилган ишлар фоизи шартнома турига қараб қуйидаги усулларда ўлчанади:
— муайян санага бажарилган қурилиш ишлари бўйича харажатлар миқдорини шартнома бўйича умумий смета харажатларига нисбатан;
— назорат ўлчовини ўтказиш;
— қурилиш пудрат шартномаси бўйича ишларнинг жисмоний (физик) қисмини якунлаш.
Буюртмачидан олинган оралиқ тўловлар ва бўнак тўловлари бажарилган ишлар даражасини акс эттирмайди.
20. Қурилиш пудрат шартномаси бўйича натижани ишончли тарзда аниқлаш мумкин бўлмаган ҳолларда:
— даромад пудрат шартномаси бўйича қилинган чиқимлар қопланиши эҳтимоли бўладиган даражадагина эътироф этилиши керак;
— қурилиш бўйича харажатлар улар ҳақиқий қилинган давр мобайнида бошланғич ҳисоб-китоб маълумотлари бўйича харажатлар сифатида эътироф этилиши керак.
МЎЛЖАЛДАГИ ЗАРАРЛАРНИНГ ЭЪТИРОФ ЭТИЛИШИ
21. Умумий харажатлар қурилиш пудрат шартномаси бўйича даромадлардан ошиб кетган ҳолларда мўлжалдаги зарарлар мазкур ҳисобот даври харажатлари деб эътироф этилиши керак.
Бундай зарарлар миқдори:
— пудрат шартномаси бўйича ишлар бошланганлигига;
— пудрат шартномаси бўйича ишларнинг бажарилиш фоизига;
— қурилиш пудратининг ягона даромади деб қабул қилинаётган бошқа пудрат шартномалари бўйича кутилаётган ялпи даромад суммасига боғлиқ бўлмаган ҳолда белгиланади.
ЁРИТИБ БЕРИШ
22. Пудратчи қуйидагиларни очиб ошкор қилиши шарт:
— ҳисобот даврида ҳар бир қурилиш пудрат шартномаси бўйича даромад миқдорини;
— ҳисобот даврида эътироф этиладиган қурилиш пудрат шартномаси бўйича даромадни аниқлашда фойдаланиладиган усулларни;
— қурилиш пудратининг тугалланмаган шартномаси бўйича ишларнинг бажарилиш босқичи фоизини аниқлашда фойдаланиладиган усулларни.
Қурилиш пудрат шартномалари бўйича даромадлар ва харажатларни баҳолаш усулларидаги ўзгаришлар ҳам ҳисобот давридаги ва кейинги даврлардаги молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (3-БҲМС) эътироф этиладиган ҳисоб-китоб баҳолашларидаги ўзгаришлар каби очиб берилиши керак.
23. Ҳисобот санасига тугалланмаган қурилиш пудрат шартномалари бўйича пудратчи қуйидаги ахборотларни ошкор қилиши керак:
— ҳақиқий қилинган чиқимларнинг ва эътироф этилган даромаднинг (эътироф этилган зарарларни чиқариб ташлаган ҳолда) жами миқдорини;
— олдиндан тўланган ва олинган маблағни;
— ушлаб қолинган суммаларни.
24. Пудратчи молиявий ҳисоботларда қуйидагиларни акс эттириши шарт:
— буюртмачиларнинг қурилиш ишлари бўйича дебиторлик қарзларини;
— буюртмачиларнинг қурилиш ишлари бўйича кредиторлик қарзларини.
АМАЛГА КИРИТИШ САНАСИ
25. Ушбу Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб амалга киритилади.